Меню
Қашқадарё
Пахта теримида энг кўп мажбурий меҳнатга Қашқадарёда йўл қўйилган
Бу ҳақда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида бўлиб ўтган матбуот анжуманда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири ўринбосари Баҳодир Умрзоқов маълум қилган.
Унинг сўзларига кўра, ўтган йилги мавсумда пахта теримига мажбуран жалб этиш ҳолатлари энг кўп Қашқадарё вилоятида кузатилган.
Хусусан, республика бўйича Қашқадарёда – 21 фоиз, Жиззахда – 20 фоиз ва Тошкент вилоятида 18 фоиз мажбурий меҳнат ҳолати аниқланган. Бундан ташқари, 3 мингдан ортиқ турли ташкилот ходимлари ва 9 нафар вояга етмаган шахсларнинг пахта теримига жалб қилинган.
Вазир ўринбосари 2020 йил пахта терими мавсумида ҳам шундай салбий ҳолатларнинг олдини олиш учун Давлат меҳнат инспекциясидан 600 нафар ходим ажратилганини маълум қилган. Қолаверса, ижтимоий тармоқларда @mehnathuquqbot ва @terimuzbot Telegram каналлари ва 1092 қисқа рақамли Call-марказ фаоллаштирилган. Мажбурий меҳнатга жалб қилиш ҳолати кузатилганда, юқоридаги рақамлар орқали исм-шарифни кўрсатмасдан фақат телефон рақамини киритиб, манзил ва воқеа ҳолатини акс эттирган ҳолда мурожаат йўллаш мумкин.
Айтиш ўринли, мажбурий меҳнатга жалб қилганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 бараваридан 200 бараваригача ёки жиноий жавобгарликка тортиш жазо чораси қўлланилади.