Меню

Қашқадарё

25.09.2020 1374

ПАХТА ЙИҒИМ-ТЕРИМИДА МАЖБУРИЙ МЕҲНАТГА ЙЎЛ ҚЎЙИЛМАЯПТИМИ?

Шу кунларда республикамизнинг бошқа ҳудудларида бўлгани каби вилоятимизда ҳам 2020 йил ҳосили учун пахта йиғим-терими ишларига киришилган. Бу йил Қашқадарё деҳқонлари 135 минг 900 гектар ерга чигит қадаб, 400 минг тоннадан зиёд пахта хирмонини яратишга бел боғлашган.

Хўш, мазкур улкан хирмонни ҳозирлаш ишида кимлар қатнашади? Фуқароларни, ишчи-ходимларни уларнинг ихтиёрига қарши пахтага чиқариш ҳолатлари юз бермайдими? Болалар меҳнатидан фойдаланилмайдими?

Қайд этиш лозим, айни пайтда вилоятда пахта йиғим-терими давомида мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик ҳамда теримчилар учун муносиб меҳнат ва дам олиш шароитлари яратиш юзасидан мутасадди ташкилотлар устидан қатъий назоратни таъминлаш бўйича ишчи гуруҳ ўз фаолиятини бошлаган. Сенатнинг суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси ўринбосари Шуҳрат Чўллиев раҳбарлигидаги мазкур ишчи гуруҳ таркибида сенатор, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қўмита аъзолари, Президент ҳузуридаги Давлат хизматларини ривожлантириш агентлиги вилоят филиали, Республика аҳоли бандлиги ва меҳнатни муҳофаза қилиш илмий маркази, Энергетика ходимлари касаба уюшмаси республика кенгаши вакиллари ҳамда блогер бор.

Ишчи гуруҳ шу кунгача Қарши, Ғузор ва Нишон туманларида ўрганиш ўтказган.

- Ҳозирча мажбурий меҳнатга жалб қилиш ёки болалар меҳнатидан фойдаланиш ҳолатлари кузатилмади, бироқ гигиена талабларига риоя этилмаган, ичимлик суви талабга жавоб бермайдиган вазиятларга дуч келинди, - деди ишчи гуруҳ раҳбари Шуҳрат Чўллиев Қарши шаҳридаги Журналистлар уйида ОАВ вакиллари учун ташкил қилинган брифингда. - Камчиликларни бартараф этиш бўйича тегишли тавсия ва топшириқлар бериб борилмоқда. Мониторинг мавсум якунига қадар давом этади.

Н.ХЎЖАЕВ

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!