Меню

Қашқадарё

26.04.2019 1948

ПЕНСИЯГА ЧИҚИШГА СТАЖ ЕТМАСА...

- Бугунги кунда фуқаролардан "Иш стажим йўқ, нима қилишим керак?" қабилидаги саволлар кўп тушмоқда. Маълумки, пенсия - бу ижтимоий нафақа эмас, у жамғармага қўшган улуши орқали ўзининг ҳаққини тўлаб бориш дегани. Яъни ҳар бир инсон кексаликда пенсия олиши учун ёшликдан улуш киритиб бориши керак.

2018 йил 26 апрелда Президентнинг "Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори қабул қилинди. Унга кўра, 4 сотихдан кам бўлмаган томорқа ерида банд бўлган ёки ушбу участкада қорамол ёхуд 50 бошдан кам бўлмаган парранда боқаётган жисмоний шахслар паспорт билан бирга маҳалла фуқаролар йиғинидан ҳақиқатдан ҳам томорқа хўжалигида бирор иш билан шуғулланаётгани ҳақидаги маълумотномани олиб, ҳудудий давлат солиқ инспекциясига боради. Энг кам иш ҳақи миқдорида ягона ижтимоий тўлов тўлайди (202 минг 730 сўм) ва бир йиллик меҳнат стажига эга бўлади.

Шунингдек, агар кишига пенсияга чиқиши учун атиги 3 йил иш стажи етмай қолса, у ҳар бир етмаётган йил учун уч йил давомида энг кам иш ҳақи миқдорида тўловни амалга ошириб, зарур стажга эга бўлиши мумкин.

Хорижда ишлаётган, чет элга расмий ёки норасмий кетган фуқаролар эса энг кам иш ҳақининг 4,5 баравари миқдорида, яъни 912 минг 285 сўм тўловни амалга оширсалар, йиллик стажга эга бўлади.

Бу Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 22 февралдаги қарори 1-иловасига мувофиқ Чет элда ишлаётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳамда иш вақтини ҳисобга олиб бўлмайдиган шахсларнинг айрим тоифалари томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига ягона ижтимоий тўловни тўлаш тартиби, шунингдек уларга пенсия ҳисоблаш учун олинадиган иш стажини ва иш ҳақи миқдорини ҳисобга олиш тартиби тўғрисидаги низом билан тасдиқланган.

Агар фуқаролар чет элда 4-5 ёки ундан кўп муддат  мобайнида ишлаган бўлсалар ҳам, қайтиб келиб бадалларни тўлагач, ўтган давр учун иш стажларини ҳисобга қўйдиришлари мумкин. Чет элда ишлаётган фуқароларнинг иш стажини белгилаб берувчи ягона ижтимоий тўловни Пенсия жамғармасига Ўзбекистонда яшаётган яқин қариндошлар орқали ҳам тўлаш мумкин.

Ҳозирда Пенсия жамғармаси ва Давлат солиқ қўмитаси ўртасида электрон маълумот алмашинуви йўлга қўйилган бўлиб, фуқаро тўлаган ягона ижтимоий тўлов ҳисоби электрон тарзда юритилади.

Шоҳиста БОЗОРОВА ёзиб олди.

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!