Меню
Қашқадарё
ПАХТАКОРДА МАВСУМГА ТАЙЁРГАРЛИК НЕГА ПУХТА ЭМАС?
Бир неча кундан бери тонглар анча салқин бўлаяпти. Аслида бу қишки мавсумга пухта тайёргарлик кўриш ҳақидаги бир огоҳлантириш, десак тўғри бўлади. Эси бор одам вақтида этагини йиғиштириб олади, дейишганидек, қишда қийналиб қолмаслик, жабр чекмаслик учун ҳозирданоқ тайёргарликни кўравериш керак.
Тасаввур қилинг, истиқомат қилаётган уйингизнинг томига шифер ёпилмаган, ўтган йили ҳам йўқ эди, ё бўлмаса, эски ёпқичлар ёрилиб, синиб, чакка ўтган. Шунинг учун ёғин-сочиннинг нуқси уйингиз деворларига, шифтга урган, зах босиб ётибди, "евроремонт" қиласизми, қўлболами, сувоқ кўчиб тушаверса, буёғи совуқ мавсум эшик қоқиб турсаю айтарли ўзгариш қилмасангиз, қилолмасангиз.
Ваҳоланки Нишон туманидаги Пахтакор маҳалласи Нодирабегим кўчасидаги 2 қаватли уйларда яшовчи аҳоли анча йилдан бери шундай шароитда яшаб келаяпти.
- 6 йил олдин кўчиб киргандик, - дейди Дилафрўз Нафасова. - Икки марта "ремонт" қилдик, тепадан сув томавергандан кейин таъмирламай ҳам қўйдик. Шиферлар анча эскириб қолган, имкони борлар ўзи яшайдиган қисмидаги шиферни янгилаб, таъмирлаб олди, бизнинг кучимиз етмай турибди. Ўтган йили келишиб, фақат "дом"нинг ташқарисини, ички қисмини сариққа бўяб кетишди, шундан бошқа айтарли ўзгариш бўлгани йўқ.
Фуқаронинг айтганича бор. Бинони сариққа бўяган билан томдан чакка томиб турса, ҳеч қандай фойдаси тегмайди-да.
Бу ердагиларнинг муаммоси шу билангина чекланиб қолмайди. Газ йўқ, "свет"-ку ўчмайдию, бироқ симлар чиқиб, хавфсизлик қоидаларига зид алфозда турибди. Мавсумда намиқадиган деворлар учун бу анча хавфли вазият.
Сал наридаги чиқиндихонани эса одамларнинг ўзи тартибга солмаса, бошқа илож йўқ. Яъни чиқинди кўтариб, шу ергача келишибдию яна икки-уч қадам юришга ҳафсала топишолмабди. Шу боис "мусор" йўлгача "оқиб" ётибди.
Буни-ку қисқа фурсатда тўғирлаш мумкин, аммо туман мутасаддилари Пахтакордаги ушбу уйларга эътибор қаратишлари керак. Ҳар ҳолда анчадан бери назарлари шу жойга тушмабди...
НАСРИДДИН
БОБУРБЕК олган суратлар.