Меню
Қашқадарё
ПРЕЗИДЕНТИМИЗ ТАБРИГИ ЯНГИ РЕЖАЛАРГА ИЛҲОМЛАНТИРДИ
Айниқса, давлатимиз раҳбарининг табригида айтилган "Биз Янги - 2018 йилга Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили, деб ном бердик.
Биз буюк келажагимизни айнан мана шундай юксак мақсад ва ғоялар асосида барпо этамиз.
Халқаро майдонда кескин рақобат кучайиб бораётган ҳозирги вақтда бу энг тўғри ва самарали йўлдир", деган сўзларидан ўзимда жуда катта масъулият ҳис этдим.
Табрикдан ўзимга янги режалар, янги ғоялар олдим, десам хато қилмайман. Насиб этса, Президентимиз таъкидлаганидек, 2018 йил Ўзбекистон тараққиётида ҳал қилувчи йил бўлади. Шу аснода, бизнинг фаолиятимизда ҳам.
Бунинг учун айни пайтда бир қанча режалар устида ишлаяпмиз. Хусусан, жорий йилдаги асосий мақсадларимиздан бири бепул "Ёш ихтирочилар" тўгарагини ташкил этиб, вилоятимиздаги касб-ҳунар коллежлари, мактабларнинг юқори синф ўқувчилари ичидан янги технологияларга қизиқиши баланд ўқувчиларни унга жалб қилиш. Бунинг учун мутахассисларимиз билан биргаликда, жойларга чиқиб, ҳақиқатан ҳам шу соҳага қобилияти баланд ёшларни танлаймиз. Уларнинг билимини янада бойитиш, амалий натижаларга эришишлари учун қўлдан келганча ёрдам беришни мақсад қилиб қўйганмиз.
Шуни ҳам таъкидлаб ўтишим лозимки, айни вақтда корхонамизда турли йирик корхоналарда электр энергиясини бир неча маротаба тежаш имконини берувчи, хонадон ва ташкилотларнинг хавфсизлигини таъминловчи, газ ва электр энергиясидан келиб чиқадиган турли кўнгилсизликларнинг олдини олиш имконини берувчи турли воситалар, яъни бошқарув пульти асосида масофадан туриб бошқариладиган микроконтроллерлар ишлаб чиқарилмоқда. Биз бу воситаларни янада такомиллаштириб, нафақат юртимиз, балки халқаро миқёсда ҳам рақобатбардош технологияга айлантириш, уларнинг юртимизда ишлаб чиқарилишини кенг йўлга қўйиш устида ишламоқдамиз. Хуллас, тадбиркор сифатида ҳам, ихтирочи сифатида ҳам бу йилдаги режаларимиз жуда баланд.
Муҳими, уларни амалга ошириш учун юртимизда барча шарт-шароитлар яратилган.
Шермуҳаммад БУЗРУКОВ,
"Қарши инновацион технологиялари" МЧЖ раҳбари