Меню
Қашқадарё
ПРОФИЛАКТИКА ИНСПЕКТОРЛАРИНИНГ УЙИ ТЕПАСИГА ҚАЙСИ ҲУЖЖАТГА АСОСАН БАЙРОҚ ҚЎЙИЛГАН?
Пировард натижа жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган экан, бундай уйларга байроқ ўрнатилиши қайсидир ҳужжатда ўз аксини топиши керак эди. Чунки байроқ, герб каби давлат рамзлари доимий жойлаштириладиган муассаса ва идоралар қонунда белгилаб қўйилган ва улар қаторида профилактика инспекторларининг уйи кўрсатилмаган.
Модомики, шундай таклиф берилган, шу асосда хизмат уйларига байроқ ўрнатилаётган экан, хуллас, шу бизга фойда келтираркан, бу "Ўзбекистон Республикасининг давлат байроғи тўғрисида"ги Қонунда акс этса, кифоя эди. Аммо бу борада Сенатнинг неча-неча ялпи мажлислари ўтиб кетдики, на бир депутат, на бир сенатор бу борада таклиф киритмади.
Айни масалага аниқлик киритилмагани учун ҳам давлат байроғи "участковий"ларнинг уйида қишин-ёзин, ёмғиру қорга қарамай илиғлиқ турибди. Ваҳоланки давлат мустақиллиги ва суверенитетининг рамзи бўлган байроқ халқаро муносабатларда Ўзбекистон Республикасининг тимсоли бўлиб ҳисобланади ва шу сабаб тегишли қонунда барча фуқаролар, шунингдек, Ўзбекистонда турган бошқа шахслар давлат байроғини ҳурмат қилишлари шартлиги қайд этилган. Қисқаси, ё қонунга ўзгартириш киритиш даркор, ё "участковий"лар уйи тепасига байроқ ўрнатишдан воз кечиш керак...
Н.ХЎЖАЕВ
Собир НАРЗИЕВ олган сурат