Меню
Қашқадарё
Профилактика: ЖИНОЯТ ВА ҲУҚУҚБУЗАРЛИКЛАР ВАҚТИДА БАРТАРАФ ЭТИЛАЯПТИМИ Ё ФАҚАТ РЎЙХАТГА ОЛИНАЯПТИ?
Илгари содир қилинган 15 та жиноят фош этилиб, 78 нафар қидирувдаги жиноятчи ушланган. 7438 нафар юртимиздан узоқ муддатга кетган шахс ҳисобга олинган. 473 маротаба сайёр суд мажлислари ташкил қилинган.
Айни рақамлар кўпми ё кам? Яхшими ёки ёмон? Бу қайси томондан қарашга боғлиқ. Масалан, жиноят ва ҳуқуқбузарликлар сонидан келиб чиқсак, рақамлар кўп ва бу – ёмон. Демак, аҳоли орасида тушунтириш-тарғибот ишларини жонлантириш, профилактика тадбирларини самарали ташкил этиш даркор. Масалага аниқланган ҳолатлар статистикаси томондан ёндашсак, ҳар қандай хавфли қилмишга жазо муқаррар эканлиги ойдинлашади.
Хўш, профилактика тадбирлари сўнгги ойларда қандай натижалар бермоқда? Содир бўлган жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг сабаблари нимада?
ЁШНИ ЁШ ДЕСАНГ...
Деҳқонобод тумани Деҳқонобод маҳалласида яшовчи, 1972 йилда туғилган С.Ҳ.ни бадхулқ ва баднафс кимса дейиш мумкин. Баднафслиги шундаки, пул топишда ҳеч қандай ёмон йўлдан тап тортмайди. Бадхулқлиги эса бу йўлда ўз танини сотишдан ҳазар қилмайди. Аксинча бўлганида, у ўз яшаш уйида Торқопчиғай маҳалласида яшовчи, 1995 йилда туғилган Ғ.Ғ. билан 30 минг сўм пул эвазига жинсий муносабатга киришмасди.
Қарши тумани Мирмирон маҳалласида яшовчи, 1996 йилда туғилган З.Э. эса Нишон тумани Навбаҳор маҳалласилик Б.Т.га 10 минг сўм пул эвазига “хизмат” кўрсатган. Қарши шаҳри 4-миттитуман 9-уйда яшовчи, 1985 йилда туғилган А.Қ. Қарши шаҳри ҳудудида фоҳишалик билан шуғулланиб юргани маҳалла-кўй, қўни-қўшнини нега ҳушёрликка чорламагани қизиқ.
Китоб тумани Ишқоп қишлоғида яшовчи, 1984 йилда туғилган Р.У. Қарши тумани Пармитон қишлоғидаги қурилиши тугалланмаган уйда 30 минг сўм пул эвазига танасини сотган.
Муборак тумани Бобур маҳалласилик, 1986 йилда туғилган О.Ш. ўз яшаш уйида фоҳишахона ташкил этган. Хулқи бузуқ кимсаларга шароит яратиб бериб, қўшмачилик қилган.
Чироқчи тумани Боғишамол маҳалласида яшовчи, 1965 йилда туғилган М.О. Кунчиқар кўчасида яшовчи, 1958 йилда туғилган А.М. билан Чироқчи тумани “Ватанпарвар” ўқув спорт клубида жинсий муносабатга киришганини эса ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди. Бири эллик ёшдан ошган, иккинчиси нақ олтмишни уриб қўйган, ёшларга ўрнак бўладиган кишиларнинг бемаъни қилиғи кишини таажжубга солиши табиий.
Юзи қора бу кимсалар қонун олдида жавоб беришди.
ТЎЙХОНА ЁНИДА ТЎХТАГАН “САВДО”
Гиёҳвандликнинг зарарли иллат экани хусусидаги тарғиботларнинг ками қолмади. Бироқ бутун ҳаётини бу иллат кишанларига ишониб топширганлар кўплаб топилади. Демак, бу борада самарали услуб ва воситаларни ишлаб чиқиш керак. Ечимни тегишли мутасаддилар эътиборига ҳавола этган ҳолда, ҳозирча юз берган ҳодисага тўхталсак.
Қарши тумани марказидаги “Дилхуш” тўйхонаси ёнида Нукрабод қишлоғида яшовчи, 1971 йилда туғилган Р.Р. 4 та гугурт қутисига қуритилган ҳолда жойлаштирилган ўткир ҳидли ўсимликни 300 минг сўмга сотаётган вақтда ушланди. Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди.
