Меню

Қашқадарё

05.05.2020 2628

ПРЕЗИДЕНТ МАКТАБЛАРИГА КИРИШ УЧУН ТАЙЁРЛАЙДИГАН РАСМИЙ ЎҚУВ КУРСЛАРИ МАВЖУД ЭМАС!

Таълим

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги сайтида хабар берилмоқда.

Дарҳақиқат, бугун ижтимоий тармоқларда “Президент мактабларига тайёрлаймиз”, “Президент мактабларига кириш учун оралиқ “repetitsion” тест синовлари” қабилидаги эълонлар асосида “Президент мактаблари” бренди остида мўмайгина даромад орттираётган тайёрлов курсларининг эълонлари жуда кўпайиб кетди. Агентлик таъкидига кўра, Англиянинг Cambridge assessment ташкилоти томонидан ташкил қилинадиган тест синовларига бу каби ўтказилаётган тестларнинг умуман алоқаси йўқ.

Шунингдек, PRESIDENT SCHOOLS (BLOG), Next Step Up School, Reprez.uz веб-саҳифаси ёки “Президент мактаблари учун тайёрлов курслари” деб эълон бераётган бошқа ўқув курслари Президент мактабларига умуман дахлдор эмас.

“Асосий мақсадимиз иқтидорли, билимга чанқоқ, ўз устида доимий равишда ишлайдиган, изланадиган, шижоатли ўқувчиларни шаффоф синов орқали танлаб олиш. Биз фарзандлари келажаги ва тарбиясига катта эътибор бериб, улар камоли учун тинмай ҳаракатда юрган барча ота-оналарга куч-ғайрат тилаб қоламиз!”, дейилади агентлик хабарида.

Маълумот ўрнида айтиш жоиз, Президент мактаби ихтисослаштирилган давлат умумтаълим муассасаси ҳисобланиб, унинг фаолияти юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш учун иқтидорли болаларни аниқлаш ва ўқитишни таъминлашга қаратилган.

14 та Президент мактаби Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 20 февралдаги қарори асосида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ташкил қилинади.

2019 йилда Президент мактаб-интернатлари Тошкент, Хива, Нукус ва Наманганда очилди. Ушбу мактабларнинг дастлаб чекланган миқдорда ташкил этилиши бундай муассасаларни бошқариш учун мутлақо янги моделни синаб кўриш зарурати билан боғлиқ. 2020-2021 йил оралиғида барча вилоятларда Президент мактабларини қуриш режалаштирилган.

Мазкур мактабларда бепул умумий ўрта таълим берилади.

Н.ХЎЖАЕВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!