Меню
Қашқадарё
Президент совғалари топширилди
Янги йил байрами болажонлар кўнглини олиш, уларни шодликларга чўлғаш, ҳайратлар дунёсига саёҳат қилдиришнинг айни мавриди. Айниқса, ногиронлиги бўлган ва жисмоний имконияти чекланган болаларга қилинган бундай эътибор ҳар қанча таҳсинга лойиқ.
Вилоят ҳокими Муротжон Азимов Қарши шаҳрида жойлашган "Мурувват" интернат уйида бўлиб, у ерда тарбияланаётган болажонларни Янги йил байрами билан табриклади ва Президент совғаларини топширди.
Маълумотларга кўра, ҳозирда ушбу "Мурувват" интернат уйида 300 нафар ногиронлиги бўлган ва жисмоний имконияти чекланган бола тарбияланмоқда. Бу ерда фаолият олиб бораётган 100 нафардан ортиқ тарбиячи-педагоглар ва 14 нафар шифокор ҳамиша улар ҳолидан бохабар.
Ўзларига аталган Президент совғаларидан бошлари кўкларга етган болажонларга Қорбобо ва Қорқиз, турли эртак қаҳрамонлари иштирокидаги театрлаштирилган байрам томошалари олам-олам қувонч улашди.
Ўз мухбиримиз