Меню
Қашқадарё
ПАРҲЕЗНИНГ БУЗИЛИШИ КАСАЛЛИК СУРУНКАЛИ ТУС ОЛИШИГА САБАБ БЎЛАДИ
- Тиббиётда вирусли гепатитнинг А, В, С, Д, Е каби турлари аниқланган. Мамлакатимизда унинг А, В, С турлари билан хасталаниш кўпроқ. Бу касаллик куз ойларида кўп учрайди. Халқ орасида “Сариқ касаллиги” деб ном олган мазкур хасталикни қандай вирус чақиришидан қатъи назар, вируслар жигарни зарарлайди ва унинг ҳужайраларини емира бошлайди.
Вирусли гепатитнинг А тури ўткир юқумли касаллик ҳисобланиб, вирус бемор ёки вирус ташувчи қонида узоқ вақт сақланади ҳамда унинг нажаси, пешоби, сўлаги орқали ташқарига чиқади ва тарқалишига сабаб бўлади. Вируслар бемор организмидан хасталик яширин даврининг охирги кунлари ва касалликнинг дастлабки 7-10 куни давомида жуда кўп миқдорда ажралади. Беморларда сариқлик белгилари пайдо бўлиши билан вируснинг организмдан ажралиши анча камаяди. Касаллик бемор кишидан соғ организмга А вируси билан зарарланган озиқ-овқатлар, сув ва сут маҳсулотлари ҳамда ифлос қўл орқали юқиши мумкин. Касалликнинг бу тури аксарият ҳолларда 3-7 ёшгача бўлган болаларда учраб, ҳар хил клиник белгилар, ўткир асоратлар билан бошланади. Бемор тана ҳароратининг 38-39 даражагача кўтарилиши, бош оғриши ҳамда юқори нафас йўлларида енгил яллиғланиш белгилари юзага келади. Иштаҳаси йўқолиб, 2-3 марта ич кетиши, ўнг биқинида оғриқ пайдо бўлиб ҳолсизланиши ва болаларнинг ёстиқдан бош кўтармай қолиши кузатилади. Кўнгли айниб, 1-2 марта қайт қилиши ҳам мумкин. Касалликнинг 3-5-кунларида беморнинг пешоби қизаради, нажаси рангсизланади, кўзи ва терисида сариқлик пайдо бўлади. Таъкидлаш лозимки, беморда сариқлик пайдо бўлиши билан унинг аҳволи яхшиланади, ҳарорати меъёрлашиб, иштаҳаси яхшиланади. Гепатит А аксарият беморларда енгил кечади ва касалликнинг сурункали турига ўтиши кузатилмайди, айрим ҳоллардагина касаллик оғир кечиши мумкин.
Вирусли гепатитнинг Е тури юқумли бўлиб, у 15-30 ёш орасидаги инсонларда кўп учрайди. Хасталик, айниқса, ҳомиладор аёлларда (ҳомиладорлик даврининг II ярмида) оғир кечади. Касаллик манбаи ифлосланган сув ва озиқ-овқат маҳсулотлари ҳисобланади. Касаллик ўткир бошланиб, ҳарорат 38-39 гача кўтарилиши, иштаҳа пасайиши, ўнг биқинда оғриқ пайдо бўлиб, жигар катталашиши, касалликнинг 5-9-кунлари пешоб қизариши, нажас рангсизланиши, бемор кўзи ва терисида сариқлик пайдо бўлиши кузатилади. Гепатит Еда унинг А туридан фарқли ўлароқ, касалликнинг сариқлик даврида беморда интоксикация белгиларининг камайиши кузатилмайди. Ҳозирги пайтда гепатит А ва гепатит Еда қонда билирубин, ферментларни аниқлашдан ташқари, иммуноглобулинлар аниқланади.
