Меню
Қашқадарё
ПАСТ
ПАСТ
Ойдан туриб ҳам ерни кўрса бўлар, аммо баландлашган сайин ранглар, жилолар хиралашиб бораверади ва Ер оддийгина шарга айланиб қолади.
Оёқ Ернинг устида турсагина ундаги ҳар бир гиёҳ, ҳар бир гулнинг ифорини ҳам, тиканини ҳам туйса бўлади.
БОҚИМАНДА
У аввалига бир қоп ун сўраб келди. Сўнг ундан хамир қориб, нон пишириб беришларини сўради...
Пишириб ҳам бердилар... Чайнаб, едириб ҳам қўйдилар...
...Сўнгра унинг қаймоқ егиси келди.
БАЛАНДЛИК
Кўрмаганнинг кўргани қурсин: уни сал баландга чиқаришганди, кўзини шира босди. Ўзидан бошқани одам ўрнида кўрмади. На каттани билди, на кичикни. Ҳаммани бирваракайига сенлашга ўтди.
Баландликка қойил: бир зумда кимнинг кимлигини кўрсатиб қўйди...
УВОЛ
У беш боласини ташлаб бошқа аёлга илакишиб кетганди, болаларининг уволи урди: умрбод тирноққа зор бўлиб яшади.
ОЛОМОН
У бир нарса айтди, қўшиқ деса тил куяди, демаса... Негаки, қўшиқ шеърдан бошланади.
Шеър деса сўзда на маъно бор, на матра, қора қутидан таралаётган садо эса мияга гурзидай урилгани урилган.
Энг ёмони, ўртада бир гуруҳ оломоннинг жазавага тушиб ўйнаётгани...
ТЎЙ
Бу тўйнинг овозаси қишлоқдан ўтиб шаҳаргача етди.
Дастурхонда нима қўйилганидан тортиб қанча ош дамланганигача, тўйга қанча одам келиб, қанча тўёна тушганигача гап бўлди.
...Шундоққина қўшни қишлоқда эса унинг тўшакда михланиб қолган қариндоши дорига пулни қаердан олишни билмай осмонга термулиб ётибди...
ҚАЙНОНА
Жувон шу кеча туни билан мижжа қоқмади. Боласи йиғлаб чиқди. Ҳали бешикка солди, ҳали ечди. Дам кўтарди, дам алла айтди, фойдаси бўлмади: гўдак йиғлайверди. Қорни дамладими, деб силаб қўйди. Қулоғи оғридими, деб ушлаб кўрди. Йўқ, аломатини сезмади. Эмизди, сув ичириб кўрди, бўлмади.
Тонгга яқин боланинг кўзи илинди. Жувон ҳам бошини ёстиққа қўйди-ю, тошдай қотди...
Қайнонасининг овози уни уйғотиб юборди. Ирғиб ўрнидан туриб, соатга қаради: 11. Хаёли қочиб кетди. Наҳотки, шунча кўп ухлаган бўлса? Наҳотки, кун тушга яқинлашган бўлса? Ахир бугун касбдошлари чақалоқни кўргани келишмоқчи эди-ку. Энди нима қилади? Қандай улгуради? Остонада эса қайнонаси бир қўлида офтобада сув, бир қўлида тоғорача, қараб турарди.
- Келин! Меҳмонларингиз келди, - деди у. - Боласини ухлатаяпти, дедим. Юзингизни ювиб, ташқарига чиқа қолинг.
- Ухлаб қолибман, аяжон. Уйғотмабсиз-да. Энди нима қиламан?
Қайнона ҳеч нарса демай кулиб қўйди.
Жувон қайнонаси олиб келган сувга юзини ювди. Апил-тапил артинди-да, ташқарига чиқди. Ҳамкасблари билан саломлашиб, уларни меҳмонхонага бошлади.
Хонага кириши билан жувон гулдай яшнаб кетди. Хонтахта устига дастурхон солинган, усти ноз-неъматлар билан тўла эди.
Жувон меҳмонлардан ҳол-аҳвол сўраган бўлди. Сўнг овқатга уннаш учун ошхонага кирди. Аммо овқат аллақачон тайёрланган, қозонда шўрва мил-мил қайнарди.
У қувониб кетди. Ҳамма ишни қайнонаси бажариб қўйганини, уйқудан қолган келинини аяб уйғотмаганини тушунди.
Меҳри товлаб кетди. Қайнонасини маҳкам қучоқлагиси, юзларини силагиси келди. Югуриб уйга кирса, қайнонаси бешик тебратиб ўтирибди. Унга қараб: "Раҳмат, раҳмат аяжон", деб айтолди, холос.
Аммо ана шу биргина сўзнинг замирида келин меҳрининг тафти, ҳарорати бор эди. Бу ҳарорат қайнонани иситиб юборди.
У меҳр бериб, меҳр олди.
Лола ЎРОҚОВА