Меню

Қашқадарё

04.03.2017 2062

ПЕЧДА ҚИЗДИРИЛГАН МОТОРДАН ЎТ ЧИҚДИ

Бир фуқаронинг мол-мулки, саломатлигига жиддий зарар етказган ушбу ҳолатнинг аслида шунчаки эътиборсизлик, лоқайдлик оқибати экани ачинарлидир. Уй эгаси юк автомобилининг яхлаган моторини қиздириш учун қўлбола электр иситиш печидан фойдаланган ва жиҳозни бир муддат назоратсиз қолдирган. Машина мотори қаттиқ қизиши натижасида ёнғин келиб чиққан.

Таъкидлаш муҳимки, кундалик турмушда газ, иситиш печлари, электр энергиясидан доимий фойдаланамиз. Аммо ҳамма ҳам бу борада белгиланган қоидаларга амал қилавермайди.Айрим фуқароларнинг эътиборсизлиги, бефарқлиги оқибатида эса кўнгилсиз ҳолатлар юз бермоқда.

Нефть маҳсулотлари тез аланга олишини ҳаммамиз яхши биламиз. Уларни уй шароитида ёқиб ишлатиш мумкин эмас. Аммо Косон туманининг Пудина қишлоғида яшовчи А.Сулаймонова бунга беписанд қараган. Уйида ўрнатилган печдаги чўғни аланга олдириш мақсадида унинг устига нефть маҳсулоти (конденсат) сепган. Натижада кучли ёнғин чиқиб, ушбу фуқаро 12 февраль куни оғир даражадаги куйиш жароҳати билан туман шифохонасига етказилган.

Жорий йилнинг 17 февраль куни Деҳқон-обод тумани Бозортепа қишлоғидаги хонадонлардан бирида рўй берган ёнғинга ҳам уй соҳибларининг ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя этмагани сабаб бўлган. Хусусан, хонадондаги электр энергияси тармоғига уланган симлар талабга жавоб бермаслиги ҳамда яхши беркитилмагани натижасида қисқа туташув рўй бериб, ёнғин келиб чиққан. Оқибатда уйнинг бир қисми ҳамда жиҳозлар ёниб кетган.

Бундай ҳолатлар ҳар биримиз учун огоҳлик қўнғироғи бўлмоғи лозим. Зеро, “Олов – тилсиз ёв” деб бекорга айтишмаган. У бир аланга олдими, катта талафотларга сабаб бўлиши аниқ. Шу боис унинг олдини олиш, бу борада эътиборсизлик, бефарқликка йўл қўймаслик даркор.

Соҳибжон ВАЙИТОВ,

вилоят ИИБ ЁХБ катта муҳандиси, лейтенант

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!