Меню

Қашқадарё

19.05.2020 1605

ПЛЯЖ МАЙДОНИМИ, Ё ЎТПОЯ?

Ёдингизда бўлса,  Ўзбекистонда расмий мусобақа ўтказиш талабига жавоб берувчи ягона пляж майдони Қарши шаҳридаги "Геолог" спорт мажмуаси ҳудудида жойлашгани, бироқ бу ер қаровсиз экани, бир вақтлар мамлакат миқёсидаги чемпионатлар ўтказилган маскан айни пайтда хароб аҳволда қолаётгани, мутасаддилар ушбу масалага деярли эътибор қаратмагани нашримизда танқид қилинганди.

Хўш, орадан ўтган вақт ичида пляж футболи майдонида нима ўзгарди?

Ўтлар ўзгарди. Илгари бир қарич бўлиб ўсиб ётган ўт-ўлан энди икки-уч қарич бўй чўзди. Ва бу ернинг чимли майдондан, янаям аниқроғи, мол-қўй боқадиган ўтлоқдан айтарли фарқи қолмади.

Айтганча, аввал майдоннинг томошабинлар ўтирадиган қисми "томи кетиб қолганди". Ҳозир ўша том жойига қайтибди, холос.

Ваҳоланки, майдон ўз-ўзидан бино бўлгани йўқ эди. Ўн йиллар олдин пляж футболига қаратилган эътибор фонида ўнлаб юк машиналарида қум келтирилган ва бу қумлар сараланиб-эланиб майдонга тўшалган, томошабинлар учун ўриндиқлар, ҳакамлар ва футболчилар учун ечиниб-кийиниш хоналари, хуллас, хорижникидан қолишмайдиган бинойидек пляж футболи майдони барпо этилганди.

Энди эса мусобақа ўтказиш тугул майдонни шунчаки тартибга келтириш, республика миқёси нари турсин маҳаллий мусобақалар ўтказишга ҳатто ҳаракат қилинмаётгани кишини ҳайрон қолдиради. Балки бунга майдоннинг назардан четда, мажмуанинг бир чеккасида жойлашгани сабабдир.

Нима бўлганда ҳам камёб бир соҳани, унинг учун зарур майдонни бой бериб бораяпмиз...

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!