Меню
Қашқадарё
ПАРТИЯНИНГ ЭНГ ФАОЛ АЁЛЛАРИ АНИҚЛАНДИ
Мазкур кўрик-танлов мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамияти қуришда хотин-қизлар иштирокини таъминлаш, уларнинг қобилиятини рўёбга чиқаришга кўмаклашиш, партия сафидаги юксак сиёсий билим ва ташкилотчилик қобилиятига эга бўлган хотин-қизларни аниқлаб, рағбатлантириш мақсадида ҳар йили ўтказилиб келинади.
- Танловда иштирок этаётган аёлларимиз жамиятда ўзининг муносиб ўрни борлигини чуқур англайди, - дейди Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий кенгаши хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш бўлими мудири Гулшан Асатова. – Бу эса уларни янада шижоатлироқ бўлишга, мамлакатимизда кечаётган сиёсий-ижтимоий жараёнларда фаол иштирок этишга ундайди. Биз кўзлаган мақсад ҳам – шу.
Кўрик-танловнинг дастлабки шартида иштирокчилар ўзлари яшаб турган ҳудудда ишлаб чиқаришни ривожлантиришга қаратилган ва янги иш ўринлари яратиш имконини берувчи лойиҳаларини тақдим этишди. “Қонунларимиз ҳаётимиз асосидир”, “Сиёсий ҳозиржавоблик” каби шартларда эса уларнинг сиёсий-ҳуқуқий билимдонлиги синовдан ўтди.
Танлов якунига кўра, Косон туманидаги 94-мактаб ўқитувчиси Инобат Шомуродова 1-ўринга лойиқ деб топилди ва танловнинг март ойида бўлиб ўтиши режалаштирилган республика босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди. 2-3-ўринлар Китоб туманидаги 5-мактаб ўқитувчиси Холидахон Аҳмедова ҳамда Қарши компьютер технологиялари ва сервис коллежи ўқитувчиси Хуршида Тошеновага насиб этди. Бошқа қатнашчилар “Энг кучли тарғиботчи”, “Энг ташаббускор иштирокчи” каби номинациялар бўйича тақдирланди. Ғолибларга партия вилоят кенгашининг диплом ва эсдалик совғалари топширилди.
Х.ҚИЛИЧЕВА