Меню

Қашқадарё

25.09.2018 2276

ПОРА ВА “ЧОРА”

Бошлиқ шу масалани муҳокама қилиш учун фавқулодда мажлис чақирди.

Мажлисдан чиққанлардан сўрашди:

– Хўш, “коррупция – ёмон иллат, шу жирканч иш бизнинг идорамизга ярашадими, қани инсоф, қани маънавият?”, дедими бошлиқ?

– Йўқ, – деди ходимлардан бири. – Бизнинг бошлиқ ундай майдалаб ўтирадиган одам эмас.

– Унда нима деди?

– “Эҳтиёт бўлинглар”, деди...                             

ИСТИҲОЛА

Кўзларини юмди...

Қўллари қалтираб, пулни стол устига қўйди.

– Қанча? – деди маҳалла раиси кўзойнаги устидан чақчайиб.

– Айтганингиз – уч юз минг, – чайналди у елкасини қисиб.

– Бўпти, боравер, бу ойдан нафақа оласан, – раис пулни олиб, ғаладонга ташлади.

Ҳаммаси бир зумда рўй берди. Хонага тўрт киши отилиб кирди. Улардан бири раисга нималардир деди, Шодиқул қулоқлари шанғиллагани боис яхши эшитмади, иккинчиси ғаладонга ёпишди... Бир зумда раиснинг қўлларини орқага қилиб олиб чиқишди.

Эшик ёнида кўзлари тўқнашди. Раиснинг нигоҳларида таъна чақнади. Шодиқул меровланиб, худди айбдордек кўзини олиб қочди...

– Кимда ишингиз бор эди? Ариза бермоқчимисиз?

Шодиқул эшик олдидаги навбатчи ходимнинг саволидан чўчиб тушди. Ҳа, хаёл анчагина обқочипти.

– Йўқ, ўзим... шунчаки... бировни кутиб... – ғўлдираб қолди. Сўнг ортига тисарилиб, тез-тез юриб кетди.

Департамент биноси истироҳат боғига туташ эди. Бир четдаги ўриндиққа бориб ўтирди. Назарида юрагининг дукиллаши атрофни ларзага келтираётгандай эди.

“Худо бир асради, – ўйлади кўксини ғижимлаб. – Элчилик, ариза берсам, қамалиб кетса, кейин болаларининг кўзига қандай қарардим?”

Кўз ўнгида ўзи билан бир кўчада яшайдиган раиснинг аравачага михланган ногирон ўғилчаси гавдаланди...

МАСАЛА

– Ая, – дея ўғли китобини кўтариб, сериал кўраётган онасининг олдига келди. – Масалам...

– Ўчириб тур, – ўғлини жеркиб солган она кўзларини экрандан узмасдан қулоқларига қистирилган телефонига шанғиллади: – Кўрдингми, Шаххи, тўғри қилди ёлғон   айтиб... айтувдим-ку буям эрига қасдма-қасд хиёнат қилади деб... Ажаб қилди...

Ўғил телефон титкилаётган отанинг тепасига борди:

– Дада...

Ота бошини ҳам кўтармасдан қўл силтади. Митти экранда куннинг энг муҳим воқеалари тасвирлари ўта бошлади: Японияда зилзила, АҚШда довул, Индонезияда вулқон, Афғонистонда портлаш...

Масала яна ечилмади.

Шундоққина қўшни хонада китобини улоқтириб ухлашга ётди – улғаяётган ёлғон... хиёнат... зилзила... вулқон... довул... бомба...

ҚЎШНИЛАР

– Бу хонадонда уч қиз бор. Ёшлари ўтиб бораяпти. Бироқ бу остонага ҳали     совчи йўламаган. Сабаби...

– Хўш-хўш?!

– Ҳар куни бу ҳовлидан жанжал шовқини эшитилиб туради. Дарвоза чошгоҳда ҳам очилмайди. Кўчага ҳафталаб супурги тегмайди. Қизлар ойна-тароқдан бўшамайди...

– Ҳиммм...

– Унга қўшни хонадонда ҳам уч қиз ўсаяпти.