Касалликнинг В тури қон ва қон препаратлари, турли хил инъекциялар орқали соғлом одамга юқади. Айрим ҳолларда В вируси ҳомиладор аёллардан ҳомилага ўтиши ҳам кузатилади. Гепатит Вда касаллик аста-секин бошланиб, беморлар кўпинча лоҳаслик, ҳолсизланиш, тез чарчаш, иштаҳа пасайиши, кекириш, кўнгил айнаши, қайт қилиш, ўнг биқиннинг санчиб оғриши каби ҳолатлардан шикоят қиладилар. Айрим беморларда қўл-оёқ бўғимларида оғриқ, терида қичишиб турадиган тошмалар пайдо бўлиши кузатилади. Беморнинг кўзи ва терисида сариқлик пайдо бўлиши билан касаллик белгилари кучайиб, иштаҳаси йўқолади, қайт қилиш такрорланиб, уйқу бузилади, терида қичиш ҳолати кузатилади. Гепатит В оғир кечиши натижасида сурункали ҳолат касб этиши мумкин, баъзи ҳолларда жигар циррози вужудга келиши кузатилади.
Шуни ҳам қайд этиш жоиз, вилоятимизда болаларнинг гепатит Вга қарши эмланиши режа асосида олиб борилиши натижасида касалликнинг ўткир тури кескин камайган.
Гепатит С вируси қон ва қон препаратлари орқали одамга юқади. Гепатит Снинг юқиш йўллари гепатит В каби юзага келади. Гепатит Снинг 6 та типи ва 100 та подтипи аниқланган. С вируси одам организмига тушганидан сўнг 10-20 йил давомида ҳам касаллик белгилари намоён бўлмаслиги кузатилган. 15 фоиз беморда касалликнинг ўткир шакли вужудга келиб, вирус давосиз 6 ой давомида организмни тарк этади. 85 фоиз беморда гепатит С касалликнинг сурункали турига ўтиб, тез чарчаш, иштаҳа йўқолиши, кўнгил айнаши, қайт қилиш ва қоринда, оёқ-қўлларда оғриқ кузатилади. Ҳозирги пайтда сурункали гепатит С натижасида 25 фоиз ҳолда жигар циррозига ўтиши, 3-5 фоиз ўсма (гепатоцеллюляр корцинома) вужудга келиши кузатилган.
Вирусли гепатитнинг қайси тури билан оғриган бўлишдан қатъи назар беморлар овқатланиш тартибига қатъий амал қилишлари керак. Бунда уларга аччиқ, ёғли, қовурилган, дудланган, тузланган овқатлар ман этилиб, кўпроқ сут ва сут маҳсулотларини истеъмол қилиш тавсия этилади. Беморга асосан мева шарбатлари, кисель, наъматак, янтоқ илдизи ва поясидан тайёрланган дамламаларни ичириб, ҳўл мевалар (айниқса, олма, узум) ва сабзавотларни (бодринг, тарвуз, буғда пиширилган ошқовоқ) кўпроқ бериш лозим. Товуқ гўшти ва балиқни фақат қайнатилган ҳолда истеъмол қилиш тавсия қилинади. Эсдан чиқармаслик керакки, парҳезнинг бузилиши хасталик сурункали тус олишига сабаб бўлади.
Ҳозирги вақтда вирусли гепатит касаллигига қарши эмлаш ишлари кенг тарзда олиб борилмоқда. Касалликка қарши эмлаш ишлари вилоятнинг барча шаҳар ва туман тиббиёт бирлашмаларидаги махсус пунктларда амалга оширилади.
Энг асосийси, бу хасталикнинг олдини олиш учун соғлом турмуш тарзига риоя қилиш зарур. Яна шахсий гигиена қоидаларига қатъий амал қилиш, овқат тайёрлаш ва овқатланишдан олдин, жамоат жойларига ҳамда ҳожатхонага боргандан сўнг қўлни яхшилаб совунлаб ювиш шарт. Бундан ташқари, озиқ-овқат маҳсулотларини тайёрлаш ва уларни сақлаш жараёнларида санитария-эпидемиология қоидаларига эътибор бериш даркор. Шунингдек, мева ва сабзавотларни истеъмол қилишдан олдин оқар сувда, сўнгра қайнаган илиқ сувда ювиш ҳамда хоналарни тез-тез шамоллатиш, эшик тутқичларини совунли сувда ювиш, ҳар куни хонадаги барча анжомларни нам латта билан артиш керак. Пашшаларга қарши кураш ҳам нафақат ичак инфекциялари, балки бу хасталикнинг олдини олишда муҳим.
Шоҳиста БОЗОРОВА ёзиб олди.