Меню
Қашқадарё
ПАЛАТА ТАДБИРКОРНИ ҚАНДАЙ ҚЎЛЛАЯПТИ?
Аслида бу билан тадбиркор бошқаларга ҳам фойда келтиради. Унинг саъй-ҳаракати билан иш ўринлари яратилади, бюджетга тушум тушади. Ички бозорга маҳсулот таклиф этилади. Натижада мамлакат иқтисодий тараққиёти таъминланади.
Шу боис юртимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга эътибор юқори. Уларнинг қонуний манфаатларини муҳофаза қилиш, ўйлантираётган муаммоларини ҳал этиш, кези келганда, зарур ёрдам кўрсатиш муҳим аҳамият касб этмоқда. Президентимизнинг 2017 йил 19 июндаги тегишли фармони ҳам бу борадаги ишларни такомиллаштириш, тадбиркорга тақдим этиладиган енгиллик ва қулайликларни кўпайтиришни кўзда тутади. Ушбу ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тадбиркорларнинг ҳақиқий кўмакчиси, мададкори бўлиши кераклиги белгиланди. Шундан келиб чиқиб, мазкур тузилмага бир қатор вазифалар юклатилди.
Маҳаллий корхоналарнинг ўз маҳсулоти билан ташқи бозорларга чиқишини таъминлаш, хорижий инвестицияларни иқтисодиётимизга фаол жалб қилиш, замонавий технологияларни олиб келиш, ҳамкорлар топишда ёрдам қўлини чўзиш кабилар шулар сирасига киради. Айрим масалалар борки, ишбилармонлар уларга мустақил ечим топишга қийналади, ҳуқуқий кўмак, маслаҳатга эҳтиёж сезади. Савдо-саноат палатаси эса шу ўринда ташаббускор тадбиркорларни қўллаб-қувватлаши лозим.
Маълумки, фан-техника равнақ топгани сари ишлаб чиқариш усуллари ҳам такомиллашмоқда, жараёнга замонавий технологиялар кириб келмоқда. Бу эса рақобатни кучайтираяпти. Давр талабига мос иш юритишни ўз олдига мақсад қилган бизнес вакиллари эса фаолиятига янгиликларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Ўтган йили вилоятимиздаги 100 га яқин тадбиркорлик субъекти эгалари шундай ҳаракатни амалга оширгани аҳамиятга молик. Натижада уларда ишлаб чиқариш маҳсулдорлиги ошди, хизмат кўрсатиш сифати яхшиланди. Савдо-саноат палатаси, хориждаги савдо уйлари кўмаги билан маҳаллий ишбилармонлар чет элдан 3 миллион 166 минг АҚШ долларидан зиёд қийматдаги энг сўнгги асбоб-ускуналар ва технологияларни харид қилишди.
Биргина мисол. Шаҳрисабз туманидаги “Шаҳрисабз озиқ-овқат моллари” масъулияти чекланган жамияти савдо хизмати, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти билан шуғулланади. Даромад салмоғининг кўпайиши ушбу тадбиркорлик субъектига янги тармоқларни йўлга қўйиш имконини берди. Бултур корхона хориждан 60 минг АҚШ долларига автоматик товуқ боқиш линиясини келтирди. Бунинг самарасида ҳудудда яна бир янги ишлаб чиқариш йўналиши юзага келди. Бир қанча ёшларнинг бандлиги таъминланиб, ички бозорга паррандачилик маҳсулотлари етказиб бериш имкони пайдо бўлди.
Қарши шаҳрида муваффақиятли бизнес юритаётган “Аҳмадбек” хусусий корхонаси мутасаддилари ҳам ишлаб чиқаришни диверсификациялаш иқтисодий барқарорлик кафолати эканини яхши тушунади. Тадбиркорлик субъекти бугун талаб юқори, даромад олиш мумкин бўлган соҳаларга сармоя йўналтиришдан асло чўчимайди. Корхонада ўтган йили мева-сабзавотни сақлаш ташкил этилгани бунинг исботидир. Бунинг учун ишбилармон замонавий ускуналарга мурожаат қилди. Хориждан олиб келинган совутиш камераси 350 минг АҚШ долларига баҳоланган бўлиб, мавсумда катта миқдордаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотини узоқ муддат асл ҳолича сақлашга шароит ҳозирламоқда.
- Субъектимиз асосан хизмат кўрсатиш фаолиятига ихтисослашган, - дейди Чироқчи туманидаги “Уста хушвақт карвон” хусусий корхонаси раҳбари Аброр Абдуллаев. – Туманимиз ҳудудида замонавий кўнгилочар маскан ишга туширилгани янги бизнес режамизни рўёбга чиқариш имконини берди. Банкдан кредит олиб замонавий аттракцион харид қилдик. Қиймати 50 минг АҚШ доллари бўлган ўйин машиналари каттаю кичикка қувонч улашаяпти.
Албатта, замонавий қувватлар иқтисодиётни янада кўтаришга хизмат қилади. Бундай технологияларни юртимизга олиб кириш эса валюта талаб этади. Ушбу эҳтиёжни экспорт кўламини ошириш ҳисобига қоплаш мумкин. Аҳамиятлиси, вилоятимизда дунё талабига жавоб берувчи маҳсулот ишлаб чиқараётган тадбиркор кўп. Аммо улар қандай қилиб хориж бозоридан ўрин эгаллашни ҳар доим ҳам билишмайди. Харидор топишнинг ўзи мушкул бир жараён. Бу борада муаммога дуч келган ёки имкониятидан самарали фойдалана олмаётган ишбилармонларга ўз вақтида ёрдам кўрсатилмоқда. Бултур кўплаб тадбиркорлар хорижий ҳамкор топиш, экспорт шартномаси тузиш, ҳужжатларни расмийлаштириш, маҳсулотни сертификатлаштириш каби масалаларда зарур кўмакни олди. Бунинг самарасини эса улар томонидан чет элга қиймати 781 минг 500 долларлик маҳсулот ва хизматлар экспорт қилинганида ҳам кўриш мумкин.
Айтиш жоизки, бозорни, чет эллик харидорнинг талабини ўрганиш учун халқаро кўргазмалар тадбиркорга жуда қўл келади. Ҳар йили бир қанча мамлакатларда мунтазам ўтказилаётган бу каби тадбирлар эса ўз маҳсулотини хориж истеъмолчисига таклиф этиш учун қулай фурсат. Вилоятимиз ишбилармонлари эса ушбу имкониятдан унумли фойдаланишлари учун шароит яратилди. Ўтган йили воҳамизнинг кўплаб кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари вакиллари Қозоғистон, Татаристон ва Хитой сингари мамлакатларда ташкил этилган кўргазмаларда қатнашди. Мазкур кўргазмалар улар учун анча манфаатли бўлди.
Албатта, тадбиркорнинг муваффақияти, даромади ортиши ҳудуд иқтисодиётида беиз кетмайди. Узоқни кўра билган ишбилармон ўз сармоясини фаолиятини янада кенгайтиришга, янги корхона барпо этишга, муҳим йўналишларни ишга туширишга сарфлайди. Бундан эса барча манфаат кўради.
Г.РАҲИМОВА,
Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси бўлим мутахассиси
М.ЖЎРАЕВ, журналист