Меню
Қашқадарё
ПАРЛАМЕНТИМИЗ ҲАҚИҚИЙ ДЕМОКРАТИЯ МАКТАБИГА АЙЛАНИШИ, ИСЛОҲОТЛАРНИНГ ТАШАББУСКОРИ ВА АСОСИЙ ИЖРОЧИСИ БЎЛИШИ КЕРАК
Ассалому алайкум, ҳурматли депутат ва сенаторлар!
Қадрли мажлис қатнашчилари!
Авваламбор, бугун сиз, азизлар билан, Олий Мажлис палаталари раҳбарлари, сиёсий партиялар ва Экологик ҳаракат вакиллари билан учрашиб турганимдан хурсанд эканимни билдириб, барчангизга ўзимнинг самимий ва эзгу тилакларимни изҳор этаман.
Мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида бундай таркиб ва мазмунда илк бор ўтказилаётган бу учрашув мен учун юксак шараф ва юксак масъулият, десам, айни ҳақиқатни айтган бўламан.
Бугун биз замон талабларидан келиб чиқиб, тараққиётимизни янги босқичга кўтариш йўлидан жадал илгарилаб бормоқдамиз.
Энг асосийси, жамият ҳаётининг барча соҳаларини янада эркинлаштириш ва ислоҳ қилиш жараёнлари изчил давом эттирилмоқда. Қайси соҳа ёки тармоқда бўлмасин, долзарб муаммолар аҳолимиз билан очиқ муҳокама қилиниб, уларнинг ечими топилмоқда. Барча қарорларимиз халқимизнинг фикр-мулоҳазалари ва мурожаатлари асосида қабул қилинмоқда.
Давлат ҳокимияти органлари, жумладан, иқтисодиёт, банк-молия соҳаси идоралари, коммунал хизмат, ички ишлар, ташқи ишлар, таълим-тарбия, соғлиқни сақлаш, суд-ҳуқуқ тизимининг парламент ва маҳаллий Кенгашларда ҳисобот ва ахборот бериш тартиби йўлга қўйилиб, халқ назорати амалда жорий этилмоқда.
Бундай ўта муҳим жараёнларда, ҳеч шубҳасиз, сиёсий партияларнинг вакиллари, ҳурматли депутат ва сенаторларнинг ўрни ва масъулияти нақадар беқиёс эканини, ўйлайманки, ҳаммамиз яхши тушунамиз. Биз миллий парламентимиз тимсолида, аввало, жамиятимизнинг ҳақиқий кўзгусини, одамларни ўз ортидан эргаштириб, эзгу мақсадлар сари бошлашга қодир бўлган катта бир кучни кўрамиз.
Муҳтарам дўстлар!
Мен ҳам кўп йиллар депутат бўлганман, шу сабабли ўз тажрибамдан яхши биламан - депутат бўлиш, халқ ишончини қозониш ва уни муносиб равишда оқлаш - бу осон эмас.
Бундай шараф ҳар кимга ҳам насиб этмайди. Депутат - фикри-зикри билан халққа энг яқин одам, доимо эл-юртнинг ташвиш ва муаммолари билан яшайдиган, катта билим ва тажрибага эга бўлган шахс.
Биз, ана шу ҳақиқатдан келиб чиққан ҳолда, кейинги пайтда кадрлар сиёсатида янги бир тажрибани қўллаяпмиз. Яъни ҳурматли депутат ва сенаторлар, партия вакиллари юксак ва масъулиятли лавозимларга тайинланмоқда. Уларга муҳим соҳалар ишониб топширилмоқда.
Қисқа давр ичида Олий Мажлис палаталарининг 20 нафардан зиёд вакиллари давлат ҳокимияти ва бошқаруви тизимидаги турли юқори вазифаларга ўтказилди.
Масалан, "Адолат" социал-демократик партияси фракцияси аъзоси А.Шодмонов соғлиқни сақлаш вазири, "Миллий тикланиш" демократик партияси аъзолари, сенатор Қ.Турсунов Навоий вилояти ҳокими, М.Ғафурова Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари, Ўзбекистон Либерал-демократик партияси аъзоси Б.Темирхонова Қорақалпоғистон Республикаси иқтисодий судининг раиси, Халқ демократик партияси раиси ўринбосари Р.Комилов Президентнинг Давлат маслаҳатчиси, Халқ демократик партияси фракцияси аъзоси Ё.Умаров Вазирлар Маҳкамаси департаменти мудири лавозимига тайинланди.
Шунингдек, маҳаллий Кенгашлар депутатларининг қарийб 200 нафардан ортиғи жойларда раҳбарлик лавозимларига ўтказилди.
Биз бу борадаги сиёсатимизни келгусида ҳам қатъий давом эттирамиз. Ўзининг ташкилотчилиги ва ташаббускорлиги, масъулияти билан халқ ишончини қозонган ҳар қайси парламент аъзоси ва партия вакили ҳеч қачон эътиборсиз қолмайди.
Айни пайтда бугун замоннинг ўзи барчамиздан, биринчи навбатда, сиёсий партияларнинг вакиллари, депутат ва сенаторлардан мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг нафақат иштирокчиси, балки ташаббускори ва асосий ижрочиси бўлишни, бошқаларга намуна кўрсатишни талаб этмоқда.
Бугунги учрашувимиздан асосий мақсад - бу борада эришган ютуқларимизни эътироф этган ҳолда, сизлар билан биргаликда ҳокимият вакиллик органлари, сиёсий партиялар ва Экологик ҳаракатнинг ўтган даврдаги фаолиятини ўзаро мулоқот шаклида, танқидий руҳда таҳлил қилиш, ислоҳотларни янада чуқурлаштириш йўлида олдимизда турган муҳим вазифаларни белгилаб олишдан иборат.
Шу нуқтаи назардан қараганда, аввало сиёсий партиялар фаолиятидаги айрим муаммо ва камчиликлар ҳақида сўз юритиш ўринли, деб ўйлайман.
Биринчидан, бугунги кунда сиёсий партиялар ўз электоратига берган ваъдаларини, сайловолди дастурларини тўла ва самарали бажармоқда, деб айтолмаймиз. Улар ҳанузгача мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида, фуқаролар онгида ўзининг мустаҳкам ўрнини эгаллай олмади.
Сиёсий партиялар ва Олий Мажлис Қонунчилик палатаси фаолиятида партия фракциялари томонидан устувор мақсад ва вазифаларни амалга оширишга қаратилган аниқ таклиф ва ташаббуслар деярли сезилмаяпти.
Масалан, Халқ демократик партияси ўзини пенсионерлар, кам таъминланган аҳоли қатламлари манфаатларининг ҳимоячиси сифатида намойиш этади. Лекин холисона айтадиган бўлсак, партия шу мақсад йўлида ҳақиқатан ҳам амалий иш олиб боряптими?
Партия пенсионерларнинг ҳаёт даражасини, уларнинг ижтимоий фаоллигини кучайтириш, давлат органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишдаги иштирокини қўллаб-қувватлаш борасида кўзга кўринадиган ташаббуслар билан чиқяптими?
Шу борада бир мисолга мурожаат қилайлик. Маълумки, пенсионерларнинг муайян бир қисмини ногиронлар ташкил этади. Лекин ҳозирги вақтда улар ўзини жамиятнинг тўлақонли аъзоси деб ҳис қилиши учун барча зарур шароитлар яратилмаган. Бу ҳақиқатни афсус билан тан олиш керак. Ногиронларни, айтайлик, протезлар, инвалидлар коляскалари билан таъминлаш, уларнинг турар-жой ва маъмурий биноларга кириб-чиқиши, метро ва автобуслардан бемалол фойдаланиши учун пандуслар ва платформалар қуриш каби масалаларда, умуман, ушбу социал тоифанинг талаб ва эҳтиёжлари, қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашда талайгина камчилик ва муаммолар борлиги сир эмас.
Шу борада ХДП қачон бирорта қонун ташаббускори бўлиб майдонга чиқди ва унинг ижроси устидан қандай назорат олиб борди? Ёки "Мурувват", "Саховат" ва "Меҳрибонлик" уйлари фаолиятини яхшилаш бўйича партия томонидан амалий ҳаракатлар бўляптими?
Яна бир муҳим масала - пенсионерларни дори-дармон билан таъминлашдаги муаммоларни ҳал этиш учун ушбу партия нима иш қилди?
Агар Халқ демократик партияси мана шу муҳим ижтимоий масалалар билан яқиндан шуғулланганида эди, ўйлайманки, Президентнинг Халқ қабулхоналарига аҳолининг кам таъминланган қатламларидан, аввало, пенсионерлардан кўплаб шикоят ва аризалар тушмаган бўларди.
"Миллий тикланиш" партиясини оладиган бўлсак, у миллий меросимиз ва қадриятларимизни тиклаш, уларни янада бойитиш билан бирга, туризм соҳасини ривожлантиришни ҳам ўз олдига вазифа қилиб қўйган. Аммо партия амалда бу соҳадаги қонунчиликни такомиллаштириш, мавжуд қонунларнинг ижросини назорат қилиш юзасидан етарлича фаоллик кўрсата олмаяпти.
Ҳолбуки, туризм соҳасини ривожлантириш йўлида қанча муаммолар, шу билан бирга, ҳали ишга солинмаган катта имкониятлар борлиги, бу тармоқ янги-янги иш ўринлари яратишда қандай муҳим манба эканини ортиқча изоҳлаб ўтиришнинг ҳожати йўқ.
Лекин ушбу партиядан сайланган депутатларимиз, мисол учун, аэропорт ёки вокзалларга, меҳмонхоналарга, божхона постларига бориб, туристлар учун қандай шароитлар яратилганини ўрганиб, мавжуд ҳолатни яхшилаш юзасидан амалий таклиф ва ташаббуслар билан чиқяптими?
Бошқа соҳаларда бўлгани каби туризм соҳасида ҳам энг катта муаммо - замонавий фикрлайдиган, ўз ишини, хорижий тилларни пухта биладиган малакали кадрлар етишмаслиги билан боғлиқ.
Ана шу долзарб муаммони ҳал қилиш мақсадида партия вакиллари қайси олий ўқув юртига, қайси коллежга бориб, туризм бўйича мутахассислар тайёрлаш жараёнлари билан, ўқув дастурлари билан қизиқяпти? Бунинг учун катта маблағ керак эмас-ку!
