Меню

Қашқадарё

08.07.2017 2161

ПОЙАБЗАЛ ЦЕХИДАН ПЎЛАТ КОМПАНИЯСИГАЧА

МИЖОЗ ҚИДИРИБ, МУҲОЖИРЛИККА

Эндрю Карнеги 1835 йил 25 ноябрда Шотландиянинг Данфермлин қишлоғида туғилган. Уларнинг уйи отаси - Уильям Карнеги очган тикувчилик устахонаси учун ишхона ҳам эди. Оила XIX асрнинг 40-йилларигача тўкин яшади.

... Бироқ тўқувчилик саноати ривож топиб, ҳунарманд отанинг ишлари ортга кета бошлади ва 1848 йилда Уильям Карнеги мутлақо буюртмасиз қолди. Ташаббусни ўз қўлига олган оила бекаси пойабзалларга буюртма излай бошлади. Ўша йилнинг 17 майида Карнегилар АҚШга кўчиб ўтиб, Слэбтаун (Пенсильвания)даги кичик уйдан қўним топишди.

Дастлаб улар жуда қийналиб ҳаёт кечиришарди. Оилага ёрдам бериш мақсадида 13 ёшли Эндрю газмол фабрикасига ишга жойлашди. Шу ерда малака ошириб, оддий ёрдамчидан ҳафтасига икки доллар оладиган идора хизматчисига қадар ўсди. У ўшандаёқ кирим-чиқим, ордер ҳисоби бўйича сабоқ берувчи ҳисобчига қатнай бошлади. Айнан мазкур машғулотларда Эндрюнинг математикага нисбатан қобилияти очила борди. Бир тасодифий учрашув эса “Рейли” телеграф компаниясига ўтишига сабаб бўлди. Уч ой ичида учта ишни алмаштирган Эндрю Карнеги ўз иқтидори ва ҳалоллиги туфайли даромадини 2 доллардан 13 долларгача оширишга эришди. Кўп ўтмай, уларнинг оиласи яхшигина уй сотиб олди.

ТЕЛЕГРАФ ИДОРАСИДАН ТЕМИРЙЎЛ КОМПАНИЯСИ САРИ

Телеграф соҳасидаги фаолият Эндрюнинг шаҳардаги савдо-сотиқ ишларига алоқадор муассасалар ҳақида ахборот олишига ёрдам берди. У телеграфни мустақил равишда ўрганиб, бошқа ҳамкасбларидан яққол ажралиб турадиган бўлди. 1851 йилда унинг иш ҳақи ойига 25 долларни ташкил этарди. 

Яхши иш жойи ва яхшигина маошга эга Эндрю тасодифан “Пенсильвания” темир йўл компаниясининг ғарбий филиали бошлиғи ўринбосари Томас Скотт билан танишиб қолди. Ана шу учрашув унинг ҳаётини буткул ўзгартириб юборди. 1853 йилдан Эндрю Карнеги филиалда фаолият кўрсата бошлади.

Ўз ходимларини қадрлай биладиган Томас Скотт уни катта бизнес даврасига ҳам олиб кирди. 1856 йилда Скотт Эндрюга ўртага пул тикиб ҳамкорликда ишлашни таклиф қилди. Ўша замонда 610 долларлик маблағ каттагина миқдор бўлса-да, ҳамкорликни бошлаш учун Карнеги бу пулларни топа олди ва тез орада дастлабки дивидендларини қўлга киритди.

1859 йили Скотт “Пенсильвания” вице-президентига айланди, декабрь ойида эса у Карнегига иш ҳақи 1500 доллар бўлган ғарбий бўлим бошқарувчилигини олиб берди. Карнегини бу миқдор ҳаяжонга солгани йўқ, сабаби, бу вақтга келиб у ухлаб кетиладиган вагонларга тиккан сармоясидан мўмай даромад ола бошлаган эди. 1863 йилда Карнегининг умумий даромади 42 минг долларни ташкил қилди.

Даромаднинг ўсиши Карнегига дўстлари билан янги ферма ташкил қилишига ёрдам берди. Бунинг учун 40 минг доллар тўлаган  Эндрю Карнегининг ўн йилдан кейинги даромади йилига 1 миллион долларга айланди. Ферманинг умумий қиймати эса 5 миллион доллар эди. Кўп ўтмай Карнеги энг бадавлат инсонлардан бири сифатида тилга олинадиган бўлди.

Фабрикаларимни ўзимга қолдиринг-да, одамларни олиб қўйинг - тез орада цехларни ўт босади. Корхоналаримни олиб қўйингу, аммо одамларимни қолдиринг – яқин орада биз олдингиларидан ҳам яхшироқ фабрикаларни ишга туширамиз.

Эндрю КАРНЕГИ

МУВАФФАҚИЯТНИНГ ЮКСАК ЧЎҚҚИЛАРИ

1870 йилларга келиб, каттагина маблағ эгасига айланган Эндрю конвертер (эритилган чўян орқали ҳаво ўтказиб пўлат ҳосил қиладиган печ) ихтирочиси Генри Бессемор билан танишди.

