Меню

Қашқадарё

22.07.2017 2052

Пора: БЕРСАНГ ЖАЗО МУҚАРРАР, ОЛСАНГ ҲАМ

Порахўрлик билан тўғридан-тўғри тўқнаш келмасангиз ҳам у сизга таъсир қилиши мумкин. Масалан, порахўрлик ривожланган жойда бизнесингизни юритолмайсиз, гарчи етук мутахассис бўлсангиз ҳам, мавқеингизга яраша иш бермасликлари, айнан сиз муносиб кўрилган жойга ўтолмай қолишингиз мумкин. Бундай ҳолатлар ҳуқуқбузарлик ва хизмат вазифаси билан боғлиқ бўлган жиноятларнинг кенг тарқалган кўринишларидан.

Порахўрлик давлат томонидан ижтимоий хизмат кўрсатиш учун ажратилган маблағлардан ўз ўрнида фойдаланмасликка олиб келади ва бу хизмат кўрсатиш сифатини ёмонлаштиради.

Порахўрлик пулдор ва мансабдорлар билан алоқаси яхши бўлган одамларга ишларни ўз манфаатига мослаб ҳал этишга шароит яратиб беради.

Порахўрлик ҳукуматга бўлган ишончга путур етказади. Бир сўз билан айтганда, у – жамият танасига тушган қурт.

Азалдан маълумки, ўз ғаразли мақсадига осон етишиш учун одамлар мавжуд қонун ва қоидаларни четлаб ўтишга ҳаракат қилишади, мансадбор шахсларга катта миқдорда пора бериш эвазига олдида турган тўсиқларни олиб ташламоқчи бўлишади ва бунга қайсидир маънода эришадилар ҳам. Хуфиёна тарзда бажариладиган бундай ишларни фош этиш эҳтимоллари кам. Чунки амалга ошаётган ишдан икки томон тенг маънода манфаатдор бўлгани учун қўл урилган ҳуқуқбузарлик ўртадаги сир бўлиб қолади.

Коррупцияга қарши халқаро миқёсда олиб борилаётган кураш усулларига назар ташлайдиган бўлсак, унда икки хил ҳолатнинг гувоҳи бўламиз. Айрим давлатларда, масалан, Тайванда фақат пора олувчини жазолашади, пора берувчи эса жазога тортилмайди. Чилида эса бунинг акси, яъни пора берувчи жиноий жавобгарликка тортилади. Пора олган кишига жазо йўқ. Грузияда эса ҳукумат амалдорлари вазифага тайинланганда ҳам, ундан бўшатилганда ҳам даромадлари ҳақида декларацияда кўрсатишлари шарт. Бундай тартиб бироз бўлса-да, мансабдорларнинг жиловини тортиб туради.

Жаҳон тажрибасидан маълумки, порахўрлик илдизига болта уришда кўнгиллилар, яъни жамиятнинг оғриқли бўғинлари бизнинг ҳам муаммомиз, дейдиган фуқароларнинг ёрдамисиз кўзланган натижага эришиш қийин кечади. АҚШда давлат органларига ёрдам берган фуқаролар яхшигина рағбатлантирилади ҳамда жиноятчилар таъқибидан ҳимоя қилинади.

Порахўрликни, порахўрларни жамиятдан таг-туги билан қўпориб ташлаш жуда қийин. Чунки бировларнинг ҳаққини кўзлаган, иши бошқалардан тезроқ ва осонроқ битишини истаб, пора берадиган одам борки, бу иллатни йўқотиш осон кечмайди. Порахўрлар ҳам шундай манфурлар сабабли пайдо бўлади.

Хитойда порахўрни умрбод қамоқ ёки ўлим жазоси кутиши аниқ. Йилига кўплаб давлат амалдорлари қатл қилинади, яна қанчаси қамоққа олинади. Бошқаларига ибрат бўлсин учун мансаб эгалари мажбурий равишда қамоқхоналарга экскурсияга олиб борилади. Бироқ, шунга қарамасдан порахўрлик давом этаверади.

Бизда ҳам кўча-кўйда, гап-гаштакларда пора бермасанг ишинг битмайди, деган гап-сўзлар қулоққа чалинади. Тан олиш керак, бугун порахўрлик ҳам қайсидир маънода айрим иқтисодий ёки ижтимоий муаммоларнинг ечими бўлиб келаяпти. Кўпчиликда таниш-билиш орқали, пул эвазига ишни битириш мумкин, деган тушунча мавжуд. Улар порахўрликни ҳаёт нормаси деб қабул қилади, пора ё бошқа нопок йўл билан амалга, илмга эришиш, битмаган ишларни битириш мумкин, деб қатъий ишонади ва “ҳожатбарор”ларга пора таклиф қилишни одатий ҳол, деб тушунишади.