Биз кейинги вақтда туризм соҳасини ривожлантириш учун бир қатор муҳим қарорлар қабул қилдик. Жумладан, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ташкил этилди, ушбу соҳа тараққиётини жадаллаштириш учун қўшимча имконият ва имтиёзлар яратиб берилди. Лекин улар негадир ҳозирга қадар "Миллий тикланиш" партияси учун муҳокама объектига айланмади.
Яна бир муҳим масала - юртимиздаги тарихий обидаларни тиклаш ва таъмирлаш, буюк аждодларимизнинг қадамжоларини обод этиш бўйича олдимизда қанча-қанча вазифалар турибди.
Мана, ҳозирги пайтда Қашқадарёда Абу Муин Насафий, Тошкент шаҳрида Сузук ота, Наманган вилоятида Ибрат домла, Султон Увайс каби улуғ зотларнинг хотираларига атаб янги мажмуалар, миллий ўзлигимизни янада чуқурроқ англаш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш мақсадида Самарқандда Имом Бухорий номидаги халқаро илмий марказ, пойтахтимизда эса Ўзбекистондаги Ислом маданияти марказини барпо этиш бўйича жуда катта ишлар олиб борилмоқда.
Бу партия неча йиллардан буён тарихий ва маданий мерос масалалари билан шуғулланади. Лекин ҳақиқий тарихимизни тиклаш бўйича мактаблар ва олий ўқув юртларида олиб борилаётган ишлар, ўқув дастурларининг савиясини партия фаоллари ҳеч ўрганганми?
Сизларга маълум, биз яқинда Ўзбекистоннинг янги тарихини яратиш бўйича қарор қабул қилдик. Бу қарорни тайёрлаш жараёнида ушбу партиянинг роли, таклифи мутлақо сезилмагани, унинг вакиллари иштирок этмагани, албатта, одамни ҳайрон қолдиради.
Ваҳоланки, юқорида тилга олинган масалалар бўйича ташаббус айнан "Миллий тикланиш" партиясидан чиқиши керак эмасмиди? Нима учун бундай таклифлар фақат Президент томонидан билдирилиши керак?
Маълумки, "Адолат" социал-демократик партияси ижтимоий адолат, илм-фан, таълим-тарбия ва соғлиқни сақлаш соҳасида аҳоли манфаатларини ҳимоя қилиш шиори остида фаолият олиб боради.
Лекин партия ушбу соҳаларда, хусусан, жамиятимизда қонун ва адолат устуворлигини ёки аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш ва уни дори-дармон воситалари билан таъминлашни яхшилаш бўйича аниқ ташаббусларни нима учун ўз вақтида илгари сурмагани ачинарли ҳолдир.
Ҳозирги вақтда юртимизда илм-фан, таълим-тарбия соҳалари, жумладан, Фанлар академияси фаолиятини такомиллаштириш бўйича ўзгаришлар амалга оширилмоқда.
Лекин "Адолат" партияси вакиллари, уларнинг депутатлари, мисол учун, ёш олимлар билан бирон марта учрашиб, уларнинг дардини эшитиб, муаммоларини ечиш бўйича қандай амалий таклифлар берди? Минг афсуски, йўқ бундай таклиф.
Мана, бугунги кунда Кадрлар тайёрлаш миллий дастурини такомиллаштириш юзасидан жойларда турли-туман фикрлар, таклифлар билдириляпти. Лекин нима учун партия бу масалалар бўйича ўз фикри, ўз муносабатини баён этмаяпти?
Соғлиқни сақлаш, жамиятимизда қонун ва адолат устуворлигини таъминлаш, оилаларда, маҳаллаларда соғлом муҳитни мустаҳкамлаш бўйича кейинги пайтда қанча муҳим тадбирлар ўтказилмоқда, бу борада мутлақо янги тизим барпо этилмоқда. Сизлар ана шу масалалар бўйича бирорта фикр билдирдингизми?
Яқинда матбуотда Ўзбекистон судьялар ҳамжамиятининг мурожаати эълон қилинди.
Хўш, "Адолат" партиясининг бу масалага муносабати қандай - сайловчиларингиз, тарафдорларингиз сизлардан бу саволларга жавоб кутишга ҳақли.
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон Либерал-демократик партиясинингфаолиятини ҳам мамлакатимиздаги етакчи сиёсий куч сифатида фаол ва самарали, деб бўлмайди.
Президент сайловлари бўлиб ўтганига ҳам, мана, ҳадемай, бир йил тўлади. Лекин партиямиз ҳозирги пайтда янги ғоялар, янги ташаббус ва таклифларни ўртага қўяётгани йўқ.
Мана, биз Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси фаолиятини янгича асосда ташкил этиб, унинг раҳбарларини ҳам ўзгартирдик.
Мамлакатимизда тадбиркорлик ва хусусий мулкчиликни янада қўллаб-қувватлаш, бу соҳага янги-янги имтиёз ва преференциялар яратиб бериш бўйича улкан ишлар амалга оширилмоқда. Қанча эркин иқтисодий зоналар, қишлоқларда кичик саноат ҳудудлари ташкил этиляпти. Қишлоқ хўжалиги соҳасида биз учун янги бўлган тармоқ ва йўналишларга асос солинмоқда. Бу борада биз жуда оддий, жуда содда, лекин чуқур ҳаётий асосга эга бўлган бир принципга амал қиляпмиз.
Яъни фақат битта қишлоқ хўжалиги экинига қарам бўлиб қолмасдан, даромад, фойда нуқтаи назаридан ўзини оқламаган пахта майдонларини қисқартириб, уларнинг ўрнига нимаики даромад келтирса, нимаики экспортбоп бўлса, нимаики одамлар ҳаётини фаровон қиладиган бўлса, айни шу экинни экамиз.
Лекин бу ишларни изчил ва самарали амалга ошириш, уларнинг пировард натижасини таъминлаш учун барча масъулият ва жавобгарликни фақат ижро органларига ташлаб қўйиш ҳам тўғри бўлмайди. Бу масалаларда тадбиркор ва ишбилармонлар, фермерлар, хусусий мулк, жумладан, интеллектуал мулк эгаларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қиламан, деб майдонга чиққан Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг ўрни ва иштироки, амалий таъсири аниқ сезилиши зарур.
Мана, яқинда мамлакатимиз ёшлари ўз қурултойида янги ташкилот - Ўзбекистон ёшлар иттифоқини ташкил этди. Шу мажлисда ёшлар ҳаётига бевосита дахлдор бўлган кўпгина масалалар қаторида ёш тадбиркорларни қийнаётган қанча муаммолар ҳам ўртага қўйилди.
Нима учун Либерал-демократик партиямиз шу масалага ўз вақтида эътибор қаратиб, бу муаммоларни ҳукумат олдига, тегишли вазирлик ва идоралар олдига қўймади, деган савол, афсуски, жавобсиз қолмоқда.
Ҳолбуки, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш партиямизнинг асосий мақсади экани Дастур ва Низомда ёзиб қўйилган.
Ҳар қандай сиёсий партия замон билан ҳамнафас бўлиб, унинг ўткир талабларига жавоб берган тақдирдагина сиёсий куч сифатида яшай олади. Биз нафақат ЎзЛиДеП, балки барча партиялар мисолида ана шундай қудратли, сафарбар этувчи кучни кўришни истаймиз.
Кўриб турибсизлар, ҳозирги вақтда деярли ҳар куни мамлакатимиз тараққиётининг турли соҳалари бўйича камида 2-3 та қарор ёки фармон чиқарилмоқда. Албатта, буларнинг барчаси яхши ҳаётдан бўлаётгани йўқ, аксинча, кундалик турмушда муаммолар кўплиги ва уларни ҳал қилиш зарурати шуни тақозо этмоқда. Лекин аслида ҳаётимиздаги мана шундай энг муҳим ва долзарб масалалар бўйича сиз, депутатлар сифатли ва пухта қонунларни ўз вақтида қабул қилишингиз керак эмасми?
Мен турли йиғилишларда, биз икки йил давомида фавқулодда сафарбарлик ҳолатида ишлашимиз керак, деган фикрни доимо айтиб келяпман.
Лекин, афсуски, бу масала бўйича Олий Мажлис ва унинг раҳбарияти, хусусан, Қонунчилик палатаси Спикери Нурдинжон Мўйдинхонович Исмоилов, Сенат Раиси Ниғматилла Тўлқинович Йўлдошевнинг позицияси на уларнинг чиқишларида, на амалий ҳаракатларида сезиляпти.
Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, амалдаги қонунларимизда бир-бирига зид ўринлар ҳам йўқ эмас. Лекин бугун қайси бир партиянинг ташаббуси билан уларнинг шунчаси ўзгарди, деб айта оламиз?
Очиқ айтиш керак, сиёсий партияларда бу соҳада ҳалигача хотиржамлик, қандайдир мудраб ўтириш кайфияти ҳукм сурмоқда. Ҳеч кимга фойдаси бўлмаган мажлислар соатлаб давом этмоқда, танқидий таҳлил ўрнига майда масалалар билан ўралашиб, долзарб муаммоларнинг ечими четда қолиб кетмоқда.
Эътибор беринг, ҳар бир партиянинг дастурида вазифалар ва йўналишлар аниқ белгиланган. Ушбу соҳалар бўйича жавоб берадиган вазирлик ва давлат қўмиталари ҳам аниқ.
Аммо нима учун партиялар ана шу вазирлик ва қўмиталар фаолияти устидан ўзларининг вакиллик органларидаги фракцияси ва партия гуруҳлари орқали парламент ҳамда депутатлик назоратини самарали амалга оширмаяпти, деган савол туғилади.
Шу муносабат билан ҳар бир сиёсий партия ўз дастуридаги вазифалардан келиб чиқиб, назорат қиладиган вазирлик ва қўмиталарни аниқлаб олиши, улар билан тизимли ва доимий ишлаши фойдадан холи бўлмас эди.
Масалан, Халқ демократик партияси Бандлик ва меҳнат муносабатлари ҳамда Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирликлари, "Миллий тикланиш" партияси Маданият вазирлиги ва Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, "Адолат" партияси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус ҳамда Халқ таълими вазирликлари, ЎзЛиДеП Иқтисодиёт ва Молия вазирликлари, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Экоҳаракат Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг фаолияти устидан самарали парламент ва депутатлик назоратини олиб бориши, албатта, мақсадга мувофиқ бўлар эди-ку!
