Меню

Қашқадарё

07.11.2017 2231

ПАРҲЕЗ ГЎШТ ВА ТУХУМ ЕТИШТИРИЛМОҚДА

Вилоятимизда ҳам ушбу йўналишда кўплаб лойиҳалар амалга оширилаяпти. Натижада воҳамизда парҳез хусусиятга эга парранда гўшти ҳамда тухум етиштириш салмоғи тобора  ортмоқда. Бу эса аҳолининг ушбу маҳсулотларга бўлган эҳтиёжини самарали қондириш имконини бераётир. Қарши туманидаги “Турсунова Маҳбуба Хушвақтовна” деҳқон хўжалиги фаолияти ҳам паррандачиликка ихтисослашган бўлиб, мазкур субъект истеъмол бозорини товуқ гўшти билан таъминлашга ўз ҳиссасини қўшиб келаяпти.

- Асосан “бройлер” зотли товуқларни парваришлаймиз, - дейди хўжалик раҳбари Исломбек Имомов. – Бир мартада 2 минг бошгача товуқ боқиш имконимиз мавжуд. Жўжаларни фабрикамизга бир кунлигида олиб келтирамиз. Уларни серқувват, гранулаланган махсус ем билан озиқлантирамиз. Аҳамиятлиси, илгари бир товуқнинг 1-1,5 килограмм вазн тўплаши учун 40-50 кун керак бўлган бўлса, эндиликда бунга 30-35 кун ҳам кифоя қилаяпти. Бу эса ишлаб чиқариш самарадорлиги юқори бўлишига хизмат қилаяпти. Ҳозирги пайтда ҳар ойда бозорга 3 тоннага яқин парҳез гўшт етказиб берамиз. Бугунги кунда хўжалигимизда 4 нафар ишчи меҳнат қилмоқда. Талаб ўсаётгани сабаб келгусида боқилаётган жўжалар сонини кўпайтиришни мақсад қилганмиз.

Айтиш жоизки, сўнгги вақтда вилоятимиз паррандачиликнинг нафақат товуқчилик, балки куркачилик, ўрдакчилик сингари йўналишлари ҳам кенг йўлга қўйилмоқда, бу тармоқлар ҳам аҳоли орасида оммалашмоқда. Айниқса, беданачилик соҳаси равнақи сезиларли даражада тезлашганини кўриш мумкин. Бунда ишбилармонларнинг ушбу тармоқ билан шуғулланишга кўпроқ эътибор қаратаётгани муҳим омил бўлмоқда. Бундан ташқари, мазкур ҳолатни ички бозорда бедана тухуми ва гўштига талаб юқори экани билан изоҳлаш мумкин.

Қамашилик ишбилармон Элбек Бекмуродов ҳам бу жиҳатни кўздан қочирмай, бироз аввал ўз хонадонида бедана боқишни йўлга қўйди. Туманда рақобатчиларнинг камлиги унга бу борада устунлик тақдим этаяпти.

- Бу ишни бошлаганимга икки ойча бўлди, беданачиликнинг сир-асрорини обдан ўргандим, - дейди у. – Ўз маблағимизни сарфлаб, бедана боқишга киришдик. Беданаларни сақлаш учун махсус катак ясаттирдик. Уларнинг сони 300 тани ташкил этади. Урғочиларини тухум олишга деб қолдирамиз. Нар беданаларни семиртириб, гўштга топширамиз. Ҳозирда ҳар куни ўртача 200-250 дона тухум териб олаяпмиз. Қишлоғимиз аҳолисидан ортмаяпти. Тухумининг фойдали хусусиятлари бисёрлиги боис унга харидорлар талайгина. Ишни тўғри ташкил этсак, парваришини вақтида қилсак, шу кифоя экан. Қолаверса, бедана касалликларга чидамли бўларкан. Бу бизга жуда маъқул келди.

Ишбилармоннинг сўзларига кўра, бугун фойда чўғи ҳам анча яхши бўлаяпти. Асосийси, қилинган харажат ва меҳнат ўзини ортиғи билан оқлаяпти. Шунинг учун ёш тадбиркор беданалар сонини 1000 тага етказмоқчи. Натижада бир оила аъзолари учун мўмай даромад келтирувчи машғулот яратилади. Бу эса рўзғорнинг бутлигига ҳамда бозор тўкинлигига хизмат қилади.

М.ЖЎРАЕВ

Собир НАРЗИЕВ олган сурат.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!