Меню

Қашқадарё

08.03.2018 2104

ПРЕЗИДЕНТ СОВFАСИ - 92 НОМДАГИ 110 МИНГ НУСХА КИТОБ

Мунтазам бадиий асар ўқишга одатланиш инсон руҳияти ва жисмоний ҳолатига ҳам фойда. Шу маънода юртимизда аҳоли орасида китобхонлик маданиятини оширишга, китоб мутолаасини кенг тарғиб қилишга устувор эътибор берилмоқда. Бунда ишни аввало таълим муассасаларидан бошлаш мақсадга мувофиқдир. Қарши олимпия захиралари коллежида ўтказилган тадбир ҳам шу масалада бўлди.

Вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан ташкил этилган мазкур тадбирда мактаб, мактабгача таълим муассасалари вакиллари, олий ўқув юртлари талабалари, Ёшлар иттифоқи фаоллари, ўқувчилар ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этди.

Унда таъкидланганидек, давлатимиз раҳбарининг мамлакатимизда китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини оширишни кўзда тутувчи қарор ҳамда фармойиши асосида кўламдор ишлар амалга оширилаяпти. Турли танловлар ўтказилиб, бадиий ва сиёсий асарлар билимдонлари аниқланмоқда. Китоб нашр этиш ва савдосини янада ривожлантиришга, бу фаолият билан шуғулланувчиларни қўллаб-қувватлашга кенг имкониятлар тақдим этилмоқда.

Шунга монанд, ташкил этилаётган турли маънавий-маърифий тадбирларда ёшларнинг китоб ўқишга бўлган рағбатини кучайтириш, уларнинг маънан етук, баркамол вояга етишига кўмаклашиш, юртга дахлдорлик туйғусини юксалтириш асосий мезон қилиб олинаётир. Бу галги тадбир доирасида Президент совғаси - турли мавзулардаги асарларни ўз ичига олган жамланмалар умумий ўрта таълим мактабларига тарқатилди.

- Мазкур китоблар жамланмасидан 92 номдаги адабиёт жой олган бўлиб, жами 110 минг нусхани ташкил этади, - дейди вилоят халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати бошлиғи Севин Очилов. – Сиёсий, ижтимоий, бадиий, энциклопедик мазмундаги бу китоблар ва методик қўлланмалар вилоятимиздаги барча мактаблар кутубхоналари ихтиёрига берилди. Шунингдек, жажжи китобхонларимиз учун махсус тайёрланган китоблар жамланмаси - 50 турдаги 16 минг нусхадаги адабиётлар 328 та мактабгача таълим муассасасига топширилди.

- Анчадан буён мактабда кутубхоначи бўлиб ишлаб келаман, - дейди Яккабоғ туманидаги 5-мактаб кутубхоначиси Комила Ҳусанова. – Юртбошимиз таъкидлаганларидек, китобсиз тараққиётга, юксак маънавиятга эришиб бўлмайди. Бунинг учун биз, ёши катталар уларгаҳар томонлама ўрнак бўлиб ёшларни оммавий равишда китобхонлик машғулотига тарғиб қилишимиз лозим, деб ўйлайман. Бугун бу ерда президент совғаси сифатида ажойиб адабиётлар дурдонаси жамланган китобларни қабул қилиб олдик.

Албатта, китоб энг яхши совғадир. Ёшлар уларни ўқиб, чексиз билимлар булоғидан баҳраманд бўлади. Китоб мутолаа қилиб камолга етган авлод эса жамият ривожини белгилайди.

Вилоятимизда бу каби тадбирлар давом этмоқда.

 Дилфуза ЖУМАЕВА

***

Суратларда: тадбирдан лавҳалар.

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!