Меню

Қашқадарё

30.05.2024 5510

Президент ўтган йилги зилзиладан кўрилган зарар миқдорини маълум қилди

Туркия иқтисодиёти 2023 йил февраль ойида содир бўлган кучли ер силкинишлари натижасида 104 миллиард доллар йўқотди. Бу ҳақда мамлакат президенти Ражаб Тойип Эрдўған гапирган.

"Туркия кучли зилзилани бошдан кечирди. Умумий ҳисобда 11 та вилоят ва 14 миллион одам жабрланган офат бизнинг иқтисодиётимиз учун келтирган зарар қиймати 104 миллиард долларни ташкил этди", деган турклар етакчиси Ташқи иқтисодий алоқалар кенгашининг 37-бош ассамблеясида сўзлаган  нутқида.

Унинг қайд этишича, нафақат уйлар, балки ишлаб чиқариш қувватлари ҳам вайрон бўлганди. Асосий зарар Туркия жануби-шарқидаги шаҳарлар инфратузилмасига  етган, дея қўшимча қилган сиёсатчи.

Ўтган йил 6 февраль эрта тонгда мамлакатда рўй берган 7,7-7,6 балли ер силкинишлари кенг кўламли вайронагарчиликка олиб келганди.  Эпимаркази Қаҳрамонмараш вилояти Пазаржик туманида бўлган зилзила кучи  Сурия, Эрон ва қатор бошқа давлатларда ҳам сезилган.

Вайронкор зилзила сабаб бошпанасидан айрилган аҳоли вакиллари Туркия ҳукуматидан янги уйларни қабул қилиб олган. Ражаб Тойип Эрдўған сўзларига кўра, 7 минг 275 нафар фуқарога хонадонлар калитлари топширилди.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!