Бу танишув уни пўлат ишлаб чиқаришга қизиқтириб қўйди ва темир ишлаб чиқаришга ихтисослашган заводларни сотиб олиб, уларни пўлат қуйиш заводларига айлантирди. Орадан 6 йил ўтиб, Карнеги 1 миллион доллар эвазига “Homestead Steel Works”ни сотиб олиш даражасига етди ҳамда мамлакатдаги темир ва пўлат ишлаб чиқаришнинг 25 фоизлик улушини қўлга киритди.

1875 йилда янги технологиялар асосида мамлакатдаги барча рельсларнинг 2,25 фоизини ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Эдгар Томсон пўлат заводи” очилди.

1900 йилда заводнинг мамлакат миқёсида рельслар ишлаб чиқаришдаги улуши 26,3 фоизга кўтарилди. Талаб эса янада ошиб борарди. Ўша йил бошида завод келтираётган даромад 18 600 доллар бўлса, йил сўнгига келиб бу рақам 40 миллионга кўтарилди.

БАРЧАСИНИ СОТИБ ЮБОРДИ

XX аср бошига келиб Карнеги жуда катта маблағ йиғиб улгурганди. Шунда у бу пулларни эзгу мақсадлар йўлида ишлатиш ва қолган умрини хайр-саховат ишларига бағишлашни мақсад қилди. Корхоналардаги ўз улушини сотмоқчи эканлигини айтди.

Эндрюнинг улушларига дастлабки харидор америкалик миллиардер Жон Рокфеллер бўлди. У Эндрюга 100 миллион доллар ва 1,5 миллион долларлик аванс таклиф қилди. Карнеги у билан битим тузишни рад этди ва бундан кўпроғига сотиш учун яна ақлини ишга солди. Унинг янги ғояси ҳам жуда айёрона ўйланган эди.

Энди Карнеги тўсатдан бизнесни тарк этмаслиги ва шимолда ўзининг темир йўли қурилишини бошлаши ҳақида эълон қилди.

Аслида Эндрю томонидан ўйлаб топилган бу сафсата яна бир магнат - Жон Морганга маъқул келмади. Эндрю ҳам шундай бўлишини сезганди. Агар Эндрю бу ишни бошласа, Морган рақобатда унга ютқазиб қўйиши эҳтимоли баланд эди. Шу боис у тинчгина Карнегининг улушини сотиб олиш ва шу тариқа унинг темир йўл қурилиши ҳақидаги режасини амалга оширмасликка қарор қилди ва Карнегига заводларини сотишни таклиф қилди. Бу сафар нарх 300 миллион долларга кўтарилди ва икковлон келишдилар.

ЭЗГУ ИШЛАР ЙЎЛИ

Заводлардаги улушидан буткул айрилган 1901 йил Карнеги учун бизнесдаги охирги йил бўлди. Шундан умрининг сўнгги лаҳзасигача у ўзини хайрия ишларига бахшида этди. Карнеги инсон ўз умрининг биринчи қисмини бойлик яратишга, иккинчи қисмини уни ишлатишга бағишлаши лозим, деб ҳисобларди. XX аср бошларида у тинчлик учун курашчига айланди.

1907 йили Карнеги Тинчлик жамиятини ташкил этди. 1,5 миллион доллар маблағ эвазига  Гаагада “Тинчлик саройи”ни барпо этди (бугун у ерда халқаро суд фаолият кўрсатмоқда).

Шунингдек, урушнинг олдини олиш мақсадида улкан пулларни сарфлади (шунга қарамай, афсуски, 1914 йилда барибир уруш бошланди).

Карнегининг хайрия борасидаги бошқа йирик фаолияти кутубхоналар билан боғлиқ. У ўсмирлигида кўп вақтини Жеймс Андерсоннинг Питтсбургдаги “Ишчи ёшлар учун бепул кутубхона”сида ўтказарди. Сабаби, маълумотидаги етишмовчиликлар ҳаётда олға силжишига монелик қиларди.

Карнеги 26 миллион доллар сарфлаб, ўз номи билан аталувчи 2811 та кутубхонага асос солди. Бугун мамлакатнинг 40 фоиз аҳолиси ушбу кутубхоналардан фойдаланмоқда.

Эндрю Карнеги концерт залларини барпо этишга ҳам пул сарфлади (Карнеги-холлнинг очилиш маросимида П.Чайковскийнинг ўзи дирижёрлик қилган). У томонидан талаба ва ўқитувчиларни қўллаб-қувватлаш учун илмий ва ўқув марказлари ташкил этилди: Питтсбургдаги Карнеги институти ва Карнеги технология институти 26 миллион, Вашингтондаги Карнеги институти эса 22 миллион доллар олди.

Карнеги хайрияси шу қадар кенг қамровли эдики, унинг соҳибининг ўлими арафасида улкан бойлик деярли ўн бараварга қисқарди.

Эндрю Карнеги 1919 йилнинг 11 августида ўз юртида - Шотландияда ҳаётдан кўз юмди.

 

Манбалар асосида ЖАҲОНГИР тайёрлади.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!