ҚИМОРГА ТИКИЛГАН ОР
Маълумки, қиморбозлик молиявий зарар етказиши баробарида кишилар ўртасида зиддият пайдо қилади. Масалан, қиморда бир томон ютса, иккинчиси ютқазади. Демак, бир томон осонгина мўмай пулга эга бўлиб олса, нариги тараф бир лаҳзада бор-будидан айрилади. Бундай ўйинлардан ўт чиққани, охири ўлим билан тугагани ҳақида ҳам кўп эшитганмиз. Шундай экан, одамлар орасида адоват қўзғаркан, жиддий оқибатларга сабаб бўларкан, бундай “ўйин”ларга рухсат бўлиши мумкин эмас.
Бироқ бу ҳақиқатни Миришкор тумани Калта маҳалласида яшовчи Ў.Ж. билмайди ёки унутиб қўйган шекилли, бир тўда бекорчиларнинг таваккалчиликка асосланган ҳолда пул тикиб қимор ўйнашларига шароит яратиб берган.
Ш.Х., Д.Х., Ф.Х., И.М., С.Б., Б.Б. эса Қарши тумани Поштон қишлоғида Ғ.Р.нинг уйини макон тутишган. Пул тикиб қимор ўйнашган. Шу сабаб Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 191-моддасига асосан баённома тузилиб, ҳужжатлар расмийлаштирилди. Сўнг қиморбозларга нисбатан Қарши тумани маъмурий суди томонидан тегишли жазо тайинланди.
Китоб тумани Суробсой маҳалласи Пастчил қишлоғида яшовчи Х.Х., Чироқчи тумани Олмазор маҳалласи Қорателпак қишлоғилик А.Ж., Чироқчи тумани Соҳил маҳалласи Қаҳрамон қишлоғида яшовчи А.Ш. хонадонлари ҳам қиморбозлар билан банд бўлгани сабаб улар ҳам гумашталар билан бирга қонун олдида жавоб беришига тўғри келди.
Балки кимлар учундир қиморда ҳеч бир ғайритабиийлик йўқдир, бироқ у қонунга зид. Ҳаётининг муҳим дамларини меҳнатсиз пул топишга бағишлаган бу йигитлар жавобгарликка тортилиб, ўзига нисбатан тамға битилгани, пулни эмас, қиморни эмас, орини бой берганини билишармикан?!
ПАХТА ДАЛАСИГА ЖУВОЗ ЎРНАТИБ ОЛИБДИ
Шунақаси ҳам бўлиб тураркан: кимдир ҳалол меҳнати билан тилга тушишга тиришса, кимдир ўз манфаатини ҳамма нарсадан устун санайди. Бўлмаса, Косон тумани Ширинтепа маҳалласида яшовчи Жамшид Ёрқулов нақ дала шийпонига пахта титиш ускунаси, жувоз аппаратини ҳеч нарсадан тап тортмай, уялмай-нетмай ўрнатиб олармиди?!
Пахта – миллий бойлигимиз, деган ҳақиқатни чамаси у нотўғри тушунган кўринади, ушбу маҳсулотни давлатга топшириш ўрнига ўзи билганича фойдаланишни, фақат ўзига фойда келишини маъқул кўрибди. Ашёвий далиллар тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинди ва қонун устуворлиги таъминланди.
КИМГА ЎЙИН, КИМГА ПУЛ
Мамлакатимизда мавжуд тартибга мувофиқ, ресторанлар, кафелар, барлар, клублар, дискотекалар, кинотеатрлар, компьютер заллари, интернет тармоғидан фойдаланиш хизматларини кўрсатиш учун жиҳозланган хоналар ёки бошқа кўнгил очиш (дам олиш) жойларининг раҳбарлари ёхуд бошқа масъул шахслари томонидан вояга етмаган шахснинг тунги вақтда ота-онасидан бири ёки унинг ўрнини босувчи шахс кузатувисиз кўрсатилган муассасаларда бўлишига йўл қўйиш жавобгарликка сабаб бўлади.
