Меню

Қашқадарё

16.10.2020 1545

"РАҚАМЛИ ҚАШҚАДАРЁ" ГЕОПОРТАЛИ ҚАЧОН ЯРАТИЛАДИ?

Ривожланиш стратегияси

"Рақамли Ўзбекистон-2030" стратегияси доирасида 2020-2022 йилларда Қашқадарё вилоятини рақамли трансформация қилиш дастурининг амалга оширилиши натижасида воҳамизда юқори тезликдаги Интернет тармоғи билан қамров даражаси жорий йилда 60, келгуси йилда 90, 2022 йилда эса 96 фоизга етказилади.

Давлат раҳбарининг шу йил 5 октябрдаги фармони билан тасдиқланган мазкур стратегия ва дастурга кўра, вилоятимизда 2020 йилнинг охиригача аҳоли пунктларининг 70 фоизи кенг  полосали мобиль алоқа тармоғи билан қамраб олинади. Кейинги икки йилда эса ушбу кўрсаткич салмоғи 85 ва 100 фоизгача оширилади.

Шунингдек, 2020-2022 йилларда ҳудудда бозор хизматлари тузилмасида ахборот технологиялари билан боғлиқ IT-хизматлар улуши 3,5 фоиздан 6 фоизгача кўпайиши кўзда тутилган. Худди шу вақт ичида дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи IT-компаниялар сони 10 тадан 30 тага, электрон тижорат субъектлари (ташкилотлар) сони эса 12 тадан 50 тага етиши режалаштирилган. Айни пайтда рақамли технологиялар ўқув марказлари курсларини жорий йилда 500 киши тамомласа, 2021-2022 йилларда битирувчилар сони 3 минг 500 ва 5 минг 500 нафарни ташкил этади. "Бир миллион дастурчи" дастурида биринчи йили 3,2 минг нафар ўқувчи қатнашади, кейинги йилларда иштирокчилар сони 7,5 минг ва 10,2 минг нафаргача ошади.

Умуман олганда, вилоятимизда "Рақамли Ўзбекистон-2030" стратегиясини амалга оширишга маҳаллий бюджет ва маҳаллий давлат ҳокимият органи бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан уч йил давомида 25,2 миллиард сўм йўналтирилади. Шундан 2020 йилда 5,2 миллиард сўм, 2021 йилда 7,5 миллиард сўм, 2020 йилда эса 12,5 миллиард сўм сарфланади.

2020-2022 йилларда Қашқадарё вилоятини рақамли трансформация қилиш дастури доирасида, биринчи навбатда, рақамли инфратузилмани ривожлантириш бўйича кўплаб чора-тадбирларни рўёбга чиқариш белгиланган. Шунга кўра, воҳамизда 283 та соғлиқни сақлаш муассасаси, 350 та мактабгача таълим ташкилоти, 1 минг 9 та умумтаълим мактаби ва 768 та маҳалла фуқаролар йиғинини юқори тезликдаги маълумотларни узатиш тармоғига улаш ва интернетдан фойдаланишни ташкил этиш мўлжалланмоқда.

Юқоридаги кўрсаткичларга эришиш учун Қашқадарёда кейинги 2 йилу 3 ой мобайнида FTTx технологиясини қўллаган ҳолда 275,3 мингта кенг полосали кириш портларини ўрнатиш, умумий узунлиги 1 минг 504 километр бўлган оптик-толали алоқа линияларини қуриш, Wi-Fi технологияси ёрдамида жамоат жойларида симсиз кенг полосали тармоқларни кенгайтириш, мобиль алоқа тармоқларида 195 та база станциясини ишга тушириш мақсад қилинган.

Дастурнинг яна бир компоненти ахборот тизимлари ва дастурий маҳсулотларни жорий этишга қаратилган. Бу борада энг муҳим вазифалардан бири келгуси йилнинг сентябрь ойига қадар фазовий маълумотларни шакллантириш ва таҳлил қилишни таъминловчи "Рақамли Қашқадарё" географик ахборот-таҳлилий геопорталини яратишдир. Кейинчалик бу геоахборот тизимига вилоятдаги    бошқа тизимлар ҳам интеграция қилинади. Улардан бири мактабгача таълим ташкилотларида болаларнинг давомати ва саломатлигини онлайн мониторинг қилиш, шунингдек, онлайн тўлов ва тўлов ҳисоби учун биллинг тизимини жорий этиш бўйича "Болалар боғчаси" ахборот тизими бўлса, яна биттаси мактаб ўқувчиларининг ўзлаштиришини ҳисобга олиш, ўқитувчилар фаолиятига оид статистика ва ҳисоботларни шакллантиришни назарда тутувчи "Электрон кундалик"дир.

Худди шу тариқа "Рақамли Қашқадарё" географик ахборот-таҳлилий геопорталида "Ягона электрон тиббий карта", "Электрон поликлиника", "Электрон шифохона", "Электрон рецепт", "Шаффоф қурилиш", "Ижтимоий ҳимоя ягона реестри", "Транспорт хизматлари учун автоматлаштирилган тўлов тизими", "Автотураргоҳларнинг ягона реестри, "Бозор нархи", "Халқ назорати", "E-Mehmon" каби кўплаб ахборот тизимлари ҳам интеграция қилинади.

