Меню
Қашқадарё
"Пул уларни дангаса ва такаббур қилиб қўйиши мумкин"
Хитойлик эркак лотереядан 30 миллион доллар ютиб олганини хотини ва боласидан сир тутаяпти, деб ёзади Asia One манбаси. Унинг ҳолатга изоҳ беришича, пул уларни дангаса ва такаббур қилиб қўйиши мумкинлигидан қўрқади.
Маҳаллий оммавий ахборот воситалари тарқатган маълумотларга кўра, лотерея ўйинида Ли фамилияли эркак ғолиб бўлган. У ютуққа қўйилган пулни тантанали равишда қабул қилиб олгач, дарҳол унинг бир қисмини хайрия ишлари учун эҳсон қилган. Хитойлик жараёнда шахси махфийлигини сақлаб қолиш учун мультфильм қаҳрамони либосини кийиб олган.
"Мен қўлга киритган ютуғим ҳақида хотиним ва боламга айтмадим. Мен улар ўзларини бошқалардан устун қўйишни бошлаши ҳамда ғайрат билан ишлаш ва ўқишдан тўхтаб қолишидан хавотирдаман", дея тушунтирган Ли.
У тез-тез лотерея билетлари харид қилиши, лекин ундан катта ютуқ ютишни орзу ҳам қилмаганини тан олган. Эркак энди пулларни қаерга сарфлаши ҳақида берилган саволга жавобан ҳозирча билмаслигини айтган:
"Мен ҳали қарор қилмадим, пулни қандай ишлатишни ўйлаб олишим учун бироз вақт керак бўлади".