Меню
Қашқадарё
Поездни Альп тизмаси остидан 1200 километр/соат тезликда олиб ўтишмоқчи
Швейцария стартап (бирор бир ғояга асосланган ва ривожланиши учун молиялаштириш талаб этиладиган тижорий лойиҳа) асосида Альп тизмалари остидан ўтувчи вакуумли транспорт тизимини қуришни режалаштираяпти. Бунда поезд йўловчиларни 1200 километр/соатдан юқори тезликда манзилга элтиши назарда тутилган, дея хабар беради "Metro" нашри.
Бунда транспорт сифатида жуда паст босимли қувурда ҳаво ёстиқчаси орқали ҳаракатланувчи капсула (герметик беркитилган кабина)дан фойдаланиш ғояси илгари сурилган. Илк бор ХХ аср бошларида пайдо бўлган ушбу ғоя америкалик таниқли бизнесмен Илон Маскнинг 2013 йилдаги Hyperloop лойиҳаси доирасидаги ишланмасидан сўнг яна янгидан эътиборга тушди.
Швейцариянинг унча катта бўлмаган Swisspod технологик компанияси мамлакатнинг икки чеккаси, бир-биридан 250 километр масофада жойлашган Цюрих ва Женева шаҳарлари орасида юк ва йўловчиларни 17 дақиқада охирги манзилгача етказувчи вакуумли йўлни қуришни режа қилган.
Айни пайтда компания электромагнит тортиш кучининг паст босимли тоннелда капсулалар ҳаракатига таъсирини ўрганаётган Лозанна шаҳридаги Швейцария федерал технология институти ҳудудида унча катта бўлмаган тажриба йўлагини қураяпти. Компания раҳбари Денис Тудор сўзларига кўра, мамлакатнинг икки четини боғловчи вакуумли йўл бир неча йилдан сўнг ҳақиқатга айланиши мумкин.
Аввалроқ Virgin Hyperloop компанияси ичида йўловчилари бўлган вакуумли поезд синови муваффақиятли амалга оширилгани хабар қилинганди.