Вилоятни рақамли трансформация қилиш дастури доирасида Қашқадарё ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг деярли барча соҳаларига оид ахборот тизимлари жорий этилади. Масалан, инновацион технологияларни қўллаш орқали маданий ёдгорликларни асраш ва туризмни ривожлантириш бўйича   ахборот тизимини ишлаб чиқиш жараёнида дастлаб вилоятдаги маданий объектлар ҳақидаги маълумотлар умумлаштирилиб, таснифланади, кейин эса хорижий ва маҳаллий туристларга диққатга сазовор жойлар ва маданий мерос объектлари тўғрисида маълумотлар берувчи, ўз ичига виртуал саёҳат қилиш имкониятларини ҳам олган ахборот тизими яратилади. Айнан шундай механизм асосида Қашқадарёда ишлаб чиқарилган ҳунармандчилик ва тикувчилик маҳсулотларини маҳаллий ва чет эллик мижозларга сотиш, шунингдек, қишлоқ хўжалиги, транспорт, қурилиш, савдо ва бошқа соҳаларда кўрсатилаётган хизматлар ҳақида аҳолига маълумотлар тақдим этиш ва онлайн буюртма бериш учун имконият яратиш чоралари кўрилади. Шу билан бирга коммунал хўжалиги жабҳасида ресурслар истеъмолини ҳисобга олиш ва назорат қилиш бўйича автоматлаштирилган тизимлар жорий этилиб, сув омборлари, насос станциялари ва ирригация тизимларида сувдан фойдаланишни реал вақт режимида мониторинг қилиш ва ҳисобини юритиш бўйича "ақлли" технологиялар татбиқ қилинади.

Кенг қамровли дастурнинг яна бир муҳим таркибий қисми ҳудудларда рақамли технологиялар соҳасини ривожлантириш, ходимларни ўқитиш ва малакасини оширишдан иборат. Бу йўналиш бўйича Қашқадарёда дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик паркининг ҳудудий филиали ташкил этилади. Ҳар бир шаҳар ва туманда рақамли технологиялар ўқув маркази фаолияти йўлга қўйилади. Ҳудудда информатика ва ахборот технологияларини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаблар очилиб,  умумтаълим мактабларида "Бир миллион  дастурчи" лойиҳаси кенг жорий қилинади.

Президент фармонига мувофиқ юртимиздаги 29 та намунавий туман қаторида 2020 йилда Қарши туманини, 2021 йилнинг I чорагида эса Яккабоғ туманини рақамли трансформация қилиш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш "йўл хариталари" тасдиқланди. Уларда телекоммуникация инфратузилмаси ва мобиль алоқа тармоқларини ривожлантириш билан бир қаторда давлат бошқаруви, ижтимоий, коммунал ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида ахборот технологияларини жорий этиш ва ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида мутахассислар тайёрлаш бўйича ҳам кўплаб чора-тадбирлар белгиланган. Масалан, Қарши туманида марказий шифохонани 1 та сервер, 62 та компьютер ва 20 та бошқа ташкилий техника билан жиҳозлаб ҳамда ходимларни ўқитиб, ҳудудда синов тарзида "MedData Stastionar" автоматик бошқарув тизимини жорий этиш назарда тутилган. Яккабоғ туманида эса 60 та маҳалла фуқаролар йиғинида аҳоли томорқаси майдонини мониторинг қилиш ва мониторинг натижаларига кўра, аҳоли томорқасидан унумли фойдаланиш механизмини ишлаб чиқиб, томорқага экиладиган маҳсулотлар турлари бўйича тавсиянома бериш ва шу асосда    "Томорқа" ягона тизимини синов тариқасида ишга тушириш режалаштирилган.

Фармонга асосан 2020-2022 йилларда тармоқларни рақамли трансформация қилиш дастурлари ҳам тасдиқланиб, Ўзбекистон Республикасининг айрим хорижий мамлакатлардаги дипломатик ваколатхоналарига ахборот технологиялари соҳасида бир қатор тармоқлар ва ҳудудлар бириктирилган. Хусусан, вилоятимиз Адлия ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари, Давлат хизматлари агентлиги ва Давлат тест маркази билан биргаликда мамлакатимизнинг Эстониядаги дипломатларига бириктирилган бўлиб, ҳамкорлик йўналишлари сифатида "Ақлли адолат" ва "Ақлли университет" технологиялари, давлат хизматлари кўрсатиш тизими  ва таълимда имтиҳон тизимини ривожлантириш масалалари белгиланган. Фармонда қўйилган талабга кўра, дипломатик ваколатхоналар бириктирилган ҳудудлар ва тармоқларга илғор технологиялар ва IТ-ечимларни трансфер қилишда, рақамли иқтисодиёт соҳасидаги лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш учун етакчи компанияларни жалб қилишда ҳар томонлама амалий ёрдам кўрсатадилар.

Темур НИЗОМОВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!