Меню

Қашқадарё

23.12.2017 1733

ПОЧТА ЖЎНАТМАСИДА ПИРОТЕХНИКА?!

Пиротехника воситалари билан боғлиқ қоидабузарликларни тартибга солиш ҳамда мамлакатимизга пиротехника воситаларини олиб кириш, ишлаб чиқариш, ташиш, сақлаш, сотиш ва улардан фойдаланиш соҳасида самарали давлат назоратини ўрнатиш, уларнинг ноқонуний айланишининг олдини олиш, пиротехника воситалари намойиш қилинадиган маданий-томоша ва бошқа тадбирларни ўтказишда хавфсизлик чора-тадбирларини кучайтириш, шунингдек, истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлаш мақсадида 2009 йил 10 декабрда Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон Республикаси ҳудудида пиротехника воситалари айланишини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори қабул қилинган.

Шу билан бирга, 2010 йил 22 сентябрдаги "Пиротехника буюмлари муомаласи тартибга солиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги қонун билан пиротехника буюмларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш, ташиш, жўнатиш, улардан фойдаланиш, худди шунингдек, уларни қонунга хилоф равишда Ўзбекистон   Республикасига олиб кириш (Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиш) ёки ўтказиш каби қонунбузарликлар учун Жиноят кодекси 2501-модда ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 1851-модда билан тўлдирилиб, қонунбузарларга нисбатан жазо чоралари кескин кучайтирилди.

Мазкур қонун билан яна бир тартиб жорий қилинди, яъни пиротехника буюмларини (ҳарбий мақсаддаги маҳсулотлардан   ташқари) яратиш, ишлаб чиқариш, ташиш, сақлаш, реализация қилиш, фойдаланиш, йўқ қилиш ва утилизация қилиш - амалга оширилиши учун лицензиялар талаб қилинадиган фаолият турлари рўйхатига киритилди.

Вилоят божхона бошқармаси ахборот хизматидан маълум қилинишича, бу борада тушунтириш-тарғибот ишлари мунтазам олиб борилишига қарамасдан ҳуқуқбузарлик ҳолатлари содир этилаётгани афсусланарли ҳолатдир.

Мисол учун, Нишон тумани ҳудудида жойлашган 154-сонли темир йўл разъездига келиб тўхтаган Москва-Душанбе йўналишидаги 320-сонли йўловчи поезди божхона назоратидан ўтказилганда, ушбу поезднинг 10-вагонида вагон кузатувчиси сифатида келаётган фуқаро Т.Н.га тегишли почта сифатида жўнатилган буюмлар орасида яширинча жойлаштирилган 50 дона пиротехника воситалари борлиги аниқланиб, белгиланган тартибда баённома тузилди.

Якунда мазкур ҳуқуқбузарлик ҳолати бўйича жиноят ишлари бўйича Нишон тумани судининг қарори билан фуқаро Т.Н.га нисбатан тегишли  жазо тайинланиб, ҳуқуқбузарлик ашёси ҳисобланган пиротехника воситалари белгиланган тартибда йўқ қилиниши таъминланди.

Шуни айтиш лозимки, яқинлашаётган қиш мавсуми,қолаверса, Янги йил байрами турли пиротехника воситаларисиз ҳам зўр ўтади. Улардан фойдаланмаслик содир бўлиши эҳтимоли бўлган кўплаб нохушликларнинг олдини олади. Бунда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари қаторида ҳар бир ота-она, маҳалла-кўй, таълим муассасалари мутасаддилари бирдек масъулдир.

 

Н.ХЎЖАЕВ 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!