Агар шу таклифлар бўлганида, Ҳукумат (А.Арипов) депутатларимизга барча шароитларни яратиб берган бўларди.
Энг муҳими, бу жараёнда сиёсий партиялар ва Экоҳаракат иш фаолиятини тўғри ташкил қилиши керак. Назорат тадбирларини расмиятчилик учун ўтказиш, вазирлик ва қўмиталарга муаммони шунчаки кўрсатиб ўтиш, номига муҳокама қилиш, аксарият ҳолларда қоғозда қолиб кетаётган қарорлар қабул қилиш амалиётидан бутунлай воз кечиш зарур. Муаммо аниқландими, албатта, унинг ечимини топиш керак.
Бундай иш тизими ҳам сиёсий партияларнинг, ҳам вазирлик ва қўмиталарнинг асосий вазифалари ижросини таъминлашга, албатта, ёрдам беради.
Шунинг учун ҳам партияларнинг фракциялари вазирлик ва қўмиталар устидан, партияларнинг маҳаллий Кенгашлардаги гуруҳлари эса - вазирлик ва қўмиталарнинг жойлардаги бошқарма ва бўлимлари фаолияти устидан самарали парламент ва депутатлик назоратини ўрнатиши керак.
Ижро ҳокимияти идоралари фаолиятини назорат қилишда Президентнинг асосий кўмакчилари ким? Албатта, сиз, муҳтарам депутат ва сенаторлар. Сизлар менинг олдимга келиб, ижро ҳокимияти идораларининг камчилик ва нуқсонлари ҳақида асосли маълумотлар беришингиз, вазирлик ва идоралар фаолиятини такомиллаштириш бўйича масалани кўндаланг қўйишингиз, керак бўлса, вазир ва ҳокимларни лавозимдан бўшатишгача бўлган таклифларни киритишингиз лозим.
Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлигига сайловлардан кейин, мана, икки йилдан ортиқ вақт ўтди. Бироқ, сиёсий партиялар томонидан сайловлар жараёнида оммавий ахборот воситалари, хусусан, телевидение орқали берилган ваъдалар бажарилдими? Нима учун сиёсий партиялар фақат сайловлар пайтида фаоллашиб, кейин, таъбир жоиз бўлса, дами чиққан шардек бўшашиб қолади? Ахир улар овоз олиш учун халққа қанча-қанча ваъдалар бергани ҳақиқат-ку!
Маълумки, нодавлат нотижорат ташкилотлар орасида фақат сиёсий партиялар ҳокимият учун курашиш ҳуқуқига эга. Лекин шунга қарамасдан, улар ўртасида рақобат, фикрлар, позициялар хилма-хиллиги мутлақо сезилмаяпти.
Ҳолбуки, ҳар бир партиянинг дастури ва низоми бир-биридан фарқ қилади. Сизлар ўз позициянгизни қонуний асосда билдирсангиз, ҳимоя қилсангиз, қани, айтинг, бунга ким қарши бўлиши мумкин?
Демократия қаердан бошланади - парламентдан бошланади. "Парламент - демократия мактаби", деймиз. Шундай экан, миллий парламентимиз ҳақиқий демократия мактабига айланиши керак. Бу борада сиз, ҳурматли депутат ва сенаторлар барчага намуна бўлишингиз зарур. Чинакам баҳс-мунозара, принципиал тортишувлар аввало шу ерда - парламент минбарида бўлиши керак. Шундагина ҳар бир сиёсий партия, парламентдаги ҳар бир партия фракциясининг ҳақиқий қиёфаси ва позицияси аниқ намоён бўлади.
Ўйлайманки, ҳаммамиз бир ҳақиқатни яхши тушунамиз: сиёсий партияларнинг Қонунчилик палатасидаги фракциялари фаолиятини кучайтирмасак, қонун ижодкорлиги ва қабул қилинган қонунлар ижроси кутилган натижани бермайди.
Сизларга маълум, биз қонун ҳужжатларини жойларга етказиш ва ижросини таъминлаш бўйича қарор қабул қилган эдик. Мана, орадан 6 ойдан зиёд вақт ўтганига қарамасдан, афсуски, бу борадаги аҳвол ҳануз ижобий томонга жиддий ўзгаргани йўқ. Бу жараёнда сиёсий партияларнинг ўрни нима учун сезилмаяпти?
Шу ўринда яна бир муҳим масалага эътиборингизни қаратмоқчиман. Ҳозирги вақтда сиёсий партияларнинг бошқарув аппаратларида ишчанлик муҳити деярли кўзга ташланмаяпти.
Давлат бюджетидан ойлик олиб ишлаётган минглаб ходимлар, масалан, ЎзЛиДеПдаги 740 дан ортиқ, "Миллий тикланиш"даги қарийб 600 та, ХДПдаги салкам 450 та, "Адолат"даги 340 га яқин ходимнинг фаолиятини самарали, деб бўлмайди.
Айниқса, сиёсий партияларнинг жойларда, туман бўлимларида ишлаётган ходимларининг фаолияти қониқарсиз аҳволда. Улар кўп ҳолларда электорат билан тизимли мулоқот ўтказиш у ёқда турсин, ўзининг асосий вазифаси нимадан иборат эканини ҳам билмайди.
Бугунги кунда амалда фаолият кўрсатаётган тўртта сиёсий партияга расман жами бўлиб 1 миллион 150 мингга яқин фуқаро аъзо. Савол туғилади: уларнинг қанчаси партиянинг ғояси, мақсад ва вазифаларини чин юракдан ҳис қилади ва шу ғояни амалга ошириш учун курашга тайёр?
Сиёсий партиялар рақам ортидан қувиб, аъзолари сонини кўпайтириш бўйича мусобақа ўйнамоқда. Натижада турли хунук ҳолатларга йўл қўйилмоқда. Масалан, ҳудудий партия кенгаши ходимларининг мукофот пули ва ойлик иш ҳақи ҳисобидан аъзолик бадалларини тўлаш орқали аъзолар сонини сунъий равишда кўпайтириш фактлари, афсуски, оз эмас. Биз бундай ҳолатларнинг сабабларини ўрганиб, уларни бартараф этиш бўйича деярли иш олиб бормаяпмиз.
Бугун замоннинг ўзи сиёсий партияларнинг иш услубини тубдан ўзгартириш, уларнинг аҳоли, электорат билан мулоқотини тизимли йўлга қўйишни талаб этмоқда. Энди "мудраб ётган" сиёсий партиялар уйғониши лозим. Улар баландпарвоз гапларни четга суриб, аниқ амалий ишлар билан одамларимиз, сайловчилар ишончини қозониши, уларнинг қалбидан жой олиши керак.
Иккинчидан, сиёсий партияларнинг дастурларини доимий такомиллаштириб бориш ишлари талаб даражасида йўлга қўйилмаган.
Сизларга маълумки, ҳозирги вақтда мамлакатимизни 2017-2021 йилларда ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси изчил амалга оширилмоқда. Бу жараёнда биз 500 дан ортиқ фармон ва қарорлар қабул қилдик.
Ушбу муҳим ҳужжатларда сиёсий партиялар дастурларига киритилган ва улар томонидан сайлов жараёнларида кўтарилган долзарб муаммоларнинг ечими бўйича ҳам чоралар белгиланган. Лекин уларнинг ижросини таъминлашда сиёсий партиялар қанчалик фаоллик кўрсатмоқда? Афсуски, бу саволларга ижобий жавоб бериш қийин.
Шуни қайд этиш керакки, сиёсий партияларда аксарият ҳолларда ўткир ва оғир муаммоларнинг ечими устида ишлаш ўрнига, "озгина вақт ўтса, бу масала ўзи ҳал бўлади", "бу - Ҳукуматнинг иши", деган қарашлар, "сен - менга тегма, мен - сенга тегмайман", деган эскича кайфият ҳам йўқ эмас.
Бундай лоқайдлик, табиийки, шиддат билан ривожланиб бораётган бугунги замондан орқада қолишга олиб келади ва бунга мутлақо йўл қўйиб бўлмайди.
Шунинг учун ҳам сиёсий партиялар ўз дастурий мақсад ва вазифаларини, мафкуравий соҳадаги ишларини қайта кўриб чиқиб, уларга зарур ўзгартиш ва қўшимчалар киритиши, бунда жаҳон тажрибасини ўрганиш, халқаро ҳамкорликни кучайтириш фойдадан холи бўлмайди.
Учинчидан, сиёсий партияларнинг аҳоли билан мулоқоти, тарғибот-ташвиқот ишлари, оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлигини ҳам етарли, деб бўлмайди.
Ҳеч кимга сир эмас, бу борадаги ишлар кўпинча юзаки, хўжакўрсинга бўлиб, ҳаётдан анча узилиб қолган. Аҳолини, партия электоратини ташвишга солаётган долзарб муаммоларнинг амалий ечимини топишга қаратилган ишлар, афсуски, ниҳоятда кам.
Масалан, ЎзЛиДеПнинг Хоразм вилояти кенгашига келиб тушган 1 минг 250 дан ортиқ ариза ва шикоятларнинг атиги 84 таси бевосита вилоят кенгаши томонидан кўриб чиқилган бўлиб, қолган 1 минг 200 га яқин мурожаат эса Президентнинг Виртуал қабулхонасига юборилган.
Ана шу мурожаатларни таҳлил қиладиган бўлсак, уларнинг кўпчилик қисми тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларини бузиш, банк, солиқ органларининг қониқарсиз фаолияти билан боғлиқ экани аён бўлади.
Савол туғилади: тадбиркорлар ва ишбилармонлар партияси деб танилган ЎзЛиДеП нима учун бу масалалардан ўзини четга олмоқда?
Мавжуд тўртта партия газеталарининг савияси, "Ўзбекистон овози" газетасини истисно қилганда, талабга жавоб бермайди. Партия газеталарининг умумий сони бугунги кунда 60 мингга ҳам етмаслиги ҳаётдаги долзарб муаммолар ва уларнинг ечими бўйича аниқ таклифлар бу нашрларда ўз ифодасини топмаётганидан далолат беради.
