Меню
Қашқадарё
РЎЗАДОР ДАСТУРХОНИ
САҲАРЛИКДА ЭНГ ЯХШИ ТАОМ
Ҳали-ҳамон эсимда. Ёшлигимда момом билан бирга яшаган кезларим мен ҳам уларга қўшилиб рўза тутардим, ифтор ва саҳарликда бирга овқатланардик. Дастурхондан майиз, ёнғоқ мағзи, талқон, туршак, асал, сариёғ, қуртова, атала, лочира нон, қатиқли ва сутли овқатлар, буғда пиширилган таомлар, сабзавотли, гўштли шўрва аримасди.
Бу маҳсулотлар ҳар бир уйда бўлар, уларни сақлаш ҳам унчалик қийин эмасди. Муҳими, бу егуликлар кун бўйи кишини тўқ тутиб, очликни сездирмасди.
- Рўзадорнинг саҳарлик дастурхонида мураккаб углеводли маҳсулотлар – дағал ундан тайёрланган нон, ёрмали ва гўштли шўрвалар, балиқ, тухум ва сут маҳсулотларидан тайёрланган таомлар, барра сабзавотли салатлар ва қуритилган мевалар бўлиши лозим, - дейди биолог Зиёдулла Мустафаев. - Чунки мураккаб углеводлар организмда узоқ вақт ҳазм бўлади, шу сабабли 8-12 соат давомида организмни қувват билан таъминлай олади. Бу маҳсулотлар аввало инсонни чанқашдан асрайди, кун давомида тўқ тутади.
Қотган нон, шакар, таъбга кўра ёнғоқ, бодом каби мевалар мағизларидан қўшиб тайёрланган талқон – ота-боболаримизни очликдан сақлаган экологик тоза озуқа. Унинг фойдали томони ҳақида кўп гапириш мумкин. Айниқса, келида майдаланган талқон саҳарликда истеъмол қилинса, кишини тўқ тутади. Баъзилар талқонни сариёғ билан аралаштириб истеъмол қилишни хуш кўради.
Шунингдек, саҳарликда овқатланишдан 20 дақиқа олдин бир пиёла сув ичиш, турли хил ҳўл мева ва сабзавотлардан оз-оздан еб олиш лозим. Бирдан юқори калорияли овқат ейиш одамни ланж қилиб, иштаҳани сусайтиради. Баъзилар саҳарликда кўп овқат ейиш ва сув ичиш керак дейишади. Бу нотўғри. Чунки кўп сув ичилганда организмга кун давомида керак бўладиган минерал тузлар ювилиб кетиши мумкин ва тезда очлик ҳисси қийнай бошлайди. Саҳарликда қаҳвадан бутунлай воз кечган маъқул. Унинг ўрнига кўк чой ёки шарбат ичиш фойдали. Кефир ва қатиқдан тайёрланган чалоп симириш ҳам иссиқ ҳавода айни муддао бўлади.
Шифокорлар саҳарликдан сўнг ётиб ухлашни тавсия этишмайди. Чунки ейилган овқат ошқозонга тиқилади ва ҳазм бўлиш жараёни бузилади. Натижада ошқозон-ичак фаолиятида муаммолар пайдо бўлиши мумкин. Шунинг учун саҳарда овқатлангандан сўнг имкон қадар ухламаслик, ҳаракатда бўлиш лозим. Шундагина кун бўйи ланжликдан халос бўлиб, тетик юрасиз.
ИФТОРЛИКДА ТАОМЛАНИШ КЕРАК...
Кун иссиғини инобатга олиб, ифторлик дастурхонида кўпроқ барра мевалар, сабзавотлар, табиий шарбатларнинг бўлиши мақсадга мувофиқ. Кун бўйи толиққан, сувсаган организмни бирдан овқат еб чарчатиб қўймаслик керак. Акс ҳолда ошқозон-ичак фаолиятига зарар етади. Бунинг учун ифторликда овқатланиш тартибига амал қилиш жуда муҳим. Мутахассислар аввал сув ёки шарбат ичишни тавсия этишади. Чунки кун бўйи таом истеъмол қилинмагандан сўнг ичакларда ҳаракат сусаяди. Сув эса бу жараённи тиклашга ёрдам беради.
