Меню
Қашқадарё
Пандемия миллионлаб одамларни қашшоқликка йўлиқтирди
Covid-19 пандемияси 100 миллиондан ортиқ одамни қашшоқликка йўлиқтирди, тўрт миллиард нафардан ортиқ дунё аҳолиси амалда ижтимоий қўллаб-қувватланмайди, улар шошилинч тиббий ҳимоя ва зарурий даромадга эга эмас, дея баёнот берди БМТ Бош котиби Антониу Гутерреш Халқаро валюта жамғармасининг давлатлар иқтисодиётини тиклаш масалаларига бағишланган тадбирида.
Унинг сўзларига кўра, вакциналарни тақсимлашдаги нотенглик дунёни яна миллионлаб янги ўлимларга дучор қилади ва оқибати триллионлаб долларга тушиши ҳамда бошқалардан кўра кўпроқ камбағал давлатларга зарба бериши мумкин бўлган иқтисодий инқироз давомийлигини узайтиради.
"Бизга пандемияни тугатиш ва жаҳон иқтисодиёти ҳар томонлама барқарор тикланишини таъминлаш учун дадил жамоавий туртки керак", деган Бош котиб.
Унинг қайд этишича, прогнозлар дунё ҳамжамияти жаҳон иқтисодиёти тикланишининг муҳим оралиғида турганини кўрсатаяпти - "ялпи ички маҳсулот (ЯИМ)нинг ўсиши 5 фоиздан қарийб 6 фоизгача етади".
"Аммо рақамлар ортида катта тафовут яширин. Кўплаб ривожланаётган мамлакатлар ва ҳудудлар жуда ортда қолаяпти. Ривожланган давлатлар ўзидаги ЯИМнинг қарийб 28 фоизини иқтисодиётини тиклаш учун йўналтиради. Кам ривожланган мамлакатларда эса бу кўрсаткич 1,8 фоизни ташкил қилади", дейди Антониу Гутерреш.
У молиявий донорларни инвестициялар ҳажмини ошириш ва уларни инқироз оқибатларини енгиб ўтишга қаратилган ҳам қисқа муддатли чоралар, ҳам узоқ муддатли тикланишга йўналтиришга чақирган.
"Аммо кўплаб мамлакатларга қарзни тўлаш харажатлари оғирлик қилади. Шундай бўлса-да, мен фойдаланилмаган махсус қарз олиш ҳуқуқларини қайта тақсимлаш йўли билан биринчи навбатда жуда эҳтиёжманд мамлакатлар учун инвестиция оқимини оширишга оид чақириғимни қайта такрорлайман. G20 давлатларининг қарзларни қайтаришни тўхтатиб туриш ташаббусини кейинги йилгача узайтириш ва ўрта даромадли мамлакатларга ҳам татбиқ этиш керак", дея қайд этган халқаро ташкилот раҳбари.
Шунингдек, Бош котиб ҳукуматларни, айниқса инқироз ва беқарорлик таъсиридаги мамлакатларни ижтимоий-иқтисодий сиёсат юритишда қўллаб-қувватлашга чақирган.