Хусусий нашрлардан мисол келтирайлик. Масалан, биз одатда "кўнгилочар нашрлар" деб биладиган "Даракчи", "Тасвир", "Сўғдиёна" каби газеталар нафақат енгил-елпи гапларни, шу билан бирга, муҳим ҳаётий масалаларни, айтайлик, коммунал хизмат, бозорлардаги нарх-наво, тиббиёт, транспорт масаласи, тадбиркорлик билан боғлиқ муаммоларни ҳам атрофлича ёритаётгани учун тиражи ошиб бормоқда. Нима учун партия нашрлари бу масалаларда улар билан рақобат қила олмаяпти?
Сиёсий партиялар раҳбарларининг электоратни ўйлантираётган муҳим масалалар бўйича телевидение орқали аниқ-равшан ўз позициясини билдирганини ҳам эслай олмаймиз.
Нима, партия раҳбарлари матбуотда чиқишдан қўрқадими? Ёки халқ билан мулоқот қилишнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини англаб етмайдиларми?
Сайловолди дастурларида белгиланган вазифаларни амалга ошириш, электорат манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича қандай ишлар қилинаётгани ҳақида сиёсий партия фракциялари раҳбарлари ҳар чоракда оммавий ахборот воситалари, жумладан, телевидение орқали ахборот бериб боришларини таъминлайдиган аниқ тизим жорий этиш лозим. Бу борада янги ташкил этилган "Тараққиёт стратегияси" маркази ва Халқаро пресс-клуб имкониятларидан самарали фойдаланиш зарур.
Айниқса, марказда ва жойлардаги телеканаллар парламент ва маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари ишини, хусусан, қонун лойиҳалари бўйича муҳокама жараёнларини, парламент назоратига оид тадбирларни, фракциялар ўртасида бўлаётган баҳс-мунозараларни, "жонли" тарзда, керак бўлса, тўғридан-тўғри халқимизга етказиши лозим.
Биз телевидение орқали фақат 10-15 та депутат ва сенаторни кўрамиз, холос. Уларнинг 85 фоизи "ойнаи жаҳон"да деярли кўринмайди. Депутат ва сенаторлар халқ вакиллари бўлганидан кейин доимо халқ олдида чиқиши, одамлар уларни таниши, олиб бораётган ишларидан хабардор бўлиши керак эмасми?
Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси (Х.Мирзоҳидов)га икки ой муддатда Олий Мажлис раҳбарияти билан биргаликда тегишли чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш вазифаси топширилади.
Тўртинчидан, сиёсий партияларнинг ёшлар ўртасида олиб бораётган ишлари, партиялар қошида ташкил этилган "Ёшлар қанотлари"нинг фаолиятини, афсуски, қониқарли, деб бўлмайди. Ваҳоланки, бугун мамлакатимизда яшаётган 10 миллиондан ортиқ ёшлар ҳаётида қанчадан-қанча ечилмаган ижтимоий муаммолар борлигини барчангиз яқинда бўлиб ўтган ёшлар қурултойида яққол кўрдингиз.
Ўзингиз айтинг, қайси сиёсий партия ёшлар билан яқиндан, бевосита иш олиб боряпти? Уларнинг дарду ташвишларини ечишга интиляпти? Партияларнинг бу борада аниқ чора-тадбирлар режаси, керак бўлса, стратегияси борми? Бор бўлса, нега натижаси кўзга ташланмаяпти?
Ҳозирги ахборот асрида бирорта сиёсий партиянинг Интернет сайтида ёшлар билан интерактив алоқа тизими йўлга қўйилмаган. Партиянинг сайтига кирган ёшлар ўзига керакли саволларга жавоб топа олмайди. Бу аҳволда партиялар ёшлар ўртасида қандай ўрин ва таъсирга эга бўлиши мумкин?
Ҳолбуки, сиёсий партиялар аввало истиқболли ёш раҳбарларни тайёрлаш мактаби бўлиши лозим.
Партиялар фуқароларимиз, айниқса, ёшларимизнинг ғоявий, мафкуравий эҳтиёжларини қондириши шарт. Агар партиялар бунга эришолмаса, бу бўшлиқни ғараз ниятли кучлар тўлдиришга ҳаракат қилиши шубҳасиз. Айрим ҳолларда тўлдиряпти ҳам - буни яширишнинг ҳожати йўқ.
Мен истардимки, Ёшлар иттифоқи қурултойида тилга олинган устувор масалаларни ҳар бир партия алоҳида ўрганиб, тегишли йўналиш бўйича ўз вазифаларини аниқ белгилаб олса, бу фақат фойда бўлади. Айниқса, чет эллардаги ёшлар билан ишлаш масаласи ҳақида гапирадиган бўлсак, афсуски, Олий Мажлис палаталари ҳам, сиёсий партиялар ҳам бу масаланинг яқинига ҳам келгани йўқ.
Ҳолбуки, хорижий мамлакатларда юрган ёшлар ҳам ўзимизнинг фарзандларимиз, Ўзбекистон фуқароси эканини барчамиз, авваламбор, депутатлар унутмаслиги керак.
Яна бир муҳим масала - сиёсий партиялар уюшмаган, яъни ишламайдиган, ўқимайдиган, тайин бир машғулотга эга бўлмаган ёшларга умуман эътибор қаратмаяпти. Бу борада партиялар туман ҳокимларининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосарлари, янги тузилган Ўзбекистон ёшлар иттифоқи билан яқиндан ҳамкорликни йўлга қўйиши бугунги кун талабидир.
Айниқса, талаба ва ўқувчи ёшларда сиёсий билимларни ошириш, ватанпарварлик ҳиссини кучайтиришда вакиллик органлари имкониятларини тўлиқ ишга солишимиз зарур.
Бунинг учун халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси биносига йигит-қизларимиз эркин кириб чиқадиган муҳит ва шароит яратишимиз зарур. Токи ёшлар қонун қабул қилиш жараёнларидан бошлаб партиялар ўртасида рақобат бўладиган мажлис ва тортишувларни ўз кўзи билан кўрсин, депутатлар билан мулоқот қилсин. Демократия мактабини фақат китобдан эмас, балки мана шундай жонли муҳитдан ўргансин. Шундагина уларда сиёсий тафаккур, баҳс маданияти шаклланади. Бу борада Германия, Дания, Финляндия каби ривожланган давлатлар тажрибасидан фойдаланиш ўринлидир.
Бешинчидан, кадрлар билан ишлаш борасидаги муаммолар ҳам сиёсий партиялар фаолиятига жиддий таъсир кўрсатмоқда.
Кадрлар захирасини шакллантириш ва уларнинг малакасини ошириш, партиянинг муносиб фаолларини давлат хизматига тавсия этиш ишлари талаб даражасида ташкил этилмаган. Сиёсий партияларга кадрлар қаердан келмоқда, уларнинг билими, савияси, тажрибаси, жамоатчилик ўртасидаги обрўси қандай? Буни ким ўрганмоқда, ким бунга баҳо бермоқда? Афсуски, ҳеч ким.
Партияларнинг эртанги тақдири нима бўлади, деган савол уларнинг раҳбариятини мутлақо безовта қилмаётганини кўпгина мисолларда кўриш, кузатиш қийин эмас.
Ўтган йили барча сиёсий партиялар ходимлари аттестациядан ўтказилди.
Маълумотларга кўра, улардан 200 нафари билим ва тажрибаси етарли эмаслиги сабабли аттестациядан ўта олмаган ва ишдан озод этилган. Бундан ташқари, 284 нафар ходим аттестациядан шартли равишда ўтган, 28 нафари эса қуйи лавозимларга ўтказилган.
Мана шу рақамларнинг ўзи партияларда кадрлар билан ишлаш масаласининг ҳақиқий аҳволини кўрсатади.
Сиёсий партияларнинг қониқарсиз фаолияти кўп ҳолларда марказий ва маҳаллий партия ташкилотларининг айрим раҳбарлари ўртасидаги номақбул хатти-ҳаракатлар билан боғлиқ.
"Партия етакчиси" деган номга доғ тушириш, ўз хизмат вазифасини суиистеъмол қилиш, молиявий жиноятларга қўл уриш, маиший бузуқлик, тамагирлик, ўз шахсий манфаатини, ўз бизнесини устун қўйиш каби ҳолатлар мавжудлиги ҳақида етарли маълумотлар бор.
Қанчалик оғир бўлмасин, шу борада баъзи бир мисолларга мурожаат қилишга тўғри келади. ЎзЛиДеПнинг Андижон вилояти кенгашининг собиқ раиси З.Жумабоев партия ташкилотига раҳбарлик қилишдан ўзини четга олиб, ишни ўз ҳолига ташлаб қўйган. Асосий ишни олиб борган унинг биринчи ўринбосари А.Мамажонов эса вилоят кенгаши девонида номаъқул, айтиш мумкинки, шармандали муҳит вужудга келишига сабаб бўлган. Ўйлайманки, гап нима ҳақида бораётганини, кўпчилигингиз яхши тушунасиз.
ХДПнинг Тошкент вилояти кенгашининг собиқ раиси С.Агзамов ташкилот балансида бўлган товар-моддий бойликларни сотиш, турли хил баҳоналар билан қўл остидаги ходимлардан пул йиғиш каби ишлар билан шуғулланиб юрган.
"Адолат" социал-демократик партиясининг Бухоро вилояти кенгаши раиси А.Турсунов ўз фаолиятида хунук салбий ҳолатларга йўл қўйиб, ўз обрўсини йўқотган, кенгаш фаолияти ўз ҳолига ташлаб қўйилган.
Бундай мисолларни, афсуски, аксарият вилоят ва туманлардаги партиялар кенгашлари фаолиятидан ҳам келтириш мумкин.
Ушбу ҳолатларнинг кўпчилиги бўйича ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан жиноят ишлари очилган бўлиб, айбдорлар қонун олдида жавоб берган ва жавоб бермоқда. Лекин улар аввало ўз виждони олдида, партиядошлари олдида жавоб бериши керак эмасми?
Шу муносабат билан ана шундай ҳар қайси салбий воқеага нисбатан партиялар раҳбарияти томонидан принципиал ва қатъий баҳо берилиши зарур.
Биз партиялар сафини билимли, ташкилотчи ва ватанпарвар ёш кадрлар билан тўлдиришимиз лозим. Сиёсий партиялар ходимлари партия ишида тобланиши, шундан сўнг давлат органлари ва ҳокимликлар тизимидаги турли лавозимларга, жумладан, депутатлик лавозимларига асосий захира бўлишлари даркор. Бу партияда ишлаш учун асосий омил ва рағбат бўлиб хизмат қилиши керак.