Бироқ, профилактика тадбирларида аниқланишича, Нишон тумани Нуристон маҳалласида жойлашган маиший хизмат кўрсатиш, компьютер дастурларини ишлаб чиқиш хизматлари ва компьютер ўйинларини ташкил этиш шохобчасида тунги соат 23:10 ларда вояга етмаган Жаҳонгир Гаюпов, Сайёд Избосаров ва Руслан Норқизилов ота-онасидан бири ёки унинг ўрнини босувчи шахсларнинг кузатувисиз компьютер ўйинлари билан машғул бўлишган. Натижада шохобча раҳбари Ҳасан Аҳмедовга нисбатан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилди.
Чироқчи тумани Кишмиштепа маҳалласида яшовчи, 1988 йилда туғилган Жўрабек Тиловов ҳам ўзига тегишли бўлган, Чироқчи маҳалласида жойлашган компьютер ўйинлари хонасида вояга етмаган, 2001 йилда туғилган Беҳрўз Жўраевга тунги вақтда компьютер ўйинлари ўйнашига йўл қўйгани аниқланиб, расмийлаштирилган ҳужжатлар чора кўриш учун Чироқчи тумани маъмурий судига юборилди.
ЮК ЕНГИЛ КЕЛСА...
Шаҳрисабз тумани Мўминобод маҳалласида яшовчи, 1982 йилда туғилган маҳкум Бекзод Ғаниев жиноят ишлари бўйича Шаҳрисабз тумани судининг 2016 йил 6 майдаги ҳукмига асосан Ўзбекистон Жиноят кодекси 278-моддаси 1-қисми билан айбдор деб топилиб, 2 йил 6 ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланганди.
Юртимизда жиноий жазолар либераллаштирилиб, озодликдан маҳрум қилиш ҳоллари қисқартирилгани ҳолда тузалиш йўлига кирган, чин дилдан пушаймон бўлган кишилар жазодан муддатидан илгари озод қилинаётган бир чоғда Бекзод Ғаниев буни тушунмади. Жазони ўташдан бўйин товлаб, қонунга риоя этгиси келмади. Натижа шу билан якун топдики, жиноят ишлари бўйича Шаҳрисабз тумани судининг ажримига асосан ўталмай қолган 2 йил ахлоқ тузатиш иши жазоси озодликни чеклаш жазосига алмаштирилди.
Шунингдек, Қарши шаҳри Геолог маҳалласида яшовчи, 1974 йилда туғилган маҳкума Маруса Эшмуродовага жиноят ишлари бўйича Муборак тумани судининг 2017 йил 11 январдаги ҳукмига асосан Жиноят кодекси 131-моддаси 1-қисми билан айбдор деб топилиб, унга нисбатан иш ҳақининг 15 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланганди. Амалда бу ўз ижросини топмагач, белгиланган жазо озодликни чеклаш шаклида алмаштирилди.
ЗОВУРДАН ТОПИЛГАН ПАТРОН
Маълумки, Жиноят кодексининг 248-моддасига мувофиқ тегишли рухсатномасиз ўқотар қурол, шунингдек, ўқ-дорилар, портловчи моддалар ёки портлатиш қурилмалари тайёрлаш, олиш, олиб юриш, сақлаш, олиб ўтиш ёки жўнатиш жиноий жавобгарликка сабаб бўлади. Юқорида назарда тутилган буюмларни ўз ихтиёри билан топширган шахс эса жавобгарликдан озод қилинади.
Шу асосда Қарши туманилик Шерали Жўраев Дўстлик маҳалласидаги далада мол боқиб юрган вақтида зовур ёнидан топиб олган полиэтилен пакетга ўралган ов қуролига тегишли 14 дона патронни ўз ихтиёри билан топширди.
Нишон тумани Гулзор маҳалласилик Фаррух Эркаев сомонхонаси деворини бузаётган вақтида унинг орасидан топиб олган, бобосидан қолган “ТОЗ-8” русумли ов қуролига тегишли 5,6 калибрли 10 дона патронни ички ишлар идорасига келтириб берди.
Қарши тумани Гулистон маҳалласида истиқомат қилувчи Берди Сафаров ҳам омборхонасини бузаётган вақтда тахталар орасидан 1959 йилда ишлаб чиқарилган, “ИЖ56-3” русумли ўқотар ов қуролини топиб олади. Кейин унинг марҳум отасига тегишли эканини эслайди. Бироқ қонун талабига риоя этган ҳолда қурол ҳақида тегишли идораларга маълум қилади.
Дилшод КЕНЖАЕВ,
вилоят ИИБ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси
катта инспектори, капитан
Бекзод САЙФИЕВ,
журналист