Меню
Қашқадарё
ПУШАЙМОН
Йиллар ўтган сайин ҳусни ва кўрки сўлиб бораётганга ўхшар, атрофга бефарқ бўлиб борарди.
Ўзи каттагина идорада ҳисобчи, топиш-тутиши жойида. Фақат оила борасида омади чопмади. Нима қилиш керак? Шундай ўтиб кетаверсинми? Сандиқ-сандиқ сеплар, асл матолардан тикилган кўрпа-ёстиқлар, чинни идишларни нега йиғиб юрибди, турмуш қурмаса? Бу нарсаларнинг ҳар бири не-не орзулар билан олинмаганми? Мана бу оқ туфли, ёқаларига оқ тошчалардан безак берилган костюмни тўйдан кейин, бўйи баробар қилиб тикилган пушти ранг халатни эса эрталаб нонушта пайтида кийишни орзу қилмасмиди.
Ахир у болаларни қанчалик яхши кўради-я, байрам арафасида совға-салом тайёрлаб, боғча ва мактабларга юборади, озгина бўлса ҳам улар хурсанд бўлишади, деб. Баъзи тунлари уйқуси қочиб, очиқ айвонга чиқиб, хаёлга толади: қаерда хато қилди, нега унга ҳеч ким совчи қўймади, номини пок сақлаган, ҳеч ким билан гап-сўз бўлмаган бўлса, баъзи қизларга ўхшаб енгилтаклик қилмаса, нега, нега бахт ундан юз ўгирди?
Зумрад ёшлигини эсларкан, хаёли доим бир кишининг номига бориб тўхтаб қолади. Озғин, узун бўйли, мулойимгина эди у йигит. Бир куни пахта даласида қизариб-бўзариб дилини очганди. Қиз эса уни мазах қилгандек кулиб, сўзларини эътиборсиз эшитган, тўғрироғи йигитни писанд қилмаган ва ўша заҳоти рад қилган эди. Ўша йигитни эсларкан, ҳар гал қаттиқ изтироб чекади: “Нима, сен оймидинг, кунмидинг?! Бир бева аёлнинг ўрта маълумотли ҳисобчи қизи бўлсанг, нега бунча кеккайдинг? Мана энди умрбод кеккайиб юравер, ҳеч ким сени безовта қилмайди. Бор-йўғинг билан ҳеч кимнинг иши йўқ. Наҳотки дунёдан тоқ ўтса? Йўқ, йўқ, оиласи, бир этак боласи, суянч бўладиган ҳамроҳи бўлишини жуда истайди. Аммо, қани ўша ҳамроҳ? Тенгдошлари оилали бўлиб кетишган. Аввал ўзларининг тўйларига таклиф қилишди. Кейин фарзандларининг, ким билади ҳадемай набираларини тўй қилишадими?”
Ўттиз беш ёшга тўлган куни беш-олти дугонаси келди. Бири ўғлини, бири қизини, яна бири турмуш ўртоғини гапириб, кулишиб ўтиришди, фақат у нимани гапиришни билмасди. Қақажон бир дугонаси ўша курсдошини эслаб қолди:
- Ўшани рад қилган эдинг-а, биласанми, у жуда катта одам бўлиб кетибди. Қайси куни бизнинг ишхонага келган экан, танимабман. Ўзи келиб саломлашди. Биласанми, у сени сўради.
Қақажоннинг гапи оғзида қолди.
- Наҳотки - деди у энтикиб.
- Рост, “Чиройли дугонангиз яхши юрибдими?”, - деди.
“Чиройни нима қиламан”, деди ичида бахтсиз бўлишига шу чиройи сабаб эканлигини тушунгандек. “Ҳа, мен ҳуснимга ишонардим. Ҳаммани мафтун қиламан, деб ўйлардим, афсус янглишган эканман. Ҳусн бахт бўлолмаскан. Ўзимдан бошқа ҳеч ким менга мафтун бўлмади”.
У ич-этини ер, агар имкон туғилиб қолса, кимга бўлса ҳам турмушга чиқишга рози эди. Унинг қалбини ёлғизлик ўртар, фарзанд кўриб, бағрига босиш армони тинчлик бермасди. Боласини бағрига босиб кетаётган аёлларни кўрса, “Қанчалик бахтли-я” деб ҳавас билан ортидан қараб қолар, ўзининг замонавий, башанг кийимлари, ҳатто ўзи ҳам кўзига совуқ кўриниб кетарди. “Бу тарзда яшаб бўлмайди”, деди бир кун онасига. - “Турмушимни ўзгартираман”.
Онаси оғир бетоб бўлгани учун унга жўяли маслаҳат беролмади. “Ўзинг биласан, бир пайтлар айтганимни қилмаган эдинг. Энди эса оила кўрган, ёши ҳам бир жойга бориб қолган одамгагина турмушга чиқишинг мумкин. Сен тенги йигитлар қолмади. Ҳаммасига ўзинг сабабчисан”, деди у қизининг кўнглини оғритаётганини билиб турса ҳам.
У узоқ ўйлади. Машина кира қилиб, бозорга борди. Кичкина болаларга керакли ҳамма нарсани сотиб олди.
- Нима қилаяпсан болам? –деди ажабланган она уй ичини тўлдирган ўйинчоғу араваларга қараб.
... Шаҳар чеккасидаги Меҳрибонлик уйини қийналмай топди. Директори яхши аёл экан, у билан узоқ суҳбатлашиб, бола асраб олиш учун нима қилиш кераклиги ҳақида гаплашди.
У ўзини қушдек енгил ҳис қилиб кўчага чиқди, шу топда эски пушаймони уни умрбод тарк этмаслигини ҳам англаб турарди.
Бўстон РАҲМОНОВА