Шу ўринда яна бир жиддий масалага эътиборингизни қаратмоқчиман. Бизда ҳокимлар маълум бир сиёсий партия аъзоси ҳисобланади. Лекин улар ҳоким бўлганидан кейин ўзи аъзо бўлган партия билан умуман алоқани узиб қўяди.
Бу борада бир таклифни илгари сурмоқчиман: туман ёки шаҳар ҳокими номзодини вилоят ҳокими томонидан тегишли маҳаллий Кенгашларда ҳар бир партия гуруҳи билан маслаҳатлашув ўтказилганидан сўнг тегишли сессияда тасдиқлаш тартибини жорий этсак, нима дейсизлар?
Сизларга маълумки, бундай тартиб ҳозирги вақтда вилоят миқёсида мавжуд. Аммо у фақат қоғозда бор-у, амалда, афсуски, ишламаяпти.
Биз энди ана шу қонуний механизмни маҳаллий Кенгашларнинг барча босқичида самарали ишга соламиз. Агар бирорта номзод партия гуруҳлари муҳокамасидан ўтмаса, у ҳоким лавозимига тайинланмайди.
Айтиш керакки, ҳоким лавозимига номзод сиёсий партиялар томонидан тақдим этилган кадрлар орасидан танлаб олинади, яъни ҳоким муайян сиёсий партиядан бўлади. Бунинг учун ҳар бир сиёсий партияда ҳокимликка номзодлар бўйича кадрлар захирасини шакллантириш мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Айни пайтда маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳларига тегишлича туман ёки шаҳар ҳокимлари, шунингдек, маҳаллий ижро органлари раҳбарларининг қониқарсиз фаолияти ҳақида хулосаларни вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларига тақдим этиш ҳуқуқини ҳам бериш керак, деб ҳисоблайман. Бу борада ҳар бир сиёсий партия гуруҳи ўз хулосасини бериши лозим.
Яна бир таклиф - бундан буён вилоят ва республика миқёсидаги ижроия ҳокимияти юқори лавозимларига тайинлашда партиялар фикрини албатта инобатга олиш тартибини жорий этсак, нима дейсизлар?
Шу муносабат билан Давлат маслаҳатчиси О.Муродовга Олий Мажлис Қонунчилик палатаси билан биргаликда бир ой муддатда "Сиёсий партиялар тўғрисида"ги Қонунга ва бошқа қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича қонун лойиҳасини тайёрлаш топширилади.
Олтинчидан, ўтган даврда Президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида сиёсий партиялар аппарати ходимлари учун махсус ўқув машғулотлари ташкил этилди. Уларга маърузачи сифатида юқори давлат идораларининг раҳбарлари, хусусан, Қонунчилик палатаси, Сенат ва сиёсий партиялар раҳбарлари, олий ўқув юртлари ректорлари ва бошқа таниқли мутахассислар жалб қилинди.
Бу - яхши амалиёт. Лекин бундай ўқишлар фақат Тошкентда бўлмаслиги керак. Ҳар бир вилоятдаги олий ўқув юртлари базасида жойлардаги партия ташкилотлари ходимларини ва маҳаллий Кенгашлар депутатларини ўқитиш бўйича махсус курслар ташкил этиш лозим. Керак бўлса, пойтахтдаги мутахассислар жойларга бориб, дарс берсин.
Бу ишни самарали ташкил этиш, албатта, парламентимиз палаталари ва сиёсий партиялар раҳбарлари билан маслаҳатлашган ҳолда, Давлат бошқаруви академияси ректори Р.Қосимовга топширилади.
Еттинчидан, сиёсий партияларнинг маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик гуруҳларининг таъсири мутлақо сезилмаяпти.
Айтиш мумкинки, улар, кўп ҳолларда, номига фаолият кўрсатмоқда. Хусусан, "Адолат" партиясининг Жиззах ва Сурхондарё вилоятлари ва туманлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳлари томонидан Кенгаш сессиялари муҳокамасига 2016 йил давомида биронта ҳам масала киритилмаганини қандай изоҳлаш мумкин?
Худди шундай ҳолатни ЎзЛиДеП партиясининг Хоразм вилояти, "Миллий тикланиш" демократик партиясининг Сурхондарё вилояти халқ депутатлари Кенгашларидаги партия гуруҳлари мисолида ҳам, бошқа партиялар фаолиятида ҳам учратиш мумкин.
Сайловдан кейин аксарият депутатлар ўзларини номзод этиб кўрсатган партия билан алоқани узиб, ўз сайловчилари билан камдан-кам мулоқот қилади. Айниқса, туман Кенгашлари депутатлари электорат олдида сайловолди дастурлари ижроси бўйича умуман ҳисобот бермайди.
Шунинг учун ҳам фаол ишламаётган ва ўз вазифасини талаб даражасида бажармаётган, партия билан алоқани узиб қўйган маҳаллий Кенгаш депутатларини тегишли сиёсий партия таклифи асосида депутатликдан чақириб олиш бўйича қонунчиликка ўзгартиш киритиш вақти келди, деб ўйлайман.
Барчангиз хабардорсиз, яқинда мамлакатимиз вилоятларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича қатор дастурлар қабул қилинди. Лекин бу дастурларни тайёрлашда жойлардаги партия гуруҳлари қай даражада иштирок этмоқда? Афсуски, ушбу саволга ижобий жавоб бериш қийин. Ваҳоланки, партиялар айнан шундай дастурлар орқали ўз сайловчиларини безовта қилаётган муаммоларга ечим топиши, шунинг ҳисобидан электорати сафини кенгайтириши мумкин.
Шундан келиб чиққан ҳолда, бундан буён ҳудудлар бўйича қабул қилинадиган, ижтимоий-иқтисодий ривожланишга оид ҳар қандай дастур лойиҳаси юзасидан партия гуруҳлари томонидан билдириладиган фикр ва таклифлар ҳисобга олиниши шарт эканини қонунчиликда аниқ белгилаб қўйишимиз зарур, деб ҳисоблайман.
Ўзингиз ўйланг, агар биз бир дастур ишлаб чиқадиган бўлсак, бу жойдаги муаммоларни шу ердан сайланган депутатдан бошқа ким яна чуқурроқ, ким яна яхшироқ билиши мумкин? Агар депутатлар ҳар қайси ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича қабул қилинган дастурда белгиланган вазифалар ижросини назоратга олса, амалий натижага эришамиз.
Айни пайтда шундай тизим яратиш керакки, унга кўра яхши ишлаётган, фаол, жонкуяр туман Кенгаши депутатлари кейинчалик вилоят депутати, вилоят депутатлари эса Олий Мажлис аъзоси бўлишига эришиш зарур. Сиёсий партиялар, биринчи навбатда, ана шундай депутатларни кадрлар захирасига киритиши мақсадга мувофиқдир.
Депутатларнинг иш услубини такомиллаштириш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш мақсадида сиёсий партиялар орқали жойларда "Марказ - вилоят - туман" тартибида ишлайдиган янги тизимни жорий этиш айни муддао бўлар эди. Бу тизим орқали юқоридан пастга тушиб, ҳам депутатларни, ҳам турли аҳоли қатламларини Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар фаолияти, қонун ижодкорлиги, қабул қилинаётган янги қонун ҳужжатлари ҳақида хабардор қилиб бориш йўлга қўйилади. Шу тариқа Олий Мажлис иш услубини вилоят Кенгашларига, вилоят Кенгашлари иш услубини эса туман ва шаҳар Кенгашларига ўргатиш имконияти пайдо бўлади.
Ҳаётга, одамлар ичига кирмасдан, улар билан мулоқот қилмасдан, фақат юқоридан туриб топшириқ беришдек номақбул тажриба энди иш бермайди. Ундан бутунлай воз кечиш вақти келди.
Шу ўринда бир фикрни алоҳида таъкидлашни истардим. Биз, мана, Тошкент шаҳри туманларида ҳалқ депутатлари Кенгашларини ташкил этиш ишларини бошладик. Бу Кенгашларга депутатликка номзодлар кўрсатишдан бошлаб, депутатликка сайланиш жараёнига қадар - сайловнинг барча босқичида сиёсий партиялар фаол иштирок этишлари керак, албатта.
Ҳозирги вақтда вилоят ва туман депутатларининг аксарияти маҳаллий ижро ҳокимияти вакиллари, айниқса, турли давлат тузилмалари раҳбарлари ҳисобланади.
Табиий савол туғилади: депутатнинг ўзи ижро ҳокимияти вакили бўла туриб, маҳаллий ижро органлари фаолияти устидан қандай қилиб самарали депутатлик назоратини амалга ошириши мумкин?
Шу боисдан Тошкент шаҳри туманларида ва келгусида вилоятларда бўладиган сайловларда сиёсий партиялар депутатликка номзодлар танлашда уларнинг маҳаллий ижро ҳокимияти органлари ходимлари бўлмаслигига алоҳида эътибор қаратиши лозим. Марказий сайлов комиссияси ушбу масала юзасидан қарор қабул қилса, бу республика миқёсида ягона ва тўғри амалиётни шакллантиришга хизмат қилади.
Олий Мажлис палаталари раҳбарлари Нурдинжон Мўйдинхонович Исмоилов ва Ниғматилла Тўлқинович Йўлдошев Тошкент шаҳри бу борада бошқа вилоятларга намуна бўлиши учун ҳаракат қилсалар, ҳар бир туманга бориб, одамлар орасида юриб, сайлов жараёнларининг холислик, адолат ва ошкоралик руҳида ўтиши учун жонбозлик кўрсатсалар, нур устига нур бўларди.
Саккизинчидан, сиёсий партиялар ҳудудий кенгашларининг моддий-техника таъминоти кўп ҳолларда талаб даражасида эмас. Масалан, сиёсий партияларнинг 18 та туман кенгаши ўз биносига эга эмас. 62 та кенгашнинг биноси қониқарсиз ҳолатда. Бу борадаги энг оғир аҳвол ижара биноларида фаолият олиб бораётган "Адолат" ва "Миллий тикланиш" партияларида кузатилмоқда.
Шу муносабат билан Вазирлар Маҳкамасига (А.Арипов) маҳаллий ҳокимликлар, сиёсий партиялар билан биргаликда бир ой муддатда партияларнинг вилоят, туман (шаҳар) кенгашларининг бинолар билан таъминланиш ҳолатини, уларнинг иш шароитини танқидий ўрганиб чиқиб, бу борадаги аҳволни тубдан яхшилаш бўйича таклиф киритиш вазифаси топширилади.