– Хўш-хўш?!

– Учаласи ҳам университетда ўқишади. Бутун маҳалла яхши билади – учаласи ҳам одобли, устига-устак пазанда, қўли гул чевар... Хонадонда  ҳамма ёқ саранжом-саришта. Қўни-қўшнию маҳалладошлар қизларни мақтаб адоғига етишолмайди... Аммо...

– Хўш?

– Бу хонадон остонасидан ҳам совчи ҳатламаган. Ҳаливери ҳатламайдиям...

– Ие? Нимага?

– Қизлар... “контракт”га ўқишади...

“МУЖИК”

“Саттор такси” дейдилар бу одамни. Айтишларича, отасини миндирса ҳам пулини олмагунича қўймас экан.

Бир куни шеригим билан унинг машинасига чиқдик. Ҳамроҳим унинг синфдоши экан.

– Қани, узатиб қўйинглар, – саломдан кейинги одатдаги гапини такрорлади Саттор.

Мен узатдим. Ҳамроҳим эса менга қараб кўз қисдию, ҳайдовчига гап қотди:

– Менга қара, жўра, шу сафар мендан олмасанг-чи? Партадош синфдошинг бўлсам, қолаверса, ўзи шундоқ ҳам йўлинг шу томонга экан...

– Ие, буни жўрам, буни божам, десам, бола-чақамни қандай боқаман, – дийдиёсини бошлади Саттор.    – Кўрмаяпсанми, газ неччи пул... Узат-узат...

– Шу минг сўм билан бой бўпқоласанми? – ҳамроҳим аччиқланиб қўл силтади. Сўнг бир нарсани ўйладими, яна жилмайиб, синфдошига юзланди: – Менга қара, Саттор, бир марта айтгин: “Қўй, пулинг керакмас, ошна, оғайнигарчилигимиз қаерда қолади”, деб. Қўрқма, минг эмас, икки минг бераман...

– Қўй, бошимни оғритма. Мен шундай десам, сен индамай пул бермасдан тушиб кетасан-да...

– Йигит сўзим. Икки минг бераман. Қани айт, бошла...

– Айтолмайман, юрагим оғрийди...

– Сен икки мингни ўйла, оғримайди...

– Қўй, ошна, пулинг... – Саттор чайналиб қолди.

 – Хўш? Ҳа? Қани-қани?!

– Қўй, ошна, пулинг... керакмас... Тушиб кетавер...

Бу орада Саттор қора терга ботди. Ҳамроҳим иккимизнинг эса кулгидан ичагимиз узилаёзди.

– Гап йўқ сенга, ошна, – деди ҳамроҳим унинг елкасига шапатилаб. – Мана, икки минг...

Саттор пулни унинг қўлидан юлиб олдию,  рангига ранг кириб, ғўлдиради:

– Раҳмат-ей, ошна. Юрагим тўхтаб қолай деди. Аммо-лекин, “мужик” экансан...

ЗАМОНАВИЙ ЭРТАК

Шаҳарнинг марказий кўчаларидан бирида бир ҳолатга гувоҳ бўлдим. Худди эртаклардаги “Борса-келмас”, “Борса-хатар”, “Борса-келар” белгиларига ўхшайди.

Деярли ёнма-ён жойлашган дўконларнинг бирига “Ароқ-вино”, иккинчисига “Тунги клуб”, учинчисига “Китоблар” деб ёзилган экан...

 

“НУММИР ОДИН”

Ҳамкасблари уни ўртага олишди.

– Ўзингни йиғиштир-да, энди, – жиғибийрон бўлди ҳамхона ҳамкасб. – Кап-катта одам, уч боланинг отаси, шундай обрўли ишда ишлайсан... Бўлди, бу сафар отангга айтаман.

– Насиҳатингизни... ҳиқ... пишириб енг, – у қизариб кетган кўзларини зўрға очиб ғудранди, тиканак соқолли юзи қийшайиб кетди.  – “Пахан”... билан бирга ичамиз, ҳиқ... у “нуммир один” улфатим...

Нуриддин ЭГАМОВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!