Меню

Қашқадарё

12.03.2021 1596

ПУЛНИНГ ЧИНАКАМ АҲАМИЯТИНИ ШУ ЧОҚҚАЧА ҲЕЧ КИМ ТУШУНТИРИБ БЕРОЛМАГАН

 Сараланган сатрлар

Америка ёзувчиси Теодор Драйзернинг "Америка фожиаси" романи ҳақида дастлаб эшитарканман, ушбу асарда ўта глобал масалалар ёритилган бўлса керак, ҳойнаҳой ядро урушлари, космик талашувлар, ё бўлмаса, дунёнинг турли давлатларида изғиб юрувчи жосуслар, бирор давлат билан урушдаги фожиа баён этилгандир, деган хаёлга борганим рост. Ҳар ҳолда гап дунёнинг энг қудратли давлати фожиаси нима экани хусусида бораётганди-да.

Китобни ўқиб кўрсам, унда енгилтак бир йигитнинг покдомон қизни алдаб, янги маъшуқа топгач, уни ўлдириб юбориши тафсилотларидан иборат экан. Қолаверса Драйзернинг "Бахтиқаро Керри", "Женни Герхарт" каби асарларида ҳам қийналган, алданган қизлар мавзуси қаламга олинади.

Бугунги воқелик шуни кўрсатаяптики, аслида жосуслар ҳаракатлари, дунё узра ҳукмронликка интилиш ғоясидан кўра жаҳоннинг манаман деган давлатини ҳам ахлоқсизлик, оила аталмиш муқаддас қўрғонга путур етиши алғов-далғов қилиб юбориши мумкин экан.

Қуйида Драйзернинг "Бахтиқаро Керри" асаридан сараланган парчаларни ҳукмингизга ҳавола этаяпмиз. Ўйлаймизки, инсон, унинг қалби, ахлоқи, яхшилик ва ёмонлик, ҳаётдаги мақсад ҳақидаги қарашлар сизни бефарқ қолдирмайди.

* * *

Улкан шаҳар - макрнинг кони. Ундаги қудратли кучлар зўр одоб соҳибаларини ҳам ҳийлалар ила ўзига тортади, чорлайди. Мингларча чироқларнинг порлаб туриши севилган кўзларнинг гўзал боқишидан кам таъсир қилмайди, беғубор ва содда қалбнинг маънавий таназзулига аввало инсонни лол қилган таъсирлар сабаб бўлади. Товушлар уммони, ҳаётнинг даҳшатли ғала-ғовури, қаёққа қараманг ғиж-ғиж кўринган одамлар ҳайратланган қалбларни хижил қилади ва хавотирга солади. Ёнингда ҳаммасини тушунтириб, ақлли маслаҳат бериб тургувчи одам бўлмагандан кейин, ҳалигиларнинг бари лол қолган ёшгина вужуд қулоғига қанчадан-қанча ёлғон-яшиқларни пичирламайди дейсиз. Бу таъсирлар ташқи гўзаллиги ила (уларни муносиб баҳолаш ҳазил эмас) худди куй сингари инсондаги эҳтиёткорликни камайтиради, уни бўшаштиради, сўнгра ўз гирдобига олади.

* * *

Аёл ҳар қанча ёш бўлса-да, кийимнинг фарқига боради. У эркакнинг кийимига баҳо берганда билинар-билинмас чизиқ тортиб эркакларни арзийдиган ва арзимайдиганга бўлади. Ана шу чизиқдан пастда қолган кимсага аёл ўлса ҳам боқмайди.

* * *

Сўзлар калламизда ғужғон ўйнаган беҳисоб фикрларнинг хира кўланкаларидир, деган гап нақадар тўғри! Улар биз овозимизни чиқариб айтолмайдиган улкан туйғуларимиз ва интилишларимизни боғлаб тургувчи жажжи ҳалқалардир, холос.