Ҳурматли мажлис иштирокчилари!
Миллий парламентимиз фаолиятида, мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида Ўзбекистон экологик ҳаракати муҳим ўрин тутишини ҳаммамиз яхши биламиз.
Ушбу Ҳаракат томонидан юртимизда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича қонунчилик базасини мустаҳкамлаш, шу соҳада қабул қилинаётган қонун ва қарорлар ижроси юзасидан парламент назоратини жорий этиш борасида муайян ишлар амалга оширилганини қайд этиш жоиз.
Айни вақтда бутун дунёда экологик муаммолар тобора кескинлашиб бораётган ҳозирги кунда бу соҳадаги ишларни, афсуски, етарли ва қониқарли, деб айтолмаймиз.
Бу борада Ўзбекистон экологик ҳаракати қуйидаги масалаларга алоҳида эътибор қаратиши зарур.
Маълумки, аҳолини, айниқса, қишлоқ жойларда тоза ичимлик суви билан таъминлаш масаласи ҳамон долзарб бўлиб қолмоқда.
Шунингдек, маиший чиқиндиларни тўплаш, қайта ишлаш ва утилизация қилиш масаласи ҳам олдимизда турган энг оғир муаммодир.
Шу билан бирга, собиқ тузум даврида узоқни ўйламасдан қурилган, бугунги кунда айрим вазирлик ва идоралар, тадбиркорлик субъектлари томонидан ишлатиб келинаётган саноат иншоотлари ҳам замонавий экологик талабларга жавоб бермайди.
Энг муҳим масала - аҳолининг экологик маданиятини ошириш ҳақида жиддий бош қотиришимиз зарур. Албатта, бундай муаммоларни фақат маъмурий йўл билан ҳал этиб бўлмайди, бунга ёш авлод қалбида она- табиатга меҳр-муҳаббат, унга дахлдорлик ҳиссини тарбиялаш орқали эришиш мумкин.
Юқорида зикр этилган долзарб муаммоларни самарали ҳал этиш учун Ўзбекистон экологик ҳаракати ташаббускор бўлиб, тегишли вазирлик ва идоралар, аввало, яқинда ташкил этилган Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси билан биргаликда тегишли чора-тадбирлар ишлаб чиқиши ва амалга ошириши зарур. Афсуски, ҳозирги вақтда Экологик ҳаракат фаолиятида бу борада аниқ таклиф ва амалий ташаббуслар сезилмаяпти.
Барча йирик саноат корхоналарида Экологик ҳаракатнинг вакиллари бўлиши керак. Вазирлар Маҳкамаси шу масала юзасидан икки ҳафта муддатда таклиф киритсин.
Умид қиламизки, Экологик ҳаракат атроф-муҳит тозалиги ва мусаффолигини сақлашга, аҳоли ўртасида касалликларни камайтиришга ўз ҳиссасини қўшади.
Муҳтарам юртдошлар!
Сиёсий партиялар ҳаётидаги мавжуд муаммолар маълум даражада парламент фаолиятига ҳам салбий таъсир этиши табиийдир.
Авваламбор, қонун лойиҳаларини парламентда муҳокама этиш ва қабул қилишда фракцияларнинг ўрни, уларнинг партиявий ёндашуви ва қатъий позицияси етарли даражада сезилмаяпти.
Бир неча йил олдин фракциялар муҳокамасидан ўтмасдан, уларнинг хулосасини олмасдан бирорта ҳам қонун, Давлат бюджети лойиҳаси қабул қилинмаслигини қонуний асосда аниқ белгилаб қўйган эдик.
Тан олиш керак, ўтган давр мобайнида парламентда ана шу қоидани ҳаётга татбиқ этиш бўйича кўп ишлар қилинди. Бироқ фракцияларда қонун лойиҳалари ва бошқа муҳим масалалар муҳокамасини, улардаги конструктив баҳс ва мунозараларни янада кучайтиришни бугун ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда.
Қабул қилинаётган ҳар бир қонун лойиҳаси сайловчилар, партия электорати, турли табақа ва гуруҳларнинг манфаатлари нуқтаи назаридан атрофлича муҳокама қилиниши, фракциялар ушбу масалаларда принципиал позициясини намоён этиши шарт. Чунки баҳс, тортишув бўлган тақдирдагина қонунлар мукаммал ҳаётий кучга эга бўлади.
Яна бир масала. Сиёсий партиялар ташкилотлари, айниқса, уларнинг жойлардаги бўлимлари фракцияларда кўриб чиқилаётган масалалар, қонун лойиҳаларидан етарлича хабардор бўлмаяпти. Шу маънода, сиёсий партияларнинг ўз фракциялари билан узвий алоқасини кучайтириш лозим.
Ўз навбатида, сиёсий партиялар парламентдаги ўз фракцияларини доимий равишда жойлардаги вазият, электоратнинг кайфияти ҳақида хабардор этиши, мавжуд муаммолар ва уларнинг ечими юзасидан таклифлар киритиб бориши керак.
Шу борада йилда бир марта сиёсий партиялар раҳбарларининг Президент билан учрашувини ўтказиш амалиётини йўлга қўйсак, мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Ана шундай учрашувларда мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиёти бўйича сизлардан амалий таклифлар кутиб қоламан.
Яна бир муҳим йўналиш - қонунларни қабул қилишда жамоатчилигимиз, сайловчиларнинг кенг иштироки сезилмаяпти. Қонунлар қабул қилиниши билан халқимизнинг оғири енгил бўлдими, унинг ҳаётидаги муаммолар ҳал бўлдими, деган саволлар билан, афсуски, ҳеч ким қизиқмаяпти.
Шунинг учун ҳам, қонунларни қабул қилиш жараёнида янги тизим - аҳоли билан муҳокама қилиш тизимини жорий этиш лозим, деб ҳисоблайман.
Яъни катта аҳамиятга эга, муҳим қонун лойиҳаларини биринчи ўқишда қабул қилгандан кейин уларни жойларда фуқаролар билан кенг муҳокама қилиш, уларнинг таклиф ва мулоҳазаларини эътиборга олиб, лойиҳаларни такомиллаштирган ҳолда иккинчи ўқишга киритиш тартибини йўлга қўйиш мақсадга мувофиқ бўлади.
Яширишнинг ҳожати йўқ, биз кўпинча вилоят марказларига бориб, ўша ернинг ўзидан қайтамиз. Жойларда бўладиган муҳокамаларда иштирок этмаймиз, одамларнинг муносабатини уларнинг ичида туриб, улар билан бирга юриб ўрганмаймиз. Натижа нима бўлади? Қабул қилинган қонунларимиз тўлақонли бўлмайди, кутилган самарани бермайди.
Бугунги кунда сиёсий партиялар фракциялари ва депутатларнинг қонун ташаббускорлиги бўйича фаолияти ҳам талаб даражасида эмас. Мисол учун, 2015-2017 йилларда парламентимиз томонидан 55 та қонун қабул қилинган бўлса, фракциялар томонидан билдирилган ташаббуслар асосида қабул қилинган биронта ҳам қонун йўқ. Биронта ҳам! Шунинг ўзи сиёсий партияларнинг бугунги фаолиятига берилган баҳо эмасми?
Ёки 2017 йилда киритилган 46 та қонун лойиҳасидан фақат 9 таси депутатлар ташаббуси билан киритилган, холос.
Бу соҳадаги ишларни яхшилаш учун қонунчилик ташаббуси билан чиққан ва шу ташаббуси қабул қилинган депутатларни рағбатлантириш тизимини жорий қилиш ўринли, деб ўйлайман.
Ўрганишлар шуни кўрсатмоқдаки, Олий Мажлис таркибида муҳим бир тузилма, яъни илмий-амалий тадқиқот ва ахборот-таҳлилий фаолият олиб борадиган, қонун лойиҳаларини ишлаб чиқадиган марказнинг йўқлиги бу борадаги ишларни юқори савияда ташкил этиш имкониятини бермаяпти.
Илғор хорижий тажрибалардан келиб чиққан ҳолда, Олий Мажлис ҳузурида Қонунчилик муаммоларини ўрганиш институтини ташкил этишни таклиф қиламан. Бу институт парламент аъзоларининг буюртмасига асосан, ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва хорижий тажриба бўйича таҳлилий маълумотлар ва қонун лойиҳаларини тайёрлаш ишлари билан шуғулланиши лозим.
Бу нима учун керак? Бу институт депутат ва сенаторларнинг энг яқин ёрдамчиси вазифасини бажариши керак. Айни вақтда, Давлат бошқаруви академияси билан биргаликда депутатлар малакасини ошириш бўйича ўқув курсларини ташкил этиш ҳам фойдадан холи бўлмайди.
Учинчидан, Олий Мажлиснинг давлат бошқаруви органлари фаолияти устидан парламент назоратини амалга ошириш, қабул қилинаётган қонунлар, муҳим ижтимоий-сиёсий, иқтисодий аҳамиятга эга давлат дастурларининг ижросини сўзсиз таъминлашга қаратилган ишларини ҳам етарли, деб бўлмайди.
Парламент эшитувлари, ҳукумат аъзолари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларининг ҳисоботларини тизимли равишда эшитиб бориш, депутатларнинг сўровларига атрофлича жавоб қайтаришни таъминлаш борасида муаммолар мавжуд.
Одатда парламент вазирларнинг ҳисоботини эшитади. Лекин пастдаги бўғинда бу йўналишда ким ҳисобот беради? Фақат марказ ёки вилоятда эмас, ҳудудларда ҳам ўзгариш бўлиши зарур. Хусусан, 2017 йилнинг ўтган даври мобайнида Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан вазирлик ва идораларга юборилган жами 284 та депутатлик сўровидан 100 тасига қонунда белгиланган муддат бузилган ҳолда жавоб берилган, 24 тасига эса умуман жавоб берилмаганини қандай изоҳлаш мумкин?
Нима учун Қонунчилик палатаси қўмиталари, партия фракциялари бундай ҳолатларга нисбатан тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари иштирокида ўз муносабатини билдирмаяпти?
Депутатга беписандлик - халққа беписандлик деб баҳоланиши шарт. Халқни ҳурмат қилмаган, депутатлик ваколатини амалга оширишга тўсқинлик қилган ҳар қандай мансабдор шахс қонун олдида жавоб беради.
