Меню

Қашқадарё

21.08.2018 1581

ПИНҲОНА ЭКИН ДАРОМАД ЭМАС, НАДОМАТ КЕЛТИРДИ

Шу боисдан ҳам бугун глобал муаммога айланган бу иллатга қарши бутун дунёда, шу жумладан, мамлакатимизда ҳам кескин кураш олиб борилмоқда. Доимий равишда назорат тадбирлари ўтказиб келинаяпти.

Бу тадбирларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари билан бир қаторда ёнғин хавфсизлиги хизмати ходимларига ҳам алоҳида вазифа юклатилган. Яқинда ўтказилган “Қорадори-2018” профилактик тадбирлари давомида ҳам соҳа мутахассислари фаол иштирок этди.

Хусусан, вилоятимиз ҳудудларида ўтказилган “Қорадори-2018” тадбирида гиёҳванд моддаларни ўстириш, сотиш билан боғлиқ кўплаб ҳолатлар фош этилди.

Мисол учун, Касби туманидаги Мустақилобод маҳалласида яшовчи Бахтиёр Ҳолиқов (исм-фамилиялари ўзгартирилган)нинг яшаш хонадони кўздан кечирилганда, у ўз ҳовлисида 107 тўп кўкнор гиёҳванд ўсимлигини парваришлаб келаётгани аниқланди. Ушбу тақиқланган экинлар ашёвий далил сифатида ҳужжатлаштириб олиниб, “деҳқон”га нисбатан жиноят иши очилди.

Шу ўринда таъкидлаб ўтишни истардимки, Бахтиёр Ҳолиқовнинг ёши бир жойга бориб қолган. Нафақаси тайин, бир нечта невара-чевараларнинг бобоси. Фарзандларига панду насиҳат қилиб, уларга тўғри йўл кўрсатиб, оиланинг ҳурмат-иззатида умргузаронлик қилиши керак бўлган отахоннинг кўкнор экиб, қўлга тушиб, суднинг қора курсисида ўтириши жуда ҳам ачинарли.

Шаҳрисабз туманида яшовчи Дилшод Собиров  ҳам катта оиланинг энг ёши улуғи. Ойма-ой белгиланган тарзда нафақа оладиган, ўғил-қизлари, келинлари хизматини қилаётган бу инсон ёши бир жойга борганда бел оғритмай пул топиб, бойиб кетишни истади шекилли, ўз ҳовлисининг кўздан пана жойига 223 туп кўкнор ва 10 туп наша гиёҳвандлик ўсимлигини экиб, парваришлай бошлади.

“Қорадори-2018” профилактика тадбирлари давомида Дилшод Собировнинг уйи кўздан кечирилганда, отахоннинг сири фош бўлди. Энди у ҳам қилмишига яраша жазо олиши тайин.

Ёки косонлик Ихтиёр Ҳамидовни олайлик. Кучи, шижоати бор, ақл-идроки жойида бўлган бу йигит ҳалол меҳнат қилса, ҳар қандай ишни уддалаши тайин эди. Бироқ у тезда бойиб кетмоқчи бўлиб, осон, аммо нотўғри йўлни танлади. Гиёҳванд моддалар савдосига бош қўшди.

Ихтиёр Ҳамидов Нишон тумани ҳудудида икки нафар фуқарога олдиндан келишувга асосан 1 килограмм 382,9 грамм “марихуана” гиёҳванд моддасини 8 миллион сўмга сотаётган вақтида қўлга олинди ва тегишли тартибда жиноий жавобгарликка тортилди.

Ҳа, нафс ҳукмига бўйсуниб, эгри ишга қўл урган юқоридаги каби кимсалар бунинг ўрнига ҳалол меҳнат қилиб, тўғри йўлдан юрганида, бугун оиласи бағрида, фарзандлари ардоғида умргузаронлик қилаётган бўлиши ҳам мумкин эди. Афсуски, улар бу қисматга ўзини ўзи рўбарў қилди.

Нодир ХИДИРОВ,

вилоят ИИБ ёнғин хавфсизлиги бошқармаси  бош  мутахассиси, лейтенант

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!