Меню

Қашқадарё

30.03.2022 1156

Пандемия: вирус юқтириб олиш ҳолатлари камайди, ўлимлар сони эса ўсган

Ўтган ҳафтада covid-19 билан зарарланиш ҳолатларининг умумий миқдори камайди, аммо ундан вафот этганлар сони ошган, дея маълум қилди Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти.

“2022 йилнинг 21-27 март кунлари ундан олдинги ҳафтада қайд этилган кўрсаткич билан солиштирганда вирус юқтириб олиш билан боғлиқ янги ҳолатлар 14 фоизга пасайди. Бошқа томондан, худди шу даврда covid-19 сабаб юз берган ўлимлар сони 43 фоизга кўпайган”, дейилади ташкилот сайтида эълон қилинган ҳафталик шарҳда.

Қайд этилишича, эҳтимол бу Чили ва АҚШда covid-19 вируси қўзғаган касалликдан вафот этганларни аниқлашдаги ўзгаришлар, шунингдек Ҳиндистон ва Жануби-Шарқий Осиёда бу борадаги маълумотларнинг қайта таҳрир қилиниши билан боғлиқ.

Шарҳда кўрсатиб ўтилганидек, ўтган ҳафтада дунё бўйича тожли вирус юқтириб олишнинг янги ҳолатлари 10 миллиондан, ундан вафот этиш ҳолатлари 45 мингдан ошган.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!