Меню

Қашқадарё

05.05.2020 2829

"QARSHI CITY"ДА 16 ҚАВАТЛИ УЙЛАР ҚУРИЛАЯПТИ

Бунёдкорлик

Қарши шаҳри Наво маҳалласи ҳудудида ҳар бири 80 та хонадондан иборат 16 қаватли турар жойлар қурилиши бошланди. "Qarshi City" деб ном олган мавзеда бунёд этилаётган бу уйлар барпо этилгач, вилоятимиздаги энг баланд бинолар ҳисобланади. Зеро ҳозир мавжудлари кўпи билан 6-7 қаватдан иборат.

Маълумотларга кўра, "Qarshi City" ҳудудида 7 та 16 қаватли турар жой қурилиши режалаштирилган. Улардан 3 таси "Ўзшаҳар қурилиш инвест" ИК" масъулияти чекланган жамияти, қолган 4 таси "Agromir buildings" компанияси буюртмачилигида бунёд этилмоқда. Шунингдек, мазкур компания бу объектлар қурилиши бош пудратчиси ҳамдир.

-16 қаватли уйларнинг ҳар бир қаватида биттадан 2 хонали (майдони 44 квадрат метр) ва тўрттадан 3 хонали (майдони 66 квадрат метр) квартиралар бўлади, - дейди "Ипотекабанк" вилоят филиали турар жой бинолари қурилишини молиялаштириш бўлими бошлиғи Зокир Бобоқулов. - Уларни ипотека кредити асосида харид қилмоқчи бўлган шахслар квартира баҳосининг 20 фоизи миқдорида бошланғич бадални тўлайди. Қолган маблағ уларга 20 йилга кредитга берилади.

Қарши шаҳар ҳокимлиги ахборот хизматининг хабар беришича, 16 қаватли уй-жойлар қурилиши бошланган мавзенинг умумий майдони 22 гектарни ташкил қилади. Бундан ташқари, "Qarshi City" ҳудудида мактаб, мактабгача таълим муассасалари, театр, савдо мажмуалари ва бошқа объектлар барпо этилиши режалаштирилган.

Ўз мухбиримиз

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!