Меню
Қашқадарё
ПЕНСИОНЕР ҲАМШИРА ИШГА ТИКЛАНИБ, ХИЗМАТ ВАЗИФАСИНИ ДАВОМ ЭТТИРМОҚДА
“Qashqadaryo” газетасининг сайти – qashqadaryogz.uz да “Бош врач ҳамшира пенсия ёшига тўлганини баҳона қилиб, уни ишдан бўшатиб юборди” сарлавҳали хабар эълон қилинган эди. Унда Шаҳрисабз тумани адлия бўлимига фуқаро Г.Ш. ариза билан мурожаат қилиб, туман болалар шифохонаси бош шифокорининг буйруғига асосан у билан тузилган меҳнат шартномаси ноқонуний тартибда бекор қилингани ва ишга тикланишида амалий ёрдам беришни сўраганлиги, ҳолат юзасидан адлия бўлими томонидан ўрганиш ўтказилгани ҳақида сўз юритилган. Бу бўйича вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати ўз муносабатини баён қилди:
“Хабарда қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан туман адлия бўлими томонидан фуқаро манфаатини кўзлаб фуқаролик ишлари бўйича Шаҳрисабз туманлараро судига ишга тиклаш ва мажбурий прогул кунлари учун 9 миллион 575 минг сўм иш ҳақи ва 1 миллион сўм маънавий зарар ундириш тўғрисида даъво аризаси киритилган. Суд жараёни давомида томонлар ўзаро келишувга эришган ва Г.Ш. Шаҳрисабз тумани болалар шифохонаси бош шифокорининг 2020 йил 7 августдаги буйруғига асосан ҳамшира вазифасига ишга қабул қилинган.
Қўшимча равишда шуни маълум қиламизки, айни пайтда 55 ёшга тўлган фуқаро туман болалар шифохонасининг ўсмирлар бўлимида ҳамшира сифатида меҳнат фаолиятини давом эттирмоқда.
Юқоридаги нохуш ҳолат яна такрорланмаслиги учун тизимдаги мутасадди раҳбарлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 7 мартдаги қарорида 2019 йил 1 майдан аёлларнинг пенсия ёшига тўлганлиги ёки қонун ҳужжатларига мувофиқ ёшга доир давлат пенсиясини олиш ҳуқуқи вужудга келганлиги сабабли улар билан тузилган номуайян муддатли меҳнат шартномасини 60 ёшга тўлгунга қадар ёки муддатли меҳнат шартномасини муддати тугагунга қадар иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилиш тақиқланиши белгилаб қўйилганлиги, бу борада қарор талабларига риоя қилмаслик жавобгарликка сабаб бўлиши тўғрисида огоҳлантирилди”.