Меню
Қашқадарё
ҚЎРҚУВ ҚАЕРДАН ПАЙДО БЎЛАДИ?
ҚЎРҚОҚ МАШҲУРЛАР
Таниқли француз постимпрессионист рассоми Поль Сезанн гаптофобия – кимдир тўсатдан тегиб кетишидан ўлгудай қўрққан. Бу хасталикнинг юзага келишига уни зина тутқичидан сирғалиб тушаётган бола ногаҳон туртиб юборгани сабаб бўлган. Ушбу “хусусият”и туфайли рассом кўпинча кўнгилсизликларга дучор бўларди. Янги танишлари мусаввирдаги бу қадар ғазаб ва безовталик нима сабабдан туғилишини тушуна олишмас ва уни телбаликда айблашарди. Масалан, бир гал Сезаннинг фобиясидан мутлақо бехабар бўлган мусаввир ҳамкасби Эмиль Бернар қоқилиб йиқилаёзган рассомни ушлаб қолади ва миннатдорлик ўрнига ҳақорат эшитиб, танг ҳайратда қолади... Бироқ эртасига унга гап нимада эканини тушунтириб беришади.
Буюк рус шоири Сергей Есенин милиционердан қўрққан! Шоир Вольф Эрлихнинг ҳикоя қилишича, бир куни улар бирга дарвозасининг олдида тартиб посбони турган Ёзги сарой олдидан ўтишади. “У бирдан елкамдан маҳкам чангаллади-да, юзини ботаётган қуёшга ўгирди ва мен унинг қандайдир қўрқувдан рангсизланган кўзларини кўрдим, - деб тасвирлайди бу манзарани Эрлих. – У аранг нафас оларкан, хириллаб деди: “Эшитгин-а! Фақат ҳеч кимга айтма. Сенга бир сирни айтаман. Мен милициядан қўрқаман. Тушунаяпсанми? Қўрқаман!..”
Психоанализ асосчиси Зигмунд Фрейд қирққулоқлар (папоротник)дан чўчиган! Бу хасталик “птеридофобия” деб аталади, Фрейднинг ушбу дарди боиси номаълумлигича қолган. Эҳтимол, бу болаликда рўй берган қандайдир стресс билан боғлиқ бўлса керак.
Машҳур ёзувчи ва режиссёр Альфред Хичкок овофобиядан азоб чеккан – у овалсимон шаклга эга ҳар қандай буюмдан жуда-жуда қўрққан. Бу ҳиссиёт шу даражада кучли бўлганки, у тухумни фақат бўлакланган ёки қуймоқ ҳолида тановул қилган, чунки унинг табиий шакли, ҳатто сариғи ҳам овални эслатган.
РУҲИЯТШУНОСЛАРНИНГ ТАЪКИДЛАШИЧА, ФОБИЯГА ҚИШЛОҚДА ЯШОВЧИЛАРДАН КЎРА ШАҲАРЛИКЛАР КЎПРОҚ ЧАЛИНАР ЭКАН. ШАҲАРДА ЯШОВЧИ КИШИЛАР КЎПИНЧА МЕТРОДАН, ЭЛЕКТР АСБОБЛАРИ ВА БАЛАНДЛИКДАН ҚЎРҚИШАДИ.
ОДДИЙ ОДАМЛАР ҲАМ ҚЎРҚАДИ
Фобия оддий одамларга ҳам азоб беради. 1985 йилда 27 ёшли Мария Консуэлла Даблос Нью-Йоркдаги ўз уйида ўлган ҳолда топилди. Аёл ниҳоятда озиб-тўзиб кетган эди. Унинг маконидан 600 долларга яқин пул ҳам чиқди. Нега у кўчага чиқиб, егулик сотиб олмаган? Ҳолбуки, дўкон Мариянинг уйи жойлашган бинода ҳам бор эди. Орадан олти йил ўтгачгина психолог Марсия Блейк шундай тахминни айтди: аёл агорафобияга чалинган бўлиши эҳтимол, бундан чиқди, Мария Консуэлла уйидан ташқарига чиқишдан кўра очликдан ўлишни афзал билган, чоғи.
Мутахассисларнинг фикрига кўра, ҳар қандай фобиянинг келиб чиқиш сабаби бўлади. Чарльз Варес гўдаклигидаёқ ўргимчаклардан жуда қўрқарди. 16 ёшдалигида футбол жамоасидаги ўртоқлари ҳазиллашиб, унинг устига бир ҳовуч ўргимчак улоқтиришади. Чарлининг юрак хуружи тутиб қолади ва шундан сўнг у на футбол ўйнай олади, на мактабга бора олади.
Клэр Болт болалигида қайноқ сувдан куйиб қолган. Шуниси ғалатики, бу аёлни иссиқ ё қизиган буюмлар сира ташвишга солмаган, бироқ душдан ёки жўмракдан оқиб тушаётган сувни кўрганида талвасага тушиш даражасида қўрққан. Дарё устидаги кўприкдан, ё бўлмаса пляж яқинидан ўтаётганида ҳам уни қалтироқ босган. Йиллар ўтиши билан аёлнинг бу ҳолати ёмонлашиб бораверган, у ҳатто чаноқда идиш-товоқ ҳам юва олмай қолади. Бундай оғир симптом туфайли у охир-оқибат шифокорга мурожаат этишга мажбур бўлган.
ДЎЗАХ ЕМИШИ
Баъзан одамлар энг оддий нарсалардан ўлгудай чўчишади, масалан, егуликлардан. Ньюкасл (Буюк Британия) университети журналистика факультетининг талабаси, 22 ёшли Лорен Додд кетчупни кўрса, даҳшатга тушади. Қизнинг айтишича, томат қайласи ёки пастасига ҳам тоқат қила олмайди, помидорнинг ўзи эса унда ҳеч қандай ёқимсиз таъсир уйғотмайди. Овқатга қўшиладиган хантал ёки майонез каби бошқа маҳсулотлар ҳам шундай.
