Меню
Қашқадарё
Рўзи бобо СОАТОВ: Кўзёши аралаш қувонч куни
Матонат
Инсоният тарихидаги энг қонли ва қирғинбарот ҳарбий можаро - Иккинчи жаҳон уруши ўнлаб мамлакатлар аҳолиси миллионлаб кишиларнинг бошига солган адоқсиз кулфатлари ҳақида жуда кўп эшитганмиз. Ваҳоланки, буни уруш даҳшатини ўз кўзи билан кўрган, фронтнинг оловли нуқталарида жанг қилган орамиздаги кам сонли уруш фахрийларининг ўзларидан эшитиш эса янада таъсирлидир.
Нишон туманидаги Самарқанд маҳалласида умргузаронлик қилаётган Рўзи бобо Соатовнинг уруш ҳақидаги хотиралари ҳам инсон қалбини ларзага солади.
Рўзи Соатов урушнинг илк кунлариданоқ фронтга отланган экан. Дастлаб сафдошлари қаторида Россиянинг Кузнецк шаҳридаги тайёрлов лагерида ҳарбий машғулотларни ўтади. Сўнг Украина фронтида жангларга қўшилган. Кўплаб оғир жангларда иштирок этиб, бир неча маротаба жароҳат олган. Даволаниб, жароҳати бироз битиши билан яна жангга қайтаверган.
Айниқса, 1945 йилнинг бошида олган жароҳати жуда оғир эди. Оёғига ўқ тегиб, ҳушини йўқотган Рўзи Соатов бир қанча вақт мобайнида жанг майдонида, вафот этганлар орасида қолиб кетади. Тасодиф туфайлигина шу ердан ўтаётган бир аскар унинг тирик эканини пайқаб, ҳарбий шифохонага олиб боради.
Рўзи Соатов қайта ҳушига келганида, ҳарбий госпиталь шифокорларидан ўзини тезроқ тузатишини, жангнинг бошидан кирдими, охирига қадар бормоқчи эканлигини айтарди. Шифокорлар эса кулиб, "Албатта, тузатамиз. Ҳали фашистнинг додини беришга улгурасан" дея далда берарди. Бир куни эса энди-энди икки қўлтиқтаёқда юра бошлаган Рўзи Соатов ётган палатага ҳамшира қиз югуриб кириб, уруш тугагани, душман батамом яксон этилганини айтади. Атрофда ҳамма хурсанд, одамлар бир-бирини табриклашар эди.
- Машҳур қўшиқда айтилган-ку: "Ғалаба куни ўқдори ҳидига тўйинган, сочлар оқаргунча кутилган байрам. Кўзёши аралаш қувонч...", - дейди Рўзи бобо Соатов. - Мен ҳам 9 май - ғалаба қозонган кунимизни айнан шундай "кўзёши аралаш қувонч" кунидек эслаб қолганман.
Рўзи Соатов ғалабадан сўнг уйга қайтиши ҳам мумкин эди. Лекин у бунга шошилмади. Кўнгилли равишда яна ҳарбий хизматга ёзилиб, икки йил давомида йигитлик бурчини ўтади. Жангда талафот кўрган ҳудудларни қайта тиклаш ишида фаол қатнашиб, шундан сўнгина ўз она қишлоғига қайтди. Ўзи ва яқинлари, қолаверса, кейинги авлодлар вакиллари учун тинч ҳаётни барпо этиш учун...
Б.ШОВҚИЛОВ
Собир НАРЗИЕВ олган сурат.