Соҳа мутахассислари хуфтон намозигача камроқ, намоздан сўнг эса бафуржа овқатланишни маслаҳат берадилар.
Ифторликда ошқозонга оғир ботмайдиган таомлар тайёрланади. Бунинг учун унчалик ёғли бўлмаган суюқ ҳамда сутли, қатиқли овқатлар, жумладан, ширгуруч, қайла ош, ширхўрда, кўп жойларда гўжа ош пиширилади. Шунингдек, ҳўл ва қуритилган мевалар, сабзавот ва кўкатлар кўпроқ тановул қилинса, ейилган овқатлар ошқозонга оғир ботмайди ва тез ҳазм бўлади. Баъзилар ифторлик пайтида иштаҳасизликдан қийналишини айтишади. Шунинг учун кўпчилик хонадонларда ифторликда аввало гўжа, айрон, сузмали угра тайёрланади. Чунки бу таомлар иштаҳани очади ва кейин бошқа овқатларни бемалол тановул қилиш имконини беради. Аксарият оилаларда гўштли шўрвани милдиратиб қайнатишади. Ичига турли сабзавотлар солинган шўрва организмни қувватлантиради. Ширинлик ва меваларни овқатлангандан сўнг ейиш лозим. Агар овқатдан олдин ейилса, иштаҳани бўғиб, асосий овқатдан тийиб қўяди.
Рўзадорлар жуда ҳам ёғли, аччиқ, қовурилган, хамирли таомларни истеъмол қилишдан чекланиши лозим. Бундай таомлар ошқозонга оғирлик қилиб, вазннинг ортишига, жиғилдон қайнашига сабаб бўлади.
Маълумки, рўза тутиш асосида организмнинг кераксиз моддалардан тозаланиши ва унинг тикланиши, соғломлашишига эришиш мумкин. Рўзадорнинг таомномасида сабзавотли, гўшт-сабзавотли, гуручли таомлар, салатларнинг доимий бўлиши худди шу мақсадга хизмат қилади.
Шунингдек, рўзадорлари бор хонадон бекалари тез тайёрланадиган турли таомлар: зираворли угралар, бўтқаларни дастурхонга тортишдан воз кечишлари керак. Бу хил маҳсулотлар қаторига колбаса маҳсулотларини ҳам қўшиш мумкин. Чунки бу таомларда углеводлар кам бўлиб, улардаги мавжуд оқсиллар тез ҳазм бўлади ва 1-2 соатдан кейин рўзадорни очлик безовта қила бошлайди. Таркибидаги турли зираворлар ва туз миқдорининг кўплиги иштаҳани очиб, кишини чанқатиши мумкин. Шунингдек, бу пайтда иммунитетни кўтарувчи, қувватлантирувчи маҳсулотлардан кўпроқ истеъмол қилиш лозим.
Рамазон ойида инсонлар нафақат қалбларини, руҳини поклайди, балки рўза тутиш орқали соғлиқларини ҳам тиклайди. Чунки йил давомида мунтазам овқат қабул қилишдан чарчаган организм бу ойда бир оз дам олади ва шу тариқа жисмда янгиланиш жараёни кечади. Маълум вақт оч юришнинг саломатликка фойдаси катталиги ҳақида Ибн Сино ҳам ўзининг “Тиб қонунлари”да таъкидлаб ўтган. У кишиларни очлик йўли билан даволаш орқали турли касалликлардан фориғ этган.
Саҳар ва ифтор дастурхонини турли хил таомлар билан тўлдиришингиз мумкин, аммо унда нафақат мазали, балки организм учун фойдали таомлар бўлишига эътибор қаратишни унутманг!
С. АЛЛАЁРОВА тайёрлади.