Меню

Қашқадарё

18.10.2018 1928

“ПОКРИШКА”СИ ҚАЛИН ЭКАН...

Эсимда. 1967 йил Абдулла Қаҳҳор таваллудининг 60 йиллиги Алишер Навоий номли катта опера ва балет театрида тантанали нишонланди. Ёзувчини табриклаш учун жуда кўп меҳмонлар келди. Театрга фақат таклифномаси борлар киритилди, агар шундай қилинмаса, келган одамларнинг ҳаммаси залга сиғмасди. Биз, бўлғуси адабиётшуносларга ҳам таклифнома берилгани учун киришга қийналмадик (бу таклифнома ҳозиргача хотира сифатида сақланади). Президиумда Абдулла Қаҳҳорнинг ёнига хушрўй бир аёл келиб ўтирди. Биз у пайтлар ёзувчи шахсий ҳаётини унча билмасдик.

- Бу ким? – дедим ёнимдаги дугонамга юзланиб. У кифтини қисиб деди: -Билмадим, қизларимикан ёки...

Унинг гапи оғзида қолди, олдинги қаторда ўтирган ёши улуғ, кўзойнак таққан аёл бизга қараб: “Бу аёл Абдулла Қаҳҳорнинг умр йўлдоши Кибриёхон, у кишининг қизлари йўқ, фақат иккита ўғиллари бор”, деди.

Юқори курсларга ўтиб, ёзувчи ижоди ва ҳаёти билан чуқур танишиш асносида жуда кўп нарсаларни ўргандик ва бир нарсага ишондимки, ёзувчи асарларида маълум даражада унинг шахсияти ҳам акс этар экан.

Адибнинг биринчи - “Қишлоқ ҳукм остида” қиссаси 1932 йили чоп этилган. Кейин “Олам ёшарадир”, “Қотилнинг туғилиши”, “Қанотсиз читтак”,  “Мастон” каби тўпламлари нашрдан чиққан. 30-йилларда Абдулла Қаҳҳор ижодида биринчи романи – “Сароб” муҳим ўринни эгаллайди. Асарда бош қаҳрамон Саидийнинг фаолияти кўрсатилган, ўз навбатида унда 20-йиллар иккинчи ярмидаги ўзбек халқи ҳаётининг маиший, этнографик, иқтисодий ва маънавий манзаралари яққол акс этиб туради. “Сароб” кенг мавзули роман бўлгани учун ёзувчи ўзининг бадиий ниятини яланғоч ҳолда кўрсатмай, уни шу давр ҳаётининг бошқа манзаралари кўринишида реаллаштиришга уринган. Воқеалар тасвирида ҳаёт ҳақиқати сақлаб қолинган.

Абдулла Қаҳҳор ҳаётдаги икир-чикирларга ҳам катта эътибор берган. Шунинг учун унинг кичик ҳикояларида ҳам катта ҳаёт нафаси бор. “Тўйда аза” ҳикоясида ёш хотинга уйланиб, ёшлардай кийиниб, ёшлардай елиб-югурган кекса кишининг масхарали ҳолатга тушиши тасвирланади. Бу ҳикояни ўқир экансиз, ҳам кулгингиз қистайди, ҳам ачинасиз.

“Муҳаббат”да эса ёшларнинг пўлатдай мустаҳкам дўстлиги, икки қалбнинг оташин ҳиссиётлари, бу йўлдаги турли-туман тўсиқларни матонат билан енгиб, қаршиликларга учраганда чок-чокидан сўкилиб кетадиган севги эмас, балки ҳаёт гирдоблари тўлқинларида янада мустаҳкамланадиган муҳаббат мадҳ этилади. Шунингдек, қиссада ахлоқ-одоб, инсоний муҳаббат, маънавий поклик тарғиб қилинади, молпарастлик, худбинлик қораланади.

Ёзувчи ҳикояларининг муҳим хусусияти шундаки, уларда инсоннинг ички ҳолати тўғри тасаввур қилиниши билан бирга, руҳий ҳолати асар мазмуни билан боғланиб кетади. Абдулла Қаҳҳор жажжи ҳикояларида сатирик ва юморист сифатида ўз талантининг янги қиррасини намойиш қилди. У ёмонга ўз идеалини, давр нафасини қарши қўяди, асарлари мазмуни, характерлар моҳиятига кулги, масхарани сингдириб юбориш билан унинг жамиятдаги улкан кучини, ижобий характерини яққол кўрсатади.

Абдулла Қаҳҳорнинг ўзига хос хислатларидан яна бири талабчанлик эди. Фақат оилага эмас, ўзига, ижодкорларга нисбатан ҳам талабчан эди. Бирор асарни ёзиб тугатгани заҳоти нашриётга олиб бормасди. “Иморатнинг камчилиги битгандан кейин билинади деганларидек, асарнинг ҳам камчилиги ёзиб бўлгандан кейин билинади”, деб қўярдилар, дея хотирлайди Кибриё Қаҳҳорова. 

Абдулла Қаҳҳор жуда нозиктаъб инсон бўлганини умр йўлдоши шундай эслайди: “Бир танишимизникига меҳмонга бордик, манти келтириб қўйди. Абдулла Қаҳҳор вилкани мантига санчди ва қайтариб олиб, менга қараб: “Емайман, покришкаси қалин экан”, дедилар. Яна бир куни янги плашимни у кишига кийиб кўрсатдим. “Бўлмапти, бир қоп тарвузга ўхшаб қолибсиз” дедилар. Қайтиб плашни киймадим”.

Абдулла Қаҳҳор том маънода буюк ёзувчи эди. Бу буюкликка меҳнати билан эришганди. Хотираларда ёзилишича, кичик бир ҳикоясини қирқ марта қайта ёзган экан.

Абдулла Қаҳҳор ҳаётининг сўнгги кунларида шўро жамиятида шахсга сиғинишнинг авж олиши орқасида юз берган фожиаларни тасвирловчи “Зилзила” қиссаси устида иш олиб борди. Бироқ уни тугата олмаган. Улуғ санъаткор ёзувчимиз ижод булоғи қайнаб турган бир паллада оғир дард сабаб  дунёни тарк этди.

Ҳар гал Абдулла Қаҳҳор асарларини қўлимга олганимда, сочлари қордек оппоқ, оқ кўйлагининг енгларини шимариб олган, келишган инсон кўз олдимга келади. Уни худди шу қиёфада бир неча марта кўриш бахтига муяссар бўлганман. Биз талабаларга қарата “Қисқароқ гапиринг ва қисқароқ ёзинг, кўп гап ҳатто эшакка ҳам юк бўлади” деган таъкидлари ҳамон ёдимда...

Ҳа, қисқа, лўнда, аммо мазмунли ёзиш ва гапириш лозим, худди Абдулла Қаҳҳордек...

Бўстон РАҲМОНОВА

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!