Меню

Қашқадарё

18.04.2024 5605

Президентимизнинг ишончи мени янада руҳлантирди

Ёшлар ва давр

- Фан йўналишида Зулфия номидаги давлат мукофотига сазовор бўлганимдан жуда ҳам хурсандман, - дейди Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти докторанти Севара Мирзаёрова. - Айниқса, давлат мукофотини муҳтарам Президентимизнинг ўзларидан қабул қилиб олган пайтимдаги қувончим, ҳаяжонимни ҳеч бир сўз билан таърифлаб беролмайман. Мукофотни топшириш маросимида Юртбошимиз: "Ҳали шу пайтгача саноат иссиқлик энергетикаси бўйича бирор бир қиз бу мукофотни олмаган. Сиз билан ишимиз энди бошланади", деди. Бу сўзлар ҳамон қулоқларим остида жаранглайди. Менга куч беради, руҳлантиради.

Севара Мирзаёрова айни пайтда ҚМИИ энергетика факультети иссиқлик  энергетикаси кафедрасида стажёр ўқитувчи лавозимида ишлаб келмоқда. Шу билан бирга "саноат иссиқлик энергетикаси" ихтисослиги бўйича "Комбинациялашган қуёш қурилмалари асосида сув чучитиш қурилмасини ишлаб чиқиш" мавзусидаги фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олиш учун илмий изланишлар олиб бормоқда.

- Илм йўлини тутган одам, аввало, сабрли, қатъиятли, меҳнатсеварликни ўзига юқтирган бўлиши лозим, - дейди иссиқлик энергетикаси кафедраси профессори Тўлқин Файзиев. - Севара шу кунга қадар нималарга эришган бўлса, барчасига тиришқоқлиги, изланувчанлиги, қийинчиликларни енга олишдек хислатлари сабаб бўлган, деб ўйлайман. Унинг бир неча илмий мақолалари "Skopus" тизимидаги халқаро илмий журналларда чоп этилган. Ихтироларига патентлар   олган. Хорижий тилларни яхши ўзлаштирган. Бир      сўз билан айтганда, Янги ¤збекистоннинг замонавий қизларидан бири.

Бугунги кунда юртимизда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг жамиятдаги мавқеини янада мустаҳкамлаш давлат сиёсати даражасидаги масалалардан бирига айланди. Бундай саъй-ҳаракатлар замирида, аввало, аёлни улуғлаш ва шунинг баробарида миллатнинг ғурурини, ўзлигини юксалтириш каби эзгу мақсадлар ўз ифодасини топган. Бу, ўз навбатида, эртага  Севара Мирзаёрова сингари олималарнинг ҳам илмий изланишлар олиб боришлари учун янада кенг имкониятлар яратишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Абдураззоқ МУРОДОВ

Жамшид НОРҚОБИЛОВ олган сурат.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!