Меню
Қашқадарё
"QARSHI CITY" БЎЙ КЎРСАТА БОШЛАДИ
Бунёдкорлик
Қарши шаҳри Наво маҳалласи ҳудудида ҳар бири 80 хонадондан иборат 16 қаватли турар жойлар қурилиши бошлангани ҳақида аввал хабар бергандик. Айни вақтга келиб уларнинг дастлабкилари деярли кўтариб бўлинди.
- Қурилиш ишларига 400 дан зиёд қурувчи, 2 та юк кўтариш крани ҳамда юзлаб бошқа махсус техникалар жалб этилган, - дейди уйлар қурилишини амалга ошираётган "Агромир бюлдинг" масъулияти чекланган жамияти мутахассиси Исроил Исомов. - Айни вақтда учта уй қураяпмиз. Яқин кунлар ичида улар тўлиқ битказилиб, пардозлаш ҳамда электр, сув, газ, канализация тармоқларини монтаж қилиш ишлари бошланади. Шунингдек, яна 4 та 16 қаватли уйнинг асосини ўрнатдик, энди деворини кўтаришни бошлаймиз.
"Qarshi City"да қурилаётган уйларнинг яна бир ўзига хос томони шундаки, бу ерда асосий қурилиш маҳсулоти сифатида пишиқ ғишт ўрнига газоблокдан фойдаланилмоқда.
- Ҳозирги кунда кўплаб давлатларда қурилишда оддий ғиштлар ўрнига газоблок ишлатилади, - дейди қурувчи-уста Руҳиддин Бердиев. - Унинг ҳар бири 14-16 дона пишиқ ғишт катталигига тенг келади. Аммо у ғиштдан икки баробар енгил, пишиқлиги жиҳатидан ҳам ундан анча устун. Бунда бино пойдеворига тушадиган оғирлик камаяди. Қолаверса, газоблок овоз, иссиқ ва совуқни ўтказмайди.
"Qarshi City"да қурилаётган дастлабки учта уй "Ўзшаҳарқурилиш инвест" ИК масъулияти чекланган жамияти томонидан буюртма қилинган бўлиб, турар жойлар ёш оилаларга имтиёзли кредитлар асосида ҳамда эҳтиёжманд оилаларга арзонлаштирилган нархларда берилади. Шунингдек, яна 4 та уйдан эса белгиланган тартибда ипотека кредитлари эвазига квартиралар харид қилиш мумкин бўлади.
"Qarshi City" ҳудудида мактаб, мактабгача таълим муассасалари, болалар майдончалари, гипермаркет ҳамда кичик савдо шохобчалари барпо этилиши ҳам режалаштирилган.
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.