Меню

Қашқадарё

28.04.2016 2818

ПИРОЛИЗ: ЧИҚИНДИНИ ҚАЙТА ИШЛАШ ВА УНДАН УЧ ХИЛ КЎРИНИШДАГИ МАҲСУЛОТ ОЛИШ УСУЛИ

Олимларнинг хулосасига кўра одатда биз оддий ўчоқда ёқилган ўтиндан ажраладиган иссиқликнинг атиги 5 фоизидан фойдалана оламиз, холос. Қолган 95 фоизи ҳавога чиқиб кетади. Тандирда ҳам ёқилғининг фойдали иш коэффициенти 7 фоиз экан. Бу эса 93 фоиз энергия бесамар кетди, дегани. Агар тандиру ўчоқда ўтин сифатида фойдаланилаётган  хомашёга пиролиз усули ёрдамида ишлов берилса, бесамар кетадиган энергиядан деярли юз фоиз фойдаланиш имкони юзага келади.

Хўш, қандай қилиб? Пиролиз ўзи нима?

Пиролиз - бу органик чиқиндилар ва биомассани ҳавосиз муҳитда, яъни вакуум шароитида қиздириш орқали буғ-газга айлантириш, сўнг совитиш йўли билан газ ҳамда суюқлик ҳосил қилиш усули ҳисобланади. Бунда ҳосил бўлган суюқ, газ ва қаттиқ ёқилғилар эса биоёқилғи деб аталади. Бошқача қилиб айтганда, чиқиндиларни қайта ишлаш орқали пиролиз гази, сунъий керосин ва кўмир олиш мумкин.

- Пиролиз биомассаси, яъни хомашёсига чорва моллари гўнги, турли дарахт ва ўсимлик чиқиндилари, ғўзапоя, ёввойи дала ўтлари, полиз маҳсулотлари, кунгабоқар  поялари, барча пластмасса, полимер ҳамда резина чиқиндилари киради, - дейди Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти проректори Ғулом Узоқов. – Жаҳон тажрибасида мазкур усул билан муқобил энергия ресурсларини яратиш кенг миқёсда қўлланади. Энг муҳими, бизда ҳам пиролиз қурилмаларини яратиб, ундан ёқилғи маҳсулотларини олиш имконияти мавжуд. Бунинг учун хомашё ҳам етарли. Биргина мисол, республикамизнинг пахта экиладиган ҳудудларида ҳар йили 4-6 миллион тоннагача ғўзапоя қолади ва ундан 2 миллиард куб метргача метан гази олиш мумкин.

Маълумки, биогаз олишнинг анъанавий усулида танланган хомашё махсус қурилмада камида 10 кун бижғиш жараёнидан ўтиши керак. Пиролиз усулида эса жуда қисқа вақтда, яъни 3 ёки 3,5 соат ичида чиқиндига термик-кимёвий ишлов бериш орқали суюқ, газсимон ва қаттиқ ёқилғи олинади.

Пиролиз усулида ёқилғи олиш ва чиқиндиларни қайта ишлаш мамлакатимиз саноатида янгилик. Европа қитъасида эса бугун энергиянинг 10-15 фоизи чиқиндиларни қайта ишлаш орқали олинади.

- Бу борада олимлар ва тадқиқотчилар билан биргаликда самарали лойиҳалар устида изланишлар олиб борилмоқда, - дейди Ғулом Узоқов. – Хусусан, институтимизда пиролиз технологиясига асосланган пиролиз қурилмаларининг тажриба нусхалари яратилган бўлиб, уларда тажриба ҳамда синов ишлари олиб борилаяпти. Дастлабки тажрибалар шуни кўрсатдики, 100 килограмм ғўзапоядан 50-54 фоиз (50-54 килограмм) суюқ, 25 фоиз газсимон (биогаз) ва 20-25 фоиз (20-25 килограмм) ёғоч кўмири каби муқобил ёқилғи олиш мумкин.

Буни қарангки, атрофимизда пиролиз учун хомашё етарлича топилади. Қоғоз, картон, пластмасса каби чиқиндилар ҳозир кўп учрайди. Бироқ уларни қайта ишлаб, турмуш учун зарур бўлган ёқилғи маҳсулотлари олиш мумкинлигини кўпчилик ўйлаб кўрмаган бўлса ҳам керак. Масалан, биргина яроқсиз бўлиб қолган автотранспорт шиналарини олайлик. Тадқиқотчиларнинг айтишича, пиролиз усули билан бир тонна шинадан 150 килограмм пирогаз (220 куб метр), 440 килограмм сунъий ёқилғи ва 450 килограмм сунъий кўмир олиш мумкин.

Лекин масаланинг иккинчи томони ҳам борки, пиролиз жараёни  амалга ошиши учун, аввало бошланғич ёқилғи талаб этилади. Тадқиқотчи Фазлиддин Диёров пиролиз усули ёрдамида биогаз олиш жараёнини комбинацияланган ҳолда амалга ошириш самарали  эканини таъкидлайди.

- Пиролиз қурилмасидан чиққан конденсат газини иссиқлик алмашинув қурилмасидан ўтказамиз, - дейди у. – Сақланиб қолинган иссиқликни биореактордаги биомассани бижғитишга сарфлаймиз. Яъни иккала қурилмани комбинациялашган усулда ишлатиб, ёнилғи иқтисодига эришамиз. Биринчидан, бу орқали биогаз ҳосил қилишга кетадиган энергия тежалади. Иккинчидан, пиролиз қурилмасига бериладиган бошланғич иссиқлик биогаз ёрдамида ҳосил қилинса, иккала қурилма эҳтиёжи учун кетадиган ёнилғи ўзаро таъминланади.

Маълумки, кундалик турмушимизда фойдаланиб келинаётган энергия манбалари асосан кўмир, нефть, газ ва бошқа табиий ресурслар ҳисобига олинади ва ўз навбатида катта харажатлар эвазига ишлаб чиқарилади. Устига-устак, табиий қазилма бойликларнинг захиралари ҳам чегараланган. Шундай экан, чиқиндиларни қайта ишлаш ва буни янада такомиллаштириш ҳамда энг самарали усулларни ҳаётга татбиқ этиш бугуннинг муҳим ва долзарб масаласи. Зеро, чиқиндиларни қайта ишлаш натижасида биогаз, қаттиқ ёқилғи каби иккиламчи зарур маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши билан бирга экологик муҳит ҳам бирмунча яхшиланади.

Азизбек НОРОВ

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!