Меню

Қашқадарё

16.01.2018 1647

QR-КОД САЙЁҲГА ТАРИХИЙ ОБЪЕКТ ҲАҚИДА МАЪЛУМОТ БЕРАДИ

Сўнгги вақтда мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланиш мақсадида аниқ амалий чоралар кўрилаётгани аҳамиятга молик. Вилоятимизнинг Шаҳрисабз шаҳридаги тарихий ёдгорликлар, меҳмонхоналар, ресторанлар ва туризм индустриясининг бошқа объектлари QR-кодлар билан жиҳозлангани бунга мисол бўла олади. Ушбу ишлар VERUM QR лойиҳаси доирасида қилинганини айтиб ўтиш лозим. Мазкур қўшма лойиҳа Туризмни ривожлантириш Давлат қўмитаси, Маданият вазирлиги ва “Texno Dargoh” компанияси ҳамкорлигида амалга оширилмоқда. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати хабар берган.

Хабарда келтирилишича, синов тариқасида рўёбга чиқарилаётган бу лойиҳанинг илк босқичида QR-кодлар фақат Шаҳрисабз шаҳрида ўрнатилган. Жорий йилнинг 1 апрелига қадар вилоятимиздаги барча туристик объектларни шундай кодлар билан таъминлаш режалаштирилмоқда. Тегишли объект ҳақидаги ахборотни 12 тилда тақдим этиш кўзда тутилган.

Мутахассисларнинг билдиришича, QR-код ёрдамида туристлар шундай код жойлаштирилган объект ҳақида ўз смартфони ёрдамида зарур ахборотни олиш имконига эга бўлади. Янги технология сайёҳлар кўп ташриф буюрадиган маданий-тарихий объектлар, меҳмонхоналар ва бошқа диққатга сазовор жойларда қўлланилган.

Таъкидланишича, VERUM QR лойиҳаси Ўзбекистон имижини халқаро туризм бозорида кўтариш, мамлакатимизнинг мазкур секторида SMART-туризм ва IT-технологиялардан фаол фойдаланишни рағбатлантиришга қаратилган.

Қайд этиш жоизки, айни вақтга қадар Хива шаҳридаги кўплаб тарихий ёдгорликлар, Бухоронинг 50 га яқин туристик объекти QR-кодлар билан жиҳозланган.

 

М.ШУҲРАТОВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!