Ўзидаги бу қўрқув қандай пайдо бўлганини Лорен сира тушунолмайди. Айтишича, томатли шўрва сузилган косага қараш унинг учун дўзахга мўралаш билан тенг. Бир куни Лореннинг дугонаси тасодифан унинг кийимига кетчуп тўкиб юборади. Шу заҳоти қиз жазавага тушиб қолади. У ифлос бўлган кўйлагини чиқинди қутисига ташлаб юборади, ўзи эса душга қамалиб олиб, роса йиғлайди.
34 ёшли Анна Бондессон итальян шаҳри Барида яшайди. У ўз навбатида пишлоқдан қўрқади. Яна денг, бу маҳсулотнинг ҳар қандай тури унда ваҳима уйғотади. Бу “машъум” маҳсулотни бир марта кўрса ҳам у йиғлашга тушади. Аёлнинг касби бизнес-таҳлилчи. Аннанинг тан олишича, супермаркетларда пишлоқ сотиладиган бўлимнинг яқинига ҳам йўламайди, чунки “дўзах иси келадиган бу сариқ маҳсулот”га кўзи тушишини асло истамайди. Пишлоқнинг ҳатто ҳидига ҳам аёлнинг тоқати йўқ.
- Бир куни ҳамкасбим пишлоқли пирогни иситиш учун микротўлқинли печга қўйди. Бир неча лаҳзадан сўнг, пишлоқнинг исини сезибоқ, мен адойи тамом бўлдим, - деб эслайди Бондессон.
Яна бир гал Анна унинг фобиясидан мутлақо бехабар бўлган танишиникида меҳмон бўлади.
- Мезбон меҳмонхонага бир ликопча пишлоқ кўтариб кирди ва менга манзират қилди, - деб ҳикоя қилади у. – Мен кўзимда ёш билан хонадан югурганимча чиқиб кетдим ва қайтиб у билан кўришмадим.
ЖАРРОҲЛИК АМАЛИЁТИ ЁРДАМ БЕРАДИМИ?
Яқинда Британия тиббиётчилари қўрқувдан қутулишнинг янги таъсирчан усулини ўйлаб топишди. Бу – миянинг қисмларидан бирида “тозалаш” ўтказиш. Мазкур кашфиёт мутлақо тасодифан юзага чиқди. 44 ёшлардаги бир кишини кучли талваса билан шифохонага келтиришди. Тутқаноқнинг сабаби миянинг чап томонидаги бодомсимон без – ҳиссий таъсирларга жавобгар бўлган аъзода рўй берган нонормал ҳолат, яъни “саркодиоз” деб аталувчи кам учрайдиган хасталик эди. Зарарланган қисмни олиб ташлашга қарор қилинди. Жарроҳлик амалиёти муваффақиятли ўтди, бироқ бемор операциядан сўнг ўзида ғалати ўзгаришлар рўй бераётганини сезди. Яъни у мусиқадан нафратлана бошлади. Бундан ташқари, болалигидан ўзи қийналиб келган дард – ўргимчаклардан қўрқишни бас қилди.
Мусиқадан нафратланиш ҳисси вақт ўтиши билан чекинди, лекин арахнофобия (ўргимчакдан қўрқишнинг илмий номи) бутунлай йўқолди! Илгари бу одам бўғимоёқлиларга ҳатто яқинлаша олмаган бўлса, эндиликда бемалол ўргимчакни ушлай олади, бугина эмас, юрагида бу жониворга нисбатан меҳр уйғона бошлаганини ҳам тан олган. Рост, қолган қўрқувлар йўқолмади, шу боис, у омма олдида чиқиш қилишига тўғри келса, дарров титрай бошлайди.
Бу ҳодисага профессор Ник Медфорд бошчилигидаги тадқиқотчилар гуруҳи қизиқиб қолди. Медфорднинг сўзларига кўра, ҳозирча нима учун миядаги операция маълум бир фобиянинг чекинишига олиб келгани, аммо бошқа фобия сира йўқолмаганини изоҳлаб бериш мушкул. Олимнинг ўйлашича, бу ҳолат қўрқувларнинг турличалиги билан боғлиқ бўлса, эҳтимол. Медфорд операция жараёнида чап бодомча безининг олиб ташланиши ваҳима уйғотувчи таъсирларга жавобгар бўлган айрим асаб ҳужайраларини зарарлайди, қўрқув уйғотадиган бошқа ҳужайралар эса бутунлигича тураверган, деб тахмин қилади. Афсуски, беморда бошқа яққол фобия йўқ, агар шундай бўлганида, миянинг бу соҳасида яна бирор бир ўзгариш рўй берадими ё йўқми, олимлар буни аниқлаш имконига эга бўлишолмади.
Тадқиқот шуни кўрсатадики, миянинг айрим қисмларига таъсир қилиб, фобияни бутунлай даволаш мумкин. Шу билан бирга, бодомча безини олиб ташлаш фобиядан халос бўлишда ёрдам беради, деган хулосага келиш ҳам нотўғри. Гап шундаки, мазкур без мия қобиғи остида анча чуқур жойлашган ва унга жарроҳлик орқали таъсир қилиш осон иш эмас. Артериал босимга таъсир ўтказиш, миянинг айрим қисмларида сақланган ёқимсиз хотираларни ўчириш каби усуллар ҳам мавжуд. Уларнинг бари кутилган натижани бера олади...
Муаллиф: Ида ШАХОВСКАЯ.
Рус тилидан Хуршида АБДУЛЛАЕВА таржимаси.