Шу сабабдан ҳам депутатлик сўровини кўриб чиқмагани ёки унга жавоб бермагани, кўриш муддатини бузгани учун жавобгарликни кучайтириш лозим.
Шу муносабат билан Давлат маслаҳатчиси О.Муродовга Олий Мажлис палаталари билан биргаликда бир ой муддатда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифлар тайёрлаш вазифаси топширилади.
Республика, вилоят ва туман Кенгашлари депутатларининг сўрови - бу халқ сўрови, деб баҳолаган ҳолда, бу борадаги жавобгарликни назарда тутадиган тегишли моддани қонунга киритиш керак.
Олий Мажлис палаталари, парламент сўрови бўйича олинган жавобларни Интернетдаги расмий веб-сайтларда кенг жамоатчилик учун эълон қилишни ташкил этиши лозим.
Бугун ҳаётнинг ўзи парламент назорати объектлари доирасини кенгайтиришни ҳам талаб этмоқда. Амалдаги қонунга кўра, парламент фақат давлат органлари фаолияти устидан назорат олиб бориши мумкин. Бироқ хўжалик бошқаруви органлари, хусусан, "Ўзбекнефтгаз", "Ўзбекэнерго" ва бошқа компания ва бирлашмалар бундан четда қолмоқда.
Шу мақсадда "Парламент назорати тўғрисида"ги Қонунга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш лозим, деб ҳисоблайман.
Шу билан бирга, Франция, Буюк Британия, Германия каби ривожланган давлатлар тажрибаси асосида Қонунчилик палатасида "Ҳукумат соати" институтини жорий этиш айни муддао бўлар эди. Шу тариқа йил бошида тасдиқланадиган режага мувофиқ, ҳар ойда ҳукумат аъзоларининг ҳисоботи эшитилади ва шу бўйича тегишли қарорлар қабул қилинади. Олий Мажлис Сенатида эса барча даражадаги ҳокимларнинг ҳудудларни ривожлантириш борасидаги фаолияти ҳақида ҳисоботларни эшитиш амалиётини йўлга қўйишни таклиф этаман.
Шундай механизм жорий этиш керакки, парламент эшитувларининг натижаси фақат марказда эмас, балки жойларда, энг чекка ҳудудларда ҳам сезилсин.
Тўртинчидан, парламентимиз жойларда олиб борилаётган ишларнинг ҳақиқий аҳволини ўрганишда бир қолипга тушиб қолди. Кўпинча республика ва вилоят даражасидаги масалалар ўрганилмоқда, деб ахборот берилади, бироқ қарийб 6 ойдан буён 2 мингдан ортиқ муаммо ҳал этилмасдан қолмоқда.
Олий Мажлис палаталари Вазирлар Маҳкамаси, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан биргаликда депутатларнинг ўрганишлари жараёнида жойларда аниқланган, вилоятлар ва республика миқёсида ҳал этилиши керак бўлган муаммоларни ечиш бўйича зарур чораларни кўришлари лозим.
Лекин шу борада бир нохуш ҳолатни афсусланиб айтишга тўғри келади.
Ҳурматли депутат ва сенаторларимизнинг жойларга чиқиб, аҳоли билан ўтказган мулоқотлари таҳлил қилинганида, кўп ҳолларда расмиятчилик ва кўзбўямачиликка, сохта ҳисоботлар беришга, учрашувларга ўз ўрнига бошқа одамларни юбориш, ўрганилаётган масаланинг туб илдизига етиб бормаслик каби камчиликларга йўл қўйилаётгани аниқланган.
Олий Мажлис палаталарининг Одоб комиссиялари бундай ҳолатларнинг ҳар бири юзасидан ҳар томонлама чуқур ўрганишлар ўтказиб, тегишли хулосалар бериши шарт.
Депутатларнинг жойларда бўладиган учрашувлари ҳақида оммавий ахборот воситалари орқали олдиндан, масалан, бир ҳафта аввал эълон бериш тартибини жорий қилиш, маҳаллий матбуот вакилларининг бундай тадбирларни танқидий нуқтаи назардан ёритиш бўйича фаолиятини кучайтириш керак.
Шунингдек, депутатларнинг ҳудудларга навбатдаги сафарини ташкил этишдан олдин уларнинг ўтган галги сафари давомида аҳоли мурожаатларини ҳал этиш бўйича қилган амалий ишларини таҳлил қилиб, холисона баҳо бериш лозим.
Бешинчидан, парламент фаолиятига оид камчиликларга айрим депутат ва сенаторлар ўз вазифасини тўғри англаб етмагани ҳам сабаб бўлмоқда. Буни очиқ тан олишимиз керак.
Шундай парламент вакиллари ҳам борки, ўтган қарийб икки ярим йил мобайнида муҳокама этилаётган қонун лойиҳалари ва масалалар бўйича бирон марта ҳам маъруза қилмаган, уларга муносабат билдирмаган ёки маъруза юзасидан чиқишлар қилмаган, улар фақатгина кўр-кўрона овоз бериш билан шуғулланади. Афсуски, бу - аччиқ ҳақиқат.
Депутат ва сенаторлар ўз фаолияти ҳақида сайловчиларни хабардор этиб бориш учун Интернетда, ижтимоий тармоқларда ўз саҳифаларини очиб, зарур маълумотларни уларга киритиб боришлари лозим. Дунёдаги кўпгина мамлакатлар аллақачон шу тизимга ўтган.
Бу борадаги ишларни ташкил этиш вазифаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги раҳбари Ш.Шерматовга топширилади.
Айни пайтда Олий Мажлис палаталари депутатлар ва сенаторларни маънавий ва моддий рағбатлантиришга доир низомни ишлаб чиқиб, амалиётга татбиқ этиш лозим. Бунда ҳар бир депутат фаолиятини баҳолаш ва рағбатлантиришнинг аниқ мезони ва механизмларини белгилаш, шунга кўра намуна кўрсатган депутатларга "адолатли депутат", "халқпарвар депутат", "меҳнаткаш депутат" деган номлар беришни назарда тутиш мақсадга мувофиқдир.
Ўйлайманки, бундай номларга сазовор бўлган депутатлар кейинги сайловларда, аввало, сиёсий партиялар томонидан номзод сифатида илгари сурилади, энг муҳими, улар халқимиз томонидан қўллаб-қувватланади.
Сидқидилдан ва самарали ишлаган, ваколати тугаган депутатларга "фахрий депутат" мақомини бериб, уларнинг ойлигига устама ҳақ тўлаш тизимини жорий қилиш керак. Жумладан, Қонунчилик палатаси депутати ёки Сенат аъзоси бўлган фахрий депутатларимизга ҳар йили энг кам ойлик иш ҳақининг 8 баробари, маҳаллий Кенгашларнинг фахрий депутатларига - 3 баробардан 5 баробаргача бўлган миқдорда мукофот беришни таклиф этаман.
Қолаверса, фахрий депутатларга Олий Мажлис палаталарининг мажлисларида иштирок этиш ҳуқуқини берсак, нима дейсизлар?
Сизларга яхши маълум, амалдаги қонунчиликда депутат ва сенаторлар фаолият олиб бораётган даврда уларнинг олдинги иш ўрни сақлаб қолиниши кўзда тутилган. Лекин амалда бу норма самарали ишламаётганини очиқ тан олиш керак.
Шунинг учун ана шу қонун нормаси ижросини қатъий таъминлашимиз, керак бўлса, депутатлар ўз фаолиятини якунлаганидан кейин уларни аввалги лавозимига нисбатан бир поғона юқори бўлган вазифага тайинлаш лозим. Бу тартиб барча бўғиндаги депутатларга тааллуқли бўлиши адолатдан бўлар эди.
Фурсатдан фойдаланиб, яна бир масалага эътиборингизни қаратмоқчиман. Олий Мажлис Сенати ҳар йилнинг якуни бўйича аниқ мезонлар асосида мамлакатимиз бўйича халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашлари орасидан 14 та, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри вакиллик органлари ўртасидан эса 1 та намунали Кенгашни аниқлаб, бошқаларга ўрнак қилиб кўрсатиш ва рағбатлантириш тизимини йўлга қўйиши нур устига нур бўларди.
Бу мамлакатимизда юксак малакали депутатлар корпусини шакллантиришда янги бир амалий қадам бўлади.
Шунингдек, намунали Кенгашлар фаолиятини кенг ёритиш мақсадида улар ҳақида ҳужжатли фильмлар, оммавий ахборот воситаларида турли материаллар, хусусан, "Намунали депутат" рубрикаси остида кўрсатувлар тайёрлаш ҳақида ҳам ўйлаб кўришимиз лозим. Умуман олганда, Олий Мажлис, вилоят ва туманларда фаолият кўрсатаётган намунали депутатларнинг иш услуби ҳақида рисолалар, ёш депутатлар учун эса тегишли қўлланмалар чиқариш керак.
Олий Мажлис палаталари ва маҳаллий халқ депутатлари Кенгашларида муносиб фаолият кўрсатган, бошқаларга ўрнак бўлган, ватанпарвар ва фидойи депутатлар ҳақида "Эҳтиром китоблари"ни ташкил этиш ва бу китобларни кейинчалик Олий Мажлис музейида сақлаш ўринли бўлар эди.
Собиқ ва амалдаги депутатлар, сенаторлар ўртасида ўзаро тажриба алмашиш, дўстона мулоқот ўрнатиш, кўп йиллар меҳнат қилган халқ вакилларига ҳурмат-иззат кўрсатиш мақсадида "Депутатлар клубини" ҳам ташкил қилишни таклиф этаман.
Бу таклифларни амалга ошириш учун Олий Мажлис палаталари раҳбарларига, Бош вазир ўринбосари (Ж.Қўчқоров ), Молия вазирлиги (Б.Ходжаев), Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги (К.Мансуров), Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси (Х.Мирзоҳидов), "Ўзбеккино" Миллий агентлиги (О.Мусаев) билан биргаликда икки ой муддатда тегишли қарор қабул қилиш тавсия этилади.
Олтинчидан, Олий Мажлис палаталарининг мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётига дахлдор энг долзарб масалаларни ҳал этиш борасидаги ташаббускорлигини ошириш муҳим аҳамиятга эга.
