Меню
Қашқадарё
Президент тўртинчи инқилобнинг олди олинганини билдирди
Қирғизистон президенти Садир Жапаров республикада давлат тўнтаришининг олди олинганини маълум қилди. У "Хабар" ахборот агентлигига берган интервьюси жараёнида шу ҳақда айтган.
Давлат раҳбари KG Group қурилиш компанияси раҳбари Имомиддин Тошев фаол Тилакмат Куренов билан "Қирғизистонда инқилобни амалга ошириш режасини муҳокама қилгани" видеоси ҳақида гапирган. Уларга нисбатан яқинда қидирув эълон қилинган эди.
Садир Жапаров сўзларига кўра, қирғиз халқи бу инсонларга эргашмайди.
"Уларда омма йўқ. Улар фақат орқага яшириниб, тажовуз ва фитна билан шуғулланади. Улар орасида ҳокимиятга иштиёқмандлар, бизнинг келишимиз билан ортиқ текинхўрлик қилолмай қолганлар бор. Очиқ айтсак, ўшалар илгари ғазнадан ўғирлаган, солиқларни тўлашдан бўйин товлаган, миллиардлаб даромадларини яширган", деган президент.
Шунингдек, у ҳозир мамлакатда "ҳокимият алмашинуви учун ҳеч қандай асос йўқ"лигини таъкидлаган. Садир Жапаров Қирғизистоннинг амалдаги раҳбарияти "бунинг учун сабаб юзага келишига йўл қўймаслиги"га ишонтирган.
Президент мазкур интервьюсида мамлакатда 2005 ва 2010 йилларда бўлган дастлабки икки инқилоб хориждан молиялаштирилганини айтган. Унинг сўзларига кўра, 2020 йилдаги учинчи инқилоб эса кутилмаганда, ҳеч қандай бошқа давлат иштирокисиз содир бўлган.