Меню

Қашқадарё

31.08.2022 5685

Президент қарори ижроси: Китобда маънавият маскани иш бошлади

Мамлакатимиз мустақиллигининг 31 йиллиги муносабати билан вилоятимизда кўплаб кўркам ва замонавий объектлар фойдаланишга топширилмоқда. Шулардан бири Китоб туманидаги маънавият масканидир.

Айтиш ўринли, Президент раислигида 2021 йил 19 январь куни ўтказилган маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш, бу борада давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигини кучайтириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилишида ҳудудлар марказида намунавий лойиҳа асосида маънавият ва маърифат масканларини барпо этиш юзасидан кўрсатма берилган эди. 2021 йил 26 мартдаги қарор асосида эса 2021-2023 йилларда барпо этиладиган масканлар манзилли рўйхати тасдиқланди. Шунга асосан Китоб туманида ҳам янги маънавият маскани иш бошлади.

Айтиш ўринли, мазкур бинода 2017 йилда Мажбурий ижро бюроси туман бўлими жойлашган эди. Бўлим ходимлари янги бинога кўчгач, бу ерда таъмирлаш ишлари олиб борилди ва қисқа фурсатларда замонавий ва барча қулайликларга эга маънавият маскани барпо этилди.

Масканда раҳбар ва мутахассислар хоналари, 70 ўринли мажлислар зали, кутухона ҳамда “Китоб овози” газетаси таҳририяти жойлашган. Барча хоналар замонавий жиҳозлар, компьютерлар, китоблар жамланмалари билан жиҳозланган.

Эътиборли жиҳати, қурилиш-таъмирлаш ишлари ҳомийлик маблағлари ҳисобидан бажарилди.

Айни пайтда бу ерда турли танловлар, маънавий-маърифий тадбирлар, ижодий учрашувлар, китоб тақдимотлари ўтказиш учун барча шароит муҳайё. Мингга яқин китоб фондига эга мўъжаз кутубхона китобхонлар ихтиёрида.

Маънавият маскани очилиш маросими Республика маънавият ва маърифат маркази Қашқадарё вилояти бўлими раҳбари Лола Саодатова, Китоб тумани ҳокими Ўктам Пардаев, нуронийлар, ёшлар, зиёлилар, кенг жамоатчилик иштирокида ўтди. Йиғилганлар фаолиятдаги қулайлик янада ғайрат, шижоат билан ишлашга ундашини таъкидлашди.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!