Биз парламентимизга катта ишонч билдириб, Қонунчилик палатасига (Нурдинжон Мўйдинхонович Исмоилов) - соғлиқни сақлаш соҳасида, Сенатга эса (Ниғматилла Тўлқинович Йўлдошев) - ички ишлар органлари тизимида ислоҳотларни амалга оширишда мавжуд вазиятни яхшилашга бош-қош бўлишни таклиф қилган эдик.
Бу катта масъулият ва айни пайтда катта шарафдир.
Ўтган вақт мобайнида бу борада муайян ишлар амалга оширилди, бироқ ҳали уларни етарли, деб бўлмайди.
Мен қайси ҳудудга бормайин, албатта, ана шу икки соҳага алоҳида эътибор қаратаман.
Лекин соғлиқни сақлаш муассасаларида дори-дармонлар ва тиббий-техник воситаларнинг етишмаслиги, улар малакали кадрлар билан таъминланмагани, биноларнинг талабга жавоб бермаслиги, ички ишлар органларида профилактик тадбирлар номига ўтказилаётгани, айрим ҳудудларда ҳуқуқбузарликлар сони ошиб бораётгани каби бир қатор муаммо ва камчиликлар давом этмоқда.
Биз уларни бартараф этиш учун ҳали кўп иш қилишимиз, туну кун тиним билмасдан ишлашимиз, ана шу соҳаларда қатъий парламент назоратини ўрнатишимиз зарур.
Қонунчилик палатаси Спикери Нурдинжон Мўйдинхонович Исмоилов тиббиёт соҳаси мутасаддилари ахборотини кўпроқ Қонунчилик палатасида эшитмоқда.
Лекин бундай иш услубини жойларга чиқиб, турли мутахассислар билан бирга юриб, қишлоқ врачлик пунктлари бўладими, болалар ёки аёллар шифохоналари бўладими, энг камида ўн кун юриб, улардаги ҳақиқий аҳволни аниқлаб, муаммоларни ҳам қонуний, ҳам амалий нуқтаи назардан ҳал қилиш юзасидан таклифлар билдириш билан алмаштириш, қисқача айтганда, парламент назорати бўйича таъсирчан ва самарали тизим яратиш ҳар томонлама мақсадга мувофиқ бўларди. Энг асосийси - бундан натижа бўлиши керак ва буни одамлар сезиши керак.
Сенат Раиси Ниғматилла Тўлқинович Йўлдошевнинг ички ишлар соҳасидаги ислоҳотлар бўйича фаолияти ҳақида ҳам шундай фикрларни билдириш мумкин.
Масалан, Тошкент вилоятининг Қибрай туманини ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликнинг олдини олиш соҳасида намунали туманга айлантириш бўйича бир неча ой олдин аниқ топшириқлар берилган эди. Лекин, афсуски, бу борада ҳалигача амалий натижа кўзга кўринмаяпти.
Яқинда Наманган шаҳридаги Орзу маҳалласи таянч пунктида бўлиб, бу ерда қисқа муддатда катта ишлар амалга оширилганига гувоҳ бўлдик. Ваҳоланки, шундай ишларни Қибрай туманида ҳам қилиш мумкин эди.
Сенатимизнинг ҳурматли Раиси ҳамда ҳурматли Спикеримиз соғлиқни сақлаш ва ички ишлар тизимини энг намунали соҳаларга айлантириш бўйича янада фаоллик билан иш олиб борадилар, деб ишонаман.
Нега деганда, тинчлик ва соғлиқ - ҳар бир инсон учун бебаҳо неъмат. Агар шу икки соҳада олдимизга қўйган мақсадларимизга эришсак, бу энг катта ютуғимиз бўлади ва халқимиз биздан албатта рози бўлади.
Яна бир масалага алоҳида эътибор қаратмоқчиман. Олий Мажлис палаталарининг муайян вазифаларни бажариш учун комиссиялар тузиш ваколати бор. Лекин, ҳурматли депутатлар, айтинг-чи, Қонунчилик палатаси бу ваколатдан охирги марта қачон фойдаланди? Нима, жамиятимиз ҳаётида муҳим бўлган вазифалар йўқми?
Ҳаммага маълум, ёшлар билан ишлаш, оила ва аёллар масаласи ҳар доим биз учун муҳим вазифа ҳисобланган ва бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади.
Олий Мажлис палаталарининг қарийб 40 нафар аёл сенатор ва депутатлари буни жуда яхши тушунишади.
Хотин-қизлар ўртасида олиб борилаётган ишлар самарадорлигини ошириш, жумладан, энг оғир масала бўлган ўз жонига қасд қилиш, жиноятчилик ва оилавий ажримларнинг олдини олишда Олий Мажлис палаталарининг роли сезилмаяпти. Бу борада на самарали ишлайдиган қонунлар қабул қилинмоқда, на жойларда амалий фаолият олиб борилмоқда. Ҳолбуки, халқимиз, сайловчиларимиз биздан бу борада амалий ҳаракатларни кутмоқда.
Шу боис Давлат маслаҳатчиси О.Муродовга Олий Мажлис Қонунчилик палатаси билан биргаликда бир ой муддатда қуйи палатада Ёшлар масалалари ҳамда Оила ва аёллар масалалари бўйича комиссияларни тузишни ўрганиб чиқиш топширилади.
Еттинчидан, парламент палаталари фаолиятида бугун муҳокама қилинаётган муаммолардан ташқари яна бир қанча муаммолар мавжуд. Лекин, афсуски, уларни бартараф этиш чоралари кўрилмаяпти. Айрим раҳбарлар томонидан, "бу масалаларни кўтарманглар, тинчгина юрайлик" қабилида иш юритишга қаратилган номақбул кайфиятдан мутлақо воз кечишимиз керак.
Парламент раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари ўртасидаги вазифалар бугунги кун талабларидан келиб чиқиб тақсимланмаган. Бир сўз билан айтганда, ўринбосарлар майда-чуйда масалалар билан ўралашиб қолиб, давлат ва жамият учун муҳим масалалар Олий Мажлис раҳбарияти эътиборидан четда қолиб кетмоқда.
Масалан, Қонунчилик палатасида мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни халқаро миқёсда тарғиб қилиш билан қайси раҳбар ёки ўринбосар тизимли равишда шуғулланаяпти? Бу саволга жавоб йўқ.
Шунинг учун парламентимиз палаталари раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари зиммасига юклатилган вазифаларни танқидий қайта кўриб чиқиш вақти келди, деб ҳисоблайман.
Ҳар қайси фракция раҳбари - Спикер ўринбосари маълум бир вилоятда аниқ бир соҳа учун масъул бўлиб, шу йўналишни намунали даражага кўтариб берса, айни муддао бўлар эди.
Биз Олий Мажлис олдида турган вазифаларни самарали ҳал этиш ҳақида сўз юритар эканмиз, албатта, депутатлар, сенаторлар фаолиятини моддий таъминлаш масаласини ёдимиздан чиқармаслигимиз лозим. Бу - ҳаёт ҳақиқати.
Бу масала йиллар давомида кўриб чиқилмаган. Бу даврда давлат органлари бошқа ходимларининг моддий таъминоти бир неча марта кўриб чиқилиб, бугунги ҳаёт, замон талабларига мослаштирилди.
Нима учун Олий Мажлис палаталари раҳбарлари хорижий амалиётни, республикамиздаги ҳуқуқни қўллаш амалиётини чуқур таҳлил қилиш асосида бу борада таклифлар киритмаган?
Давлат раҳбари сифатида мен депутатлар ва сенаторлар ҳамда Олий Мажлис ходимларининг моддий таъминотини яхшилаш бўйича асосли таклифларни кўриб чиқишга тайёрман.
Азиз дўстлар!
Ҳаракатлар стратегияси ва унинг асосида қабул қилинган Давлат дастури ижросини таъминлашда сиёсий партиялар, Олий Мажлис палаталари ўз электорати манфаатлари, сайловолди дастурида белгиланган устувор йўналишлар, ваколатларидан келиб чиқиб, ўз ғоя ва таклифлари билан фаол қатнашиши лозим.
Айниқса, партиялар бундан манфаатдор, чунки Ҳаракатлар стратегиясини босқичма-босқич, сифатли амалга оширилишини таъминлаш орқали улар ҳам ўз дастурий вазифаларини амалда бажаришга эришади.
Айни пайтда шуни алоҳида қайд этиш керакки, Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган мақсад ва вазифаларни самарали амалга ошириш кўп жиҳатдан партияларнинг фаоллигига боғлиқ. Хусусан, биз келгусида вилоят, туман, шаҳар ҳокимларини сайлаш тартибини жорий этиш бўйича чора-тадбирлар белгиладик. Бироқ ана шу илғор, демократик ғояни ҳаётга татбиқ этиш учун, аввало, сиёсий партиялар бу масъулиятли лавозимларга ўз номзодларини кўрсатишга тайёр бўлиши, салоҳиятли кадрлар захирасига эга бўлмоғи лозим.
Сизларнинг фаоллигингиз, фуқароларнинг сиёсий-ҳуқуқий мaдaнияти дaрaжaсининг ўсиб, юртимиздa кўп-пaртиявийлик тизимининг тoбoрa мустaҳ-кaмлaниб бораётганидан келиб чиққан ҳолда, келгусида Ҳукумат таркибини, жумладан, вазирлар, давлат қўмиталари раислари лавозимларини сайлов якунлари бўйича эришилган депутатлик ўринларини инобатга олиб, сиёсий партиялар томонидан таклиф этиш тизимига ўтамиз.
Бир фикрни такрор ва такрор айтишни ўринли, деб биламан: олиб бораётган ислоҳoтлaримизнинг мувaффaқияти, aввaлaмбoр, сиёсий пaртиялaрнинг eтуклик дaрaжaсигa, улaрнинг жонажон Ватанимиз олдидаги мaсъулиятни ўз зиммaсигa oлишгa қaй дaрaжaдa тaйёр экaнигa бeвoситa бoғлиқдир.
Қайси партияга мансуб бўлишимиздан қатъи назар, шу юрт фарзанди, шу юрт фуқароси сифатида Ватан тараққиёти, мамлакатимиз тинчлиги ва халқ фаровонлиги йўлида бирлашиб, сидқидилдан хизмат қилишда барчангизга сиҳат-саломатлик, куч-ғайрат, янги муваффақиятлар тилайман.
Эътиборингиз учун раҳмат.