Меню
Қашқадарё
"ПАСПОРТ СТОЛ"ДАГИЛАРНИНГ ХАТОСИ САБАБ ЖИНОЯТЧИГА АЙЛАНДИ
20 йилдан ошиқ "сохта" паспортдан фойдаланиб келган
1972 йилда Тожикистон Республикаси Исфара туманида туғилган Хамрохон Эсанова айни пайтда Қарши шаҳридаги Наво маҳалласида яшайди. Пешонасида шундай бўлиши битилган экан, жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар судининг 2013 йил 24 майдаги ҳукмига асосан унга нисбатан ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.
Маълумоти ўрта, ҳеч қаерда ишламайдиган ва 3 нафар фарзанднинг онаси бўлган бу аёл қандай жиноятга қўл урганди ўзи?
Суд ҳукмида айтилишича, Х.Эсанова 1992 йилда Тожикистон Республикаси Исфара тумани ИИБ томонидан берилган собиқ СССР фуқаролик паспортини 1993 йилда "Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида"ги Қонун 4-моддаси 1-бандига зид равишда Қарши шаҳрида доимий рўйхатга қўйдириб, расмий ҳужжатларни қалбакилаштирган.
Жиноий ҳаракатини давом эттириб, Исфара туманидан берилган никоҳ тузилганлиги ҳақидаги гувоҳномага асосан фамилиясини ўзгартирган, Қарши шаҳар ИИБ паспорт бўлинмасида ишлаган ходимлар билан ўзаро тил бириктириб, дастлаб собиқ иттифоқ, сўнг Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги паспортини олган (айтилишича, икки паспорт ҳам қалбаки) ва ундан 2013 йил январь ойига қадар фойдаланиб келган.
Бироқ...
Х.Эсанованинг ўзи судда фуқаролик паспортини қалбакилаштирмагани, паспорт бўлимида ишлайдиган ходимларни эса танимаслиги, улар билан жиноий тил бириктирмаганини маълум қилган.
Хўш, унда уни нега судлашдию, жазо қай сабабларга кўра тайинланди?
Аслида...
Дарҳақиқат, Х.Эсанова 1992 йилда Тожикистон Республикаси фуқароси С.Зокиров билан қонуний оила қуриб, эрининг фамилиясига ўтган. Бироқ орадан бир йил ўтиб, улар ажрашишган. Сўнг у Ўзбекистон Республикаси фуқароси Э.Эсанов билан Тожикистонда никоҳдан ўтишган, энди бу эрининг фамилиясини олган. Кейин Қарши шаҳрида яшай бошлашган.
Бу орада фарзандлар туғилган, ўзи ҳам бекор юрмаган, шу паспорт билан боғчада, ободонлаштириш бошқармасида фаррош бўлиб ишлаган. 1998 йилда собиқ иттифоқ паспортини Қарши шаҳар ИИБга тақдим этиб, Ўзбекистон Республикаси фуқаролик паспортини олган.
Бор гап шу.
Айблов қаердан пайдо бўлди?
Аслида Қарши шаҳар ИИБ томонидан 1998 йил 27 январда расмийлаштириб берилган фуқаролик паспорти Ички ишлар вазирининг 1993 йилдаги 120-сонли буйруғи талабларига зид бўлган. Бу ҳолатда "Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида"ги Қонун кучга кирган пайтгача республика ҳудудида Х.Эсанова доимий яшамаганлиги сабабли унга фуқаролиги бўлмаган шахсга бериладиган паспорт берилиши лозим эди. Шу асосда Х.Эсанова келгусида фуқаролик масаласида тегишли ҳужжатларни илова қилиб, доимий истиқомат қиладиган жойдаги ички ишлар органлари орқали Ўзбекистон Республикаси Президентига мурожаат қилиши мумкин бўларди.
