Меню

Қашқадарё

20.11.2018 1928

ПАХТА ЯККАҲОКИМЛИГИ БЎЙИЧА ҲУЖЖАТЛИ ҚИССА ВА АТОҚЛИ ИЖОДКОР ҲАҚИДА ЭССЕ

"Янги аср авлоди" нашриётида чоп этилган "Жасур қизнинг қисмати" ҳужжатли қиссасида пахта яккаҳокимлиги давридаги  халқнинг машаққатли меҳнати, оғир турмуши, ўй-ташвишлари ҳикоя қилинади. Асар қаҳрамони   Марҳамат Ғуломованинг донгдор механизатор,  депутат, эл назарига тушган раҳбар даражасига етгунга қадар босиб ўтган ҳаёт йўли, армону изтироблари, қувончу ташвишлари таъсирчан воқеалар мисолида ёритиб берилади.

"Ойбек Шаҳрисабзда" эссеси эса ўзбек адабиётининг атоқли намояндаси Мусо Тошмуҳаммад ўғли Ойбек ҳаётининг гўзал ва қадимий Шаҳрисабзда кечган ёрқин саҳифаларидан ҳикоя қилади.

"Мен у кишини дарё бўйларига, қир-адирларга, Мираки қишлоғига олиб борардим. Ёзувчи-олим биров билан кўришганда, ҳеч қачон мен фалончи бўламан, демасди. Одамлар билан ҳол-аҳвол сўрашар, дилдан суҳбатлашиб, кўнгилларини кўтарарди. Ҳар бир нарсага қизиқиб қарар, ҳатто дарахтларга, гулларга, янтоқдай ёввойи ўт-ўлангача бефарқ бўлиб қараганларини билмайман. Баъзан бир жойда туриб қолар, олис-олисларга термулиб хаёл сурар, катта тош устига ўтириб олиб, дафтарига нималарнидир ёзиб қўярди", каби хотиралар келтирилади китобда.

Аслида Ойбек ижоди бўйича кўп илмий тадқиқотлар қилинган, бадиий-публицистик асарлар яратилган, ушбу эссе атоқли ижодкор сийратига ўзига хос чизги экани билан ўқувчиларни бефарқ қолдирмайди.

Муаллифга тўхталадиган бўлсак, Жаббор Халил 1937 йил Шаҳрисабзда туғилган, "Довул" (2006), "Тақдир бекатлари" (2011), "Кеш ва Соҳибқирон" номли романлари, "Оқар дарёлар", "Сирли сўқмоқлар", "Қисмат", "Мангулик даъвати", "Интилиш", "Дардли чўққилар", "Туя олган полвон", "Шаҳрисабз қасидаси", "Дўрмон шаббодалари" каби 30 га яқин китоби чоп этилган. У Ёзувчилар уюшмаси Шаҳрисабз туманлараро бўлими раиси, Турон фанлар академияси академигидир.

Н.ХЎЖАЕВ

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!