* * *

Болага, даҳо тасаввурига мушарраф бўлган одамга ва умрида саёҳатга чиқмаган кишига улкан шаҳарга яқинлашиш нимаси биландир мўъжизакор туюлади. Айниқса, тирик жон борки, бир ҳолатдан иккинчи ҳолатга ўтадиган, яъни нурнинг зулмат билан сирли кураш они бўлган оқшомлари шундай кўринади. О, тушаётган оқшомнинг ваъдаларини айтмайсизми! Тун толиққан одамга кўп нарсаларни сўйлай олади! У қанчадан-қанча кечмиш орзулар ва умидларни жонлантиради!

* * *

Гоҳо арзимаган бирор нарса ҳам киши кўзига теварак-атрофни ёритиб кўрсатиши мумкин.

* * *

Пулнинг чинакам аҳамиятини шу чоққача ҳеч ким тушунтириб ҳам бера олмаган, маънисига чуқурроқ тушуниб ҳам ета олмаган. Пул одамнинг хизматига яраша тўланиши кераклиги, у ғайриқонуний равишда эгаллаб олинган эмас, балки тўкилган тернинг тўлови бўлиб хизмат қилишини ҳар биримиз тушуниб олган пайтимиздагина талай ижтимоий, диний ва сиёсий ихтилофларимиз мисли афсонадай бўлиб қолади.

* * *

Ақл бобида сиқилган одамлар сира ҳам нотавон бўлмайдилар. Табиат йиртқич ҳайвонларга пинҳоний хатарни сезганда қочиб қолишни юқтирган. У кичкинагина бефаҳм олмахонга заҳарни кўрганда қаттиқ талвасага тушмоқни ўргатган.

* * *

Инсон ана шунинг учун ҳам шамол учириб юрган хасга ўхшайди: у эҳтирослари ҳукмида, дам иродаси таъсирида, дам инстинкт таъсирида, гоҳ ундай, гоҳ бундай ҳаракат қилади, адашади, хатосини тўғрилайди, йиқилади, яна туради. У нима қилишини олдиндан белгилаб бўлмайдиган мавжудотдир. Бизнинг эволюция ҳеч қачон тўхтамайди, идеал - бу сўнмайдиган машъалдир, деб ўзимизни юпатишдан бўлак чорамиз йўқ. Инсон мутлақ яхшилик билан ёмонлик ўртасида иккиланиб туради. Шахсий ирода билан инстинкт ўрнини эгаллашига имкон туғдирганида инсон беқарорликдан халос бўлади. Ўшанда ақл стрелкаси ҳақиқатнинг олис қутбини қилт этмай, қатъий кўрсатиб тураверади.

* * *

Файзли уй - шундай бебаҳо гулдирки, латофат ва назокатда ундан ўтадиган ва одам боласини бешикдалиги пайтидан хушахлоқ қилиб тарбиялашда ёрдами кўп тегадигани бўлмайди. Унинг ҳаётбахш таъсирини ўзида сезмаган одам нега баъзи кишилар гўзал куйнинг нозик жойларида йиғлаб юборишларини тушунмайдилар. Улар инсон қалбидаги уларни бир хил тепишга мажбур қилиб, жаранг бераётган сирли торлардан ҳам ғофилдирлар.

* * *

...юрак нега типирчилайди, деган саволга марҳамат қилиб жавоб беринг-чи? Нима учун гоҳо кимнингдир фиғони бутун оламга эшитилади? Шуни тушунтириб беринг-чи? Нима учун ёмғир билан нурнинг сезилар-сезилмас таъсири оқибатида гуллар алвон машъаллар янглиғ очилади, шуни кашф этинг-чи? Ахлоқнинг илк негизлари ана шу фактларнинг моҳиятида пинҳондир.

* * *

Агарда ўзимизни овутиш учун зўрма-зўраки ўйин-кулгилар қилмаганимизда, ҳаётга ташналигимиз ва хурсандчилик - кулгилар кетидан қувиб, доимо ташвишда юрмаганимизда, савдогарлар дўконларининг ичкарисига ҳам, ташқарисига ҳам ўрнатилган дабдабали витриналар бўлмаганда, кўчаларимизда тиқилиб ётган чароғон рекламалар ва ҳамма томонларга шошилиб кетаётган пиёда кишилар бўлмаганда қишнинг муздек қўли бағримизни эзган, қуёш етарли ҳарорат ва ёруғлик бермаган, йилдек туюладиган кунлар тоқатларимизни тоқ қилиб юборган бўлар эди. Бу ҳодисаларга қанчалик боғлиқ эканлигимизни ўзимиз ҳам сезмаймиз. Аслида бизлар бамисоли ҳароратдан баҳра олиб, усиз маҳв бўладиган ҳашаротлармиз.