Паспорт бўлинмаси ходими эътиборсизлиги билан фақатгина паспортнинг ўзига қаралиб, ҳужжатлар тўлиқ ўрганиб чиқилмагани оқибатида Х.Эсановага Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги паспорти расмийлаштириб берилган. Кейин шу хато бошқа хатоларни юзага келтирган. Паспорт қалбакига чиққан, содда бир аёл гўёки паспорт "стол"дагилар билан тил бириктириб, жиноятчига айланган-қўйган...
Қонунда эса...
1992 йил 2 июлдаги "Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида"ги Қонунга кўра, келиб чиқиши, ижтимоий ва мулкий ҳолатидан, ирқи ва миллатидан, жинси, маълумоти, тили, сиёсий қарашлари, диний эътиқоди, машғулотининг тури ва сажиясидан қатъи назар, ушбу қонун кучга кирган вақтда Ўзбекистон Республикасида доимий яшаб турган, бошқа давлатларнинг фуқаролари бўлмаган ҳамда Ўзбекистон Республикасининг фуқароси бўлиш истагини билдирган шахслар Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари бўлиши мумкин.
Қонуннинг 31-моддасида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва тегишли ваколатлар берилган унга бўйсунувчи идоралар:
1) Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи шахслардан Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги масалаларига оид аризаларни қабул қилиши;
2) Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги масалаларига доир аризани асослаш мақсадида келтирилган далил ва ҳужжатларни текшириши;
3) фуқаролик масалаларига доир аризани зарур ҳужжатлар билан бирга Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Фуқаролик масалалари бўйича Комиссияга йўллаши;
4) Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига мансублигини аниқлаши;
5) Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшовчи шахслар Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини йўқотган ҳолларни қайд этиши белгиланган.
Шундай экан...
Фуқаро томонидан паспорт олиш учун тақдим қилинган ҳужжатларнинг тўғрилигини текшириш ва у тақдим қилган ҳужжатлар асосида Ўзбекистон фуқаролиги паспортини бериш ҳолатини текшириб кўриш учун паспорт бўлинмаси жавобгар. Қарши шаҳар ИИБ паспорт бўлинмасининг масъул ходимлари томонидан Х.Эсановага Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги паспорти бериб юборилганлиги учун Х.Эсановани айблаб бўлмайди. Янаям аниқроғи Алининг ҳақини Валидан талаб қилиш ҳеч бир мантиққа тўғри келмайди.
Шундаям айбли саналадими?
Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддасига кўра, гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи иш қўзғатилган ва тергов ҳаракатлари ёки суд муҳокамаси ўтказилган иш бўйича жиноий ҳодиса юз бермаган бўлса; унинг қилмишида жиноят таркиби бўлмаса; унинг содир этилган жиноятга дахли бўлмаса, айбсиз деб топилади ва реабилитация этилиши лозим.
Юқорида кўрганингиздек, жиноят иши ҳужжатларида, Х.Эсановада расмий ҳужжатларни қалбакилаштириш ва ҳужжатнинг қалбаки эканини билгани ҳолда ундан фойдаланиш қасдининг мавжуд бўлганини тасдиқловчи бирор-бир далил мавжуд эмас ва жиноят таркибини ташкил қилувчи бундай белгиларнинг мавжуд бўлганини бугунги кунда суд терговида ҳам аниқлаш ёки тўплаш имкониятлари тугаган. Зеро, суд фақат суд мажлисида текширилган далилларга асосланиб ҳукм чиқаради.
Шунга мувофиқ, 2019 йил 11 январь куни жиноят ишлари бўйича вилоят суди кассация инстанциясида Хамрохон Эсанова оқланди. Ўз навбатида унга Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини олиш учун қонунда белгиланган тартибда доимий истиқомат жойидаги ички ишлар органлари орқали Ўзбекистон Республикасининг Президенти номига тегишли ҳужжатларни илова қилган ҳолда, ариза билан мурожаат қилиши мумкинлиги тушунтирилди.
Умуман олганда, адолат қарор топди, бир вақтлар йўл қўйилган хато тузатилди, бир инсон сарсон-саргардон бўлишининг олди олинди. Инсон ҳуқуқларини рўёбга чиқариш деб шунга айтилар балки.
Н.ХЎЖАЕВ