Меню

Қашқадарё

14.04.2022 1497

Президент сайлови: дастлабки тур натижалари маълум бўлди

Якшанба куни Францияда бўлиб ўтган президентликка сайловнинг биринчи тури натижалари эълон қилинди. Берилган расмий маълумотларга кўра, унда амалдаги давлат раҳбари Эммануэль Макрон ғалаба қозонган.

Биринчи турда ўтказилган овоз бериш натижалари бўйича, Макронни сайловчиларнинг 27,84 фоизи қўллаб-қувватлаган. "Миллий бирлашув" партияси етакчиси Марин Ле Пен унинг энг яқин таъқибчиси бўлди, у 23,15 фоиз овоз тўплаган. Шунингдек, сўлчилар "Енгилмас Франция" партияси раҳбари Жан-Люк Меланшон ҳам нисбатан яхши натижага эришган - 21,95 фоиз.

Умуман, жорий сайловнинг биринчи босқичида Франция президенти лавозими учун 12 нафар номзод кураш олиб борган. Дастлабки турнинг эълон қилинган натижаларига мувофиқ, ушбу сиёсий тадбирда 35 миллион 923 минг 779 киши, яъни мамлакатда рўйхатга олинган сайловчиларнинг 74 фоизи овоз беришда қатнашган. Сайлов варақаларининг 97,83 фоизи ҳақиқий деб тан олинган. 1,5 фоиздан сал кўпроқ бюллетенлар тўлдирилмаган.

Сайловнинг иккинчи тури 24 апрелда бўлиб ўтиши белгиланган. Бу босқичда Эммануэль Макрон ва Марин Ле Пен давлатни кейинги беш йилда ким бошқаришга кўпроқ лойиқлигини ҳал қилиб олади.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!