* * *

Эркак одам бошқалар олдида ҳадеб мақтанаверса аёлнинг назаридан тушади-қолади. Аёлнинг назарида фақат битта нарса катта мақтовга лойиқ - у ҳам бўлса ўзи.

* * *

Одамлар умуман сўзларнинг маъносига катта аҳамият берадилар. Уларга сўзлар бир балони бошлаб келадигандай туюлаверади. Амалда эса сўзлар салгина ишонтира оладиган кучга эгадир, холос. Улар қалбимизда пинҳон бўлган чуқур, жўшқин сезги ва истакларни номигагина ифодалай олади. Юрак садоси ҳам тил халал бермай қўйганда эшитилади.

* * *

Кишидаги ўз қадри-қимматини билиш хислати бошқа одамга қандай баҳо бериш, унинг қайси томонларини яхши, қай томонларини ёмон    дейишда ёрдам беради.

* * *

Бировнинг ишончли ҳимоясида бўлиш, доимо парваришда яшаш, ҳамма нарсада ўзига нисбатан хайрихоҳликни кўрмоқ - аёл табиатининг ажралмас хусусиятидир.

* * *

 Илгари ҳеч саёҳатда бўлмаган одамга қадрдор ўлкасидан сал-палгина фарқланиб турадиган ҳар қандай янги жой жуда қизиқарли кўринаверади.

* * *

Бу оламнинг зўравонлари майдаларга ёмон таъсир кўрсатадиган шароит яратиб оладилар.

* * *

Фақат кучли муҳаббатгина турмушда бўладиган майда-чуйда нарсаларни босиб кета олади. Бундай муҳаббат мавжуд бўлмаган жойда эр-хотин тезда бир-бирларидан қўлларини ювиб қўлтиқларига урадилар-да, оғир муаммога муқаррар равишда дучор бўладилар.

* * *

Биз фақат аҳён-аҳёндагина ҳолимиз нақадар аянчли эканлигини сезиб қоламиз. Бир-бирига ғоят зид нарсаларга кўндаланг келганимизда изтироб чекамиз. Ўшаларни даф қилсангиз аламингиз ҳам босилади.

* * *

Ишнинг кўзини биладиган одамнинг ўсиши кўп жиҳатлардан жисмоний ривожга ўхшаб кетади. У ё камолга яқинлашаётган ўспирин сингари бақувват, соғлом ва ақлли бўла боради, ёинки қарилик сари кетаётган эркак сингари тобора мадорсизланиб, мункиллаб, заифлаша боради.

* * *

Одамнинг хоҳиши туйғулар гирдобидан чиқа олмаса, пул ўзининг ожизлигини кўрсатади-қўяди.

* * *

Одамлар туйғуларини ифодалашга доимо ташнадирлар. Бироқ уларнинг кўпчилиги бунга ноқобил. Буни улар бошқаларнинг зиммасига юклайдилар. Ана ўшанда уларга истеъдод кўмакка келади. Бир одам инсоний орзуларни мусиқада, бошқаси шеърда, яна бошқа бири драмада ифода этади. Гоҳо эса табиат барча туйғуларни инсон чеҳрасида мужассам этади.

* * *

Ҳаётда ақлли ва нозик ҳис эгалари бўлган кишилар - мушоҳада юритадиган ва ҳис эта биладиган кишилар доимо учраб туради. Буларнинг биринчисидан ҳаракат кишилари - саркардалар ва давлат арбоблари, иккинчисидан - шоирлар ва орзумандлар, санъат заҳматкашлари етишиб чиқади.

* * *

Йўлдан адашган кишининг қайга одимлашини кўпинча ёмон ният эмас, балки ташналиги бошқариб боради. Мушоҳада юритишга одатланмаган нозик қалбни шум ният эмас, балки кўпинча кўнгилчанлик йўлдан оздиради.

НАСРИДДИН тайёрлади.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!