Меню
Қашқадарё
ПОЙИНГДА БЕМИННАТ ТУПРОҚ - ВАТАН БОР...
Ватан - азиз, ҳимояси – муқаддас
Ватанни онага қиёслашади. Бу икки сўз ўртасидаги яқинлик бамисоли ажратиб бўлмайдиган қалб ва юракни ифодалаш кабидир. Туғиладиган ҳар бир гўдакнинг киндик қони тўкилган маскани, соғинч ва меҳр тафтини ҳис қила оладиган, бағрида эркин униб-ўсиб, камол топадиган ва бир дунё орзулар қуршовида улғаядиган, ҳимояси остида армондан холи, баъзан эркаланиб, рашки келадиган даражадаги қизғаниш ҳиссини ҳосил қиладиган барча туйғуларни - онага ҳам, Ватанга ҳам қиёслаш мумкин.
Аслида онаси ҳаёт инсонларнинг "Она" сўзига берадиган изоҳидан кўра таъсирли таъриф боши бир марта силанмаган, қалби унинг мулойим меҳрини туймаган, муҳаббатини ҳис қилмаган, бир марта бўлса ҳам, "она" деган сўзни айтишни истаган, онаси борларга ҳавас билан қарайдиган инсонлар қалбидан чиқадиган фиғонларида кўринади. "Ватан" деган тушунчага ҳам шундай фикр бера оламиз.
Буюк алломанинг шундай фикрларини ўқишимиз мумкин: "О Ватан, сен ҳар кимни қул қил, қаро қил, лекин эшикларда сиғинди қилма. Майли, шоҳман деганни тахтингга кўтарма, лекин муҳожирликни, мусофирликни, ундаги пўртанали ўрмонларда чўккан кўнгилларни кўтар... Кўнгил! Сен-да яшовчан бўл, умрзоқ бўл... Агар сени топтасалар, вайрон айласалар чидагил кўнгил, чунки сенинг пойингда беминнат тупроқ - Ватан бор..."
Ҳар қандай шоир шеър, байт, ғазал, битиклар битсин, бастакор ўз мусиқасида куйласин, ёзувчи қаламидаги сиёҳларини тўксин, аммо қалби Ватан соғинчини туймаган, эрки ва озодлигини орзу қилган инсонларнинг унсиз фарёди каби ифодалаш мушкулдир.
Иссиққина уйларидан, яшаётган маконларидан, ўз ота-оналари ва қариндош-уруғларидан йироқда бўлиб, Ватанининг бир қарич тупроғини муқаддас билиб, халқининг тинч ва осойишта ҳаёти давомийлигини таъминлаб, иссиқни иссиқ демай, совуқнинг қаҳратон кунларига бардош қилиб, ўз жонини хавф-хатарга қўйиб, Ватанимизнинг чегара сарҳадларида хизмат қилаётган ватандошларимиз сергак тортиб турганликлари сабаб, алҳамдулиллаҳ, бешикда ётган гўдакларимиз тинчгина ором олиб, фарзандларимиз эркинликда таълим олмоқдалар, ҳар биримиз севган ишимиз ва машғулотимиз билан шуғулланиб турибмиз.
Аслида Ватан меҳрини, унинг соғинчини туйишимиз учун йироқларда бўлишимиз шарт эмас. Дейлик, гўзал гўшамизнинг азим юксакликларидан бўлмиш Ҳазрати Султон тоғининг 2400 метр баландлигидан туриб, замин узра боққанингизда, табиатининг нақадар гўзаллигини кўриб, мусаффо, тоза ҳавосини туйганингизда, беихтиёр қалбингизда Ватанга нисбатан муҳаббат ва соғинч ҳисси пайдо бўлади. Бундай ҳис исталган жойда бўлиши табиий.
Аллоҳим барчамизнинг қалбларимизни она Ватанимиз ҳамда бир ҳаводан нафас олиб турган ватандошларимизга нисбатан эътиборли ва муҳаббатли қилдириб қўйсинки, токи ёмон назар билан қараган кимсаларнинг ёвуз ниятидан омонда сақланишни ўзидан сўрайлик. Ватанимиз тинчлиги ва осойишталиги бардавом бўлсин.
Нилуфар БЕРДИЕВА,
Китоб туманидаги Хожа Бухорий номли ўрта махсус ислом билим юрти ўқув-услубий бўлим бошлиғи
Собир НАРЗИЕВ олган сурат.