Меню

Қашқадарё

30.03.2021 2024

Пара пауэрлифтинг: чироқчилик Нуриддин Давлатов жаҳон кубоги ғолиби!

Шу йилнинг 25-28 март кунлари Англиянинг Манчестер шаҳрида пара пауэрлифтинг бўйича Жаҳон кубоги мусобақалари ўтказилди. Унда Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари муваффақиятли қатнашиб, 1 та бронза ва 3 та олтин медаль билан умумжамоа ҳисобида 2-ўринни, жамоавий беллашувларда эса 1-ўринни қўлга киритди.

Эътиборлиси, эркаклар ўртасида 107 килограмм вазн тоифасида ўтказилган беллашувларда чироқчилик Нуриддин Давлатов 221 килограмм натижа билан 1-ўринни қўлга киритди. Кучли учликдан эса АҚШ ва Грузия спортчилари жой олди.

Нуриддин Давлатовга қадар эса аёллар ўртасида 55 килограмм вазн тоифасида ҳамюртимиз Рўза Қўзиева бронза медалини, эркаклар ўртасида 72 килограмм вазн тоифасида Искандар Турсунбоев ва 88 килограмм вазн тоифасида Фарҳод Умрзоқов олтин медални қўлга киритди.

Маълумот ўрнида айтиш жоиз, пара пауэрлифтинг инглиз тилидан олинган бўлиб, “power” – куч, қувват, “lifting” – кўтариш деган маънони англатади. Пауэрлифтингнинг бодибилдингдан фарқи шундаки, бунда қоматни эмас, кучни кўрсатиш керак. Ушбу спорт турининг моҳияти катта оғирликни бўйсундиришдан иборат.

Пара пауэрлифтинг спорт тури бўйича мусобақаларда умуртқа поғонаси шикастланган, белдан пастки қисми ишламайдиган, ампутация, полиомиелит, оёқлар туғма ишламаслиги ва бўй даражаси паст бўлган ногиронлиги бор шахслар иштирок этишади.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!