Меню
Қашқадарё
ПРЕМЬЕРАЛАР МАВСУМИ ҲАЛИ ОЛДИНДА
Бугун - Халқаро театр куни
Халқаро театр куни 1961 йил Халқаро театр институтининг IX конгрессида белгиланган ва ҳар йили 27 март санаси тинчлик ва дўстликни мустаҳкамлаш ҳамда бутун дунё театрларининг ижодий фаолияти ҳамкорлигини кенгайтириш мақсадида нишонлаб келинади.
Ҳар йили ушбу кунда юртимиз, хусусан, вилоятимиз театрларида ҳам премьералар авж оларди. Афсуски, бу йил коронавирус пандемияси сабаб кўп киши тўпланадиган тадбирлар қаторида спектакллар намойиши ҳам тўхтаб турибди. Бироқ бу ижод жараёни тўхтади, дегани эмас.
Жорий йилнинг 22-25 февраль кунлари Туркиянинг Истанбул шаҳрида бўлиб ўтган Евроосиё халқлари театрлари ассоциацияси кенгаши йиғилишида вилоят мусиқали драма театри директори ҳам иштирок этган эди. Ушбу йиғилишда вилоят мусиқали драма театрида 5 йилда 5 давлатдан (Туркия, Грузия, Озарбайжон, Украина, Кипр) режиссёрлар ўзларининг мамлакатда шуҳрат қозонган, халқаро фестивалларда совриндор бўлган спектаклларини саҳналаштириши, Туркия жумҳурияти, Истанбул-Малтепа ҳокимлиги ва Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ўртасида маданий алоқаларни ривожлантириш каби муҳим лойиҳалар учун шартномалар тайёрланди.
- Халқаро театр куни нафақат касб байрами, балки миллионлаб томошабинлар учун ҳам катта тантана ҳамдир, - дейди вилоят мусиқали драма театри директори Ўткир Маҳматқулов. - Бу йил ушбу тантана сал кечикадиган бўлди. Албатта, юртимизда коронавирус инфекциясига чек қўйилгач, премьераларимиз давом этади. Март ойини "Брут ёхуд Юлий Цезарнинг ўлими" ҳамда "Тўй" спектакллари билан бошладик. Йил давомида турли қизиқарли саҳна асарларини томошабинлар эътиборига ҳавола этамиз.
НАСРИДДИН