Меню

Қашқадарё

19.05.2020 2447

ПРЕЗИДЕНТ МАКТАБИДА КИМЛАР ЎҚИЙДИ?

Сўраган эдингиз

Қарши шаҳрида ҳам Президент мактаби барпо этиларкан, кўплаб ота-оналарда ушбу муассасаларга ўқишга кириш тартиби қандай, қайси фанлардан имтиҳон олинади, каби саволлар юзага келиши табиий. Ўзбекистон Республикаси Президенти мактаблари расмий веб-сайтидан ана шундай саволларга жавоблар келтирамиз.

Президент мактабига ўқишга қандай кириш мумкин?

Болалар ушбу муассасаларга фақат боланинг ўқиш жойи бўйича ҳудудий тамойил асосида қабул қилинади. Яъни агар бола Тошкент шаҳридаги мактабда таҳсил олаётган бўлса, у фақат Тошкент шаҳридаги Президент мактаб-интернатига ўқишга кириш ҳуқуқига эга.

Бошқа ҳудудларда, агар ҳужжатларни топшириш вақтида ушбу вилоят ҳудудида жойлашган мактабда ўқиётган бўлса, бола шу минтақадаги Президент мактабига ўқишга кириши мумкин.

Ҳужжатлар белгиланган муддатда қабул қилинади.

Ҳужжатларни онлайн тарзда топшириш имконияти ҳам бўлади.

Ўқишга қайси синфдан қабул қилинади?

Президент мактаб-интернатларига республика умумтаълим муассасаларининг 4-синф  битирувчилари орасидан қобилиятли ва иқтидорли болалар қабул қилинади. Ҳар бир Президент мактаб-интернатига қабулнинг биринчи йилида талабгорлар истисно тариқасида 6-10-синфларга ҳам танлаб олинади. 

Мазкур муассасаларда 5-синфдан 11-синфгача 7 та параллел мавжуд бўлади. Ҳар қайси параллел 12 ўқувчиси бўлган 2 тадан синфдан ташкил топади.

Қайси фанлар бўйича имтиҳон ўтказилади?

Имтиҳон қуйидагилардан иборат:

- ахборотни таҳлил қилиш ва қиёслаш қобилиятига оид топшириқлар;

- мантиқ элементлари мавжуд математик масалалар;

- инглиз тилини билиш тести.

Имтиҳон ўзбек тилида (Қорақалпоғистонда қорақалпоқ тилида) ўтказилади.

Инглиз тилини билиш 9-10-синфларга киришда ҳал қилувчи роль ўйнайди. 5-8-синфларга киришда инглиз тилини билиш учун тест синовлари талабгорларнинг салоҳиятини баҳолашга хизмат қилади.

Имтиҳонлар якуни бўйича энг юқори балл тўплаганлар ўқишга қабул қилинади.

Н.ХЎЖАЕВ тайёрлади.

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!