- Порахўрлик бор жойда маънавият, маърифат завол топади, адолатсизлик ортади, - дейди Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вилоятдаги вакили Раҳматилло Усмонов. - Порахўрлик юртнинг, миллатнинг келажаги учун таҳдид, ривожи учун тўсиқдир. Динимизда ҳам порахўрлик қатъий ҳаром қилинган ва унинг турлари батафсил кўрсатиб берилган. Порахўрлик қанчалик одамларга оддий туюлмасин, у пул топишнинг жирканч усулларидан ҳисобланади, ҳаром саналади. Мусулмон киши порадан қаттиқ ҳазар қилиши фарз. Чунки, Расулуллоҳ (с.а.в.) порахўрни ҳам, пора берувчини ҳам лаънатлаганлар. Демакки, порахўр Аллоҳ таолонинг раҳматидан узоқ бўлган шахсдир.

Дарҳақиқат, порахўрлик – катта иллат. Мамлакатимизда ҳам мазкур муаммога қарши курашиш масаласига мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ жид­дий эътибор қаратиб келинаётир. Ўтган давр мобайнида коррупция ва жиноятчиликка қарши курашиш ҳамда унинг олдини олишга қаратилган мустаҳкам ҳуқуқий база ва тизимли амалиёт шакл­ланди. Жорий йилнинг 3 январь куни қабул қилинган “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонун эса бу борада яна бир муҳим қадам бўлди.

Хўш, нега бугун коррупция атамаси дунё миқёсида кўп ишлатилаяпти, унинг ижтимоий хавфлилик даражаси каттами?

- Коррупция лотинча сўз бўлиб, мазмунан кенг қамровли тушунча ҳисобланади, - дейди Коррупцияга қарши курашиш бўйича вилоят идоралараро комиссияси ишчи гуруҳи раҳбари, вилоят прокуратураси бўлим бошлиғи Рустам Норчаев. - Умумий жиҳатдан олиб қараганда, коррупция сиёсат ёки давлат бошқаруви соҳасидаги ижтимоий хавфли ҳодиса бўлиб, давлат функцияларини бажариш ваколатига эга бўлган шахсларнинг ноқонуний тарзда моддий ва   бошқа бойликлар, имтиёзларни олишда ўз мақоми ва у билан боғлиқ имкониятлардан фойдаланиши, шунингдек бу бойлик ва имтиёзларни жисмоний ёки юридик шахслар томонидан қонунга хилоф равишда эгаллашига имкон беришини англатади. Коррупциянинг субъектини мансабдор шахс, объектини эса унинг шахсий мақсадларига эришишда расмий ваколатлардан фойдаланиши билан боғлиқ муносабатлар, давлат органлари обрўси ташкил қилади.

Мамлакатимиз 2008 йил 7 июлда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Коррупцияга қарши конвенциясига қўшилган. Конвенцияда кўзда тутилган мақсадлардан асосийлари шуки, амалда коррупциянинг самарали олдини олишга ёрдамлашиш, бу борада халқаро ҳамкорлик ва техник ёрдамни рағбатлантириш, қўллаб-қувватлаш, енгиллаштириш, шу жумладан, молиявий маблағларни қайтариш, ижтимоий фаолият, ижтимоий мулкни бошқаришда ҳалоллик, поклик ва ростгўйликни рағбатлантириш ҳамда ёқлашдир. Коррупцияга қарши курашнинг мазкур механизми амалда кенг қўлланилмоқда. Бироқ, шунга қарамасдан, айрим мансабдор шахслар томонидан порахўрлик билан боғлиқ жиноятлар содир этилаётгани ачинарли ҳол.

Вилоятда фирибгарлик жиноятининг содир этилиши сабаблари таҳлили шуни кўрсатадики, айбдор шахслар асосан фуқароларни пора беришга қизиқтириб, ўқув юртига киритиш ёки ишга жойлаштириш, банк хизмати ёки тижорат фаолиятида ёрдам бериш, коммунал тўлов ёки бошқа қарзларни камайтириш каби “хизмат”ларни ваъда қилиб, уларнинг мулкий ҳуқуқини қўлга киритишга ҳаракат қилишган. Вилоят прокуратураси органлари томонидан 2016 йилда порахўрлик билан боғлиқ 81 нафар шахсга нисбатан 44 та, 2017 йилнинг ўтган 6 ойида эса 20 нафар шахсга нисбатан 16 та жиноят иши айблов хулосаси билан судга юборилган.

Ушбу ҳолатлардан кўриниб турибдики, мамлакатимизда коррупцияга қарши нормалар амалда қўлланилаётганига қарамасдан, айрим мансабдор шахслар томонидан порахўрликка оид жиноятлар содир этилаётгани бу борадаги тарғибот ишлари кўламининг таъсирчанлигини янада оширишни тақозо этади. Мансабдор шахслар, умуман, фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, уларда қонунга итоаткорликни кучайтириш масалалари ҳам коррупцияга қарши кураш механизмининг муҳим элементларидан бири бўлмоғи даркор.

Коррупцияга қарши курашни ёшларимизнинг онг ва тафаккуридан бошлаш энг тўғри йўл, деб ўйлайман. Чунки зиммасига юклатилган вазифага, ишончга хиёнат қилиб бўлмаслигини тушунган, порахўрлик ва коррупцияга, суиистеъмолчиликка қарши ўзида иммунитет ҳосил қилган ёшлар келажакда журъатли, виждонли инсон бўлиб етишади. Ҳаром луқма кулфат келтиришини тушунади. Бунда, айниқса, жамоатчилик назоратини кучайтириш ҳам муҳим ўрин тутади.

Маълумки, коррупциянинг асосий кўринишларидан бири пора олди-бердисида намоён бўлади. Бу жиноятнинг юзага келишида пора олаётган мансабдор шахс билан биргаликда, пора берувчи ва ўртада воситачилик қилувчининг ҳам ҳиссаси бор. Коррупцияга қарши курашиш тизими асосан мансабдор шахсларнинг пора олиш ҳолатларини аниқлашга қаратилган бўлиб, уларни пора олишга қизиқтирувчи,  воситачилик қилувчи ва бевосита пора берувчиларнинг кўп ҳолатларда жиноий жавобгарликдан қутулиб қолаётганлиги, ушбу тоифа жиноятларни камайтиришга қаратилган ишларнинг самарадорлигига салбий таъсир кўрсатарди. Мана шундай ҳолатлар эътиборга олиниб, 2014 йил 14 май куни қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида”ги Қонуни билан Жиноят кодексининг пора бериш ва пора олиш-беришда воситачилик қилиш учун жавобгарлик белгиланган 211-, 212-моддаларига ўзгартишлар киритилди. Бу билан пора берувчи ва пора олиш-беришда воситачилик қилувчи шахсларга нисбатан тайинланадиган жазо тури, миқдори ва муддатлари ўзгартирилиб, уларнинг жавобгарлиги пора олувчининг жавобгарлигига тенглаштирилди. Бунда, ўзига нисбатан пора сўраб товламачилик қилинган ёки пора олиш-беришда воситачилик қилган шахс, жиноий ҳаракатлар содир этилгандан кейин ўттиз сутка мобайнида ўз ихтиёри билан арз қилган ҳолларда, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 237-моддаси тартибида огоҳлантирилиб, чин кўнгилдан пушаймон бўлиб, жиноятни очишда фаол ёрдам берган тақдирда жавобгарликдан озод этилади.

Дарҳақиқат, порахўрлик учун жазонинг кучайтирилганлиги коррупцияга қарши курашнинг энг мақбул йўлларидан бири. Бироқ, таассуфки, бу қилмиш учун жазо қанча кучайтирилмасин, айрим юртдошларимиз унинг моҳиятини англаб етмайди – ўз билганидан қолмайди. Уларнинг фикрича, пора бермасангиз ишингиз битмайди. Мана шундай қарашнинг оқибати ўлароқ кимларгадир бевосита ёки билвосита пул бериб, уни ололмай сарсон бўлиб юрганларнинг борлиги ачинарли ҳол. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексига киритилган ўзгартишларга кўра, энди пора берган шахс ҳам жавобгар бўлади. Шу ерда савол туғилади: пора берган шахснинг иши битмай қолса-ю берган пулини ҳам ололмаса, унда нима қилади? Ўзаро олди-берди ҳодисасига 30 суткадан ошган. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга мурожаат қилай деса, ўзини ҳам жавобгар қилишади, пора сифатида берган пуллари эса давлат эгалигига ўтказилади. Шундайлар ҳам жавобгар бўлса, ҳам пулларидан айрилса, яхшиси, бош ёрилса, дўппи тагида, қабилида иш тутиб, индамай қўя қолганим дуруст, деган ўй-хаёлга бормайдими? Бу ҳолат айниқса фирибгарнинг фириби иш беришига, унга оид жиноят жабрланувчи томонидан ихтиёрий яширилишига хизмат қилиб қолмайдими?

Мутахассисларнинг фикрича, бу йўл билан порахўрликнинг пайини қирқиш бирмунча самарали кечади. Бир бора “оғзи куйган” киши, иккинчи марта шундай йўл тутишдан ўзини тияди. Бу тартиб аста-секинлик билан ижобий натижа беришига катта умид билдирилаяпти. Бунда фуқароларимизнинг ҳуқуқий билим савияси ҳам муҳим роль ўйнашини унутмаслик керак. Пора олган ҳам, берган ҳам, воситачилик қилган ҳам жавобгарликка тортилар экан, яхшиси, ҳар ишда, бажариш бироз қийин кечса ҳам тўғри йўлни танлаган афзал. Бу билан жамият ҳам, ўзингиз ҳам наф кўрасиз.  

